@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Elsevier” компанияси билан Ўзбекистонда илм-фан нуфузини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади

 2019-10-10 18:32:00   |     Просмотров: 4271

Жорий йилнинг 10 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Elsevier” етакчи глобал ахборот-таҳлил компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра томонлар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позицияларини яхшилашга кўмаклашиш ҳамда мамлакатимиз илм-фан нуфузини янада ошириш бўйича ҳамкорлик қиладилар.

Таъкидланганидек, дунё давлатларининг ривожланиш даражаси таҳлилида мамлакатнинг тараққиёт этишидаги муҳим индикаторларидан бири илмий кўрсаткичлар ҳисобланади. Мавжуд глобал индекслар (GII, GCI) университетлар ва етакчи илмий-тадқиқот марказлари рейтинглари билан бир қаторда Scopus (Elsevier) таҳлил платформасида ҳам тақдим этилган мамлакатдаги фаннинг ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотлардан фойдаланади.

Имзоланган меморандум доирасида Ўзбекистонда илм-фан нуфузини оммалаштириш бўйича етакчи фан намояндалари, ёш олимлар, илмий лойиҳалар ғолиблари — мактаб ўқувчилари, халқаро илмий ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбатлар, ёшлар учун илмий форумлар, 9–11-синфлар, коллежлар ва университет талабалари учун олийгоҳлар ва илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларига “роуд-шоу”лар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида форсайт турдаги тадқиқотларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш, илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини доимий мониторинг қилиб бориш, шунингдек тегишли тузилмалар, вазирлик ва идоралар учун илм-фан ривожи бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, унинг устувор йўналишларини аниқлаш билан шуғулланувчи мустақил таҳлилий тадқиқотлар марказини ташкил этиш назарда тутилган.

Ҳамкорлик йўналишлари орасида — университетларнинг халқаро рейтингларга киритиш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур, Малайзия ва Россия каби давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Мустақил академик жамғарма ташкил этиш ҳам ўрин олган. “Braindrain report” таҳлилини ўтказиш, Ўзбекистонни тарк этган олимларни аниқлаш, чет элдан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш, халқаро илмий ҳамкорлик кўрсаткичларининг доимий мониторинги ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун: “Elsevier” – ахборот-таҳлилий ташкилот бўлиб, илмий ташкилотларга ва олимларга илм-фанда муҳим кашфиётлар қилишга, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш кўмаклашиб, инсоният фаровонлигига каратилган ишларининг самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Компания тиббиёт соҳасида тадқиқотларни бошқариш, илмий ишлар самарадорлигини ошириш, қарорлар қабул қилиш ва таълим бериш учун мўлжалланган Science Direct, Scopus, SciVal, ClinicalKey, Sherpath каби онлайн ечимлар ва воситаларни тақдим этади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати