«Юксалиш» ва БИСИ ҳамкорлик меморандуми тузиш имкониятини ўрганмоқда
2023-йил 3-октябр куни “Юксалиш” ҳаракати офисида Белоруссия Стратегик Тадқиқотлар Институти (БСТИ) экспертлар гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ташкилотларнинг асосий фаолият йўналишлари билан танишиш ва ҳамкорликнинг истиқболли соҳаларини аниқлаш муҳокама қилинди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Бобур Бекмуродов БСТИ вакилларига Ҳаракатнинг вазифалари, миссияси ва фаолияти ҳақида маълумот берди. Хусусан, “Юксалиш” Ўзбекистон давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси устида олиб борилаётган ишлар, давлат органлари ҳузуридаги жамоат кенгашлари билан алоқалар ҳамда уларни ривожлантиришга кўмаклашиш йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
БСТИ экспертларининг қизиқиши фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш механизмлари, ислоҳотлар мониторингида жамоатчилик иштирокини ошириш, янги ташкил этилган ННТларга кўрсатилаётган ёрдам каби масалаларга қаратилди. Жумладан, Ҳаракатга аъзо бўлган фуқароларни Ўзбекистон парламентининг тингловларида кузатувчи сифатида иштирок этиш амалиёти ва “Жамоатчилик.уз” онлайн-платформаси фаолияти тақдим этилди.
БСТИ директор ўринбосари Татьяна Шендик “Юксалиш” ҳаракатининг халқаро ташкилотлар ва эксперт марказлари билан ҳамкорлигини қанчалик фаол ривожлантираётгани ҳақида сўради. Меҳмонларга яқинда “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати глобал “CIVICUS” альянсига аъзо бўлгани маълум қилинди. Ушбу альянс дунё давлатларида демократик ва фуқаролик жамияти ривожланишини мониторинг қилади. Эътиборли томони, “Юксалиш” Ўзбекистондан ушбу альянсга аъзо бўлган биринчи жамоат ташкилоти ҳисобланади.
Белоруссия Стратегик Тадқиқотлар Институти вакиллари Умуммиллий ҳаракат билан устувор йўналишларда, хусусан, кўнгиллилар фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда тажриба алмашиш масалаларида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун: Белоруссия Стратегик Тадқиқотлар Институти — мустақил таҳлилий марказ бўлиб, фаолиятида илмий объективлик, очиқлик ва масъулият тамойилларига таянади. Институт Беларус ривожланиш стратегияларини долзарб тадқиқотлар ва сифатли экспертиза асосида таклиф этади, эксперт жамоалари, фуқаролик жамияти ва сиёсий иштирокчилар ўртасида мулоқотни қўллаб-қувватлайди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати.