@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тадбиркор ва ишбилармон аёллардан иборат Тожикистон делегацияси Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди

 2019-10-16 18:04:00   |     Просмотров: 4411

Шу кунларда тадбиркор ва ишбилармон аёллардан иборат Тожикистон Республикаси делегацияси Самарқанд шаҳрида стажировка ўтамоқда

Стажировканинг асосий мақсади Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича қўлланилаётган ижобий тажрибаларни ўрганиш ҳамда маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан танишиш ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистонда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ва Маҳалла институти фаолияти билан  яқиндан танишмоқдалар.

Делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштирилган бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, у ерда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар билан ўзаро тажриба алмашдилар ҳамда аёллар бандлигини таъминлаётган кичик корхона ва цехлар фаолиятини ўргандилар.

Таъкидланишича, Тожикистонда ҳам маҳалла каби институт мавжуд бўлиб, “жамоат” деб юритилади. Ташриф давомида меҳмонлар “Чашма”, “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўзига хос жиҳатлари, уларнинг фаолияти ва функциялари билан танишдилар. Ўз уйида устоз-шогирд анъаналари асосида миллий ҳунармандчиликнинг “попурчилик” йўналишида фаолият юритиб келаётган Норбиби Ҳамраеванинг хонадонида бўлдилар.

Ташриф давомида, шунингдек, Самарқанд вилояти Хотин-қизлар қўмитаси тасарруфидаги Аёллар ижтимоий мослашув маркази, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази,  “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамда “Раҳмдиллик” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари билан учрашдилар ва тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.

Мазкур стажировка “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида Тожикистон Республикасининг “Фидокор” жамоатчилик фонди билан ҳамкорликда амалга оширилди. 


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати