@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида “Ҳаракатлар стратегияси ва миллий тил ривожи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

 2019-10-18 18:04:00   |     Просмотров: 2912

2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4479-сон Қарори қабул қилинди.

Қарор билан ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ҳалқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Шу муносабат билан, 2019 йилнинг 18 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Олий Мажлис Сенати аъзолари,  мутасадди вазирлик ва идоралар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Ҳаракатлар стратегияси  ва миллий тил ривожи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мамлакатимизда ёш авлодга она тили ва ёзувини ўқитишга мўлжалланган дарсликлар ҳар йили такомиллаштириб бораётгани, мактабларда ва олий таълим муассасаларида ўзбек тилидан сабоқ берувчи педагоглар учун кўплаб қўлланмалар чоп этилаётган бўлсада бугунги кунда нутқ саводхонлиги, давлат тилида мулоқот қилиш маданиятини оммалаштириш, фуқаролар, шу жумладан, ёшларнинг тил меъёрларига риоя қилиш кўникмаларини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Иштирокчилар томонидан, айниқса, давлат хизматчиларининг, айниқса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат тилини билиш даражаси ва саводхонлигини ошириш, ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи масъул давлат органини белгилаш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича бепул курслар ташкил этиш, шунингдек ўзбек тилини ўрганишни истовчилар учун амалий грамматика дарсликларини яратиш каби бир қатор таклифлар билдирилди.

Тадбир якунига кўра, соҳа мутахассислари томонидан билдирилган барча таклифлар умумлаштирилиб, кенг жамоатчилик ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилиши келишиб олинди.