АҚШ Давлат департаменти вакиллари “Юксалиш” ҳаракати фаолияти билан танишди
"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизматиAugust 02, 2019
Жорий йилнинг 1 август куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида АҚШ Давлат департаментининг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиёга кўмаклашиш бўйича координатори Джеймс Куликовски бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни ҳаракат раиси Акмал Бурханов кутиб олди.
Маълумот учун: Джеймс Куликовски АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан Давлат департаментининг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиёга кўмаклашиш бўйича координатори лавозимига 2019 йилнинг 8 февраль куни тайинланган. У ушбу лавозимда ҳамкор давлатларга ёрдамлашиш бўйича стратегиялар ишлаб чиқиш, ҳукумат билан биргаликда АҚШ томонидан илгари сурилаётган дастур ва сиёсатни мувофиқлаштириш, давлат органлари ўртасидаги сиёсий ва дастурий баҳс-мунозараларга ечим топиш каби масалаларни мувофиқлаштиради.
Учрашув давомида АҚШ вакилларига “Юксалиш” умуммилллий ҳаракати мақсад ва вазифалари, фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги ижобий ўзгариш ва ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAID ҳамкорликда янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда қатор экспертлик муҳокамалари ўтказилгани ҳақида айтиб ўтилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ бугунги кунда Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ННТлар фаолиятида кузатилаётган қатор муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Мулоқот якунида меҳмонлар ННТлар учун ташкил этилган коворкинг маркази фаолияти билан танишдилар. Хусусан, “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури ғолибига айланган қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан суҳбатлашдилар.
"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати