@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш омиллари:

 2019-10-21 16:04:00   |     Просмотров: 3573

кадрлар салоҳияти, молиялаштириш, оммалаштириш ва халқаро ҳамкорлик

 

Яқинда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти тарихда биринчи марта Шарқий Европа ва Марказий Осиё университетларининг 2020 йилги рейтингига киритилди. Рейтинг Британиянинг Quacquarelli Symonds компанияси томонидан тузилган.

Институт QS рейтингининг 301—350 диапазонида академик нуфузи, иш берувчилар ўртасидаги мавқеи ва илмий салоҳияти сингари индикаторларда ижобий баҳо олди.

Солиштириш учун шуни қайд этиш керакки, мазкур рейтингда Қозоғистоннинг 24 та, Қирғизистоннинг иккита олий таълим муассасаси жой олган. Шунингдек, рўйхатда Украинанинг 20 та, Туркиянинг 51 та, Россиянинг 105 та олий таълим муассасалари бор.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Шарқий Европа ва Марказий Осиё университетларининг 2020 йилги рейтингидан жой олиши катта янгилик. Аммо бу, ўзнавбатида, мамлакатнинг ҳали-ҳануз тўлақонли фойдаланилмаётган илмий салоҳияти ҳақида сўз юритишга ҳам ундайди.

Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ҳамда соҳа ходимлари фаолиятини рағбатлантириш масалаларига юқори даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Президент лавозимига киришганидан сўнг илк учрашувларидан бири айнан Ўзбекистон илм-фанининг намояндалари билан бўлган эди (2016 йил 30 декабрь). Давлат раҳбари бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини, зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин эканини таъкидлаб ўтди. Илм-фанни ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Айнан мана шу ғоя республикамизда таълим тизими ва илм-фанни такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг негизини ташкил қилмоқда.

Умуман, олимлар, илмий гуруҳлар ва институтларнинг рейтинги кўрсаткичларига қўйилган умумқабул қилинган талаблар сирасида уларнинг унумдорлик даражаси, жумладан, нуфузли илмий журналларда (peer-reviewed journals) илмий натижалари ҳақида мақолалар, мақолаларидан истибос келтиришлар (Хирша (h-индекс) индекси ёрдамида аниқланади), кадрлар тайёрлаш (магистрантлар, фан номзодлари ва докторлари), халқаро анжуманларда, симпозиумларда маърузачи сифатида иштирок этиш, бундай тадбирларни ташкиллаштириш, халқаро эътирофга сазовор илмий мактаблар яратиш киради.

Ўзбекистонда 230 га яқин илмий-тадқиқот муассасалари бўлиб, уларда 11 мингдан ортиқ фан докторлари, илмий ва бошқа тоифадаги ходимлар фаолият юритади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги қарори билан 2017 — 2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни ўз ичига олувчи комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Илмий-тадқиқот муассасалари реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, уларни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш учун етарли даражада маблағлар ажратилди. Кенг кўламда ишлар олиб борилаяпти, шундай бўлса-да, ўз ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина.

Турин политехника университети профессори, Ўзбекистон физиклар жамияти раиси, физика-математика фанлари доктори Даврон Матрасуловнинг фикрича, илм-фан вакиллари ўртача ёшининг юқорилиги (60 ёшдан баланд), ҳимоя қилинаётган докторлик ишлари сифати пастлиги, нуфузли халқаро журналларда мақолалар қарийб чоп этилмаслиги, биргаликда тадқиқотлар олиб бориш ва тадбирларни ташкиллаштириш бўйича халқаро ҳамкорликнинг йўқлиги Ўзбекистондаги илмий доиралар, лабораториялар раҳбарлари, кафедралар ва институтларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади. Ўзбекистон фанлар академияси ва олий таълим муассасаларининг илмий бўлинмалари истеъдодли ёшлар ва ёш олимларни ўзига оҳанрабодек жалб қилиш ўрнига уларни “кўксидан итарадиган марказ”ларга айланди.

Масалан, 90-йилларнинг охирида Ўзбекистон Physical Review ва Physical Review Letters журналларидаги илмий мақолалари сони бўйича Эрон ҳамда Туркия билан тенг бўлган бўлса, бугунги кунда биз улардан анча орқада қолиб кетганмиз. Web of Science ёки ScienceDirect маълумотларидан фойдаланиб, шунга гувоҳ бўлиш мумкинки, мамлакатимиздаги аксарият фан докторлари ва номзодлари “ноль” даражасида h-индексига эга. Профессорнинг қайд этишича, аксарият фан докторлари охирги 15 йил давомида нуфузли халқаро журналларда биронта ҳам илмий мақола эълон қилмаган.

Дунё мамлакатларининг ривожланганлик даражасини таҳлил қилишда инобатга олинадиган муҳим тараққиёт индикаторларидан бири илмий кўрсаткичлар ҳисобланади. Мавжуд глобал индекслар (GII, GCI) университетлар ва етакчи таҳлилий марказлар рейтинглари билан бирга Scopus (Elsevier) таҳлилий платформаси томонидан тақдим этиладиган мамлакатда илм-фаннинг мақоми тўғрисидаги таҳлилий маълумотлардан фойдаланади.

Маълумот учун: “Elsevier» ахборот-таҳлил компанияси бўлиб, илмий муассасаларга, олимларга фанда кашфиётлар қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, унинг инсоният фаровонлиги йўлида фаолияти натижадорлигини оширишга ёрдам бериб келади. Компания тадқиқотларни бошқариш, илмий ишларнинг маҳсулдорлигини ошириш, тиббиёт соҳасида қарор қабул қилиш ва таълимни ривожлантиришга қаратилган Science Direct, Scopus, SciVal, ClinicalKey, Sherpath сингари онлайн-ечимлар ҳамда инструментларни тақдим этиб келади.  

Scopus маълумотларига кўра, охирги беш йилда (2013—2019 йиллар) Ўзбекистон олимлари 3 минг 247 та илмий мақола чоп этишган. Солиштириш учун Қозоғистонда шу муддат давомида 18 минг 14 та, Озарбайжонда 5 минг 737 та, Туркияда 249 минг 651 та илмий мақолалар эълон қилинган. Республика учун муҳим соҳалар табиий ва техника фанлари бўлиб қолмоқда. Асосий “ўтириб қолган” йўналишлар: соғлиқни сақлаш ва тиббиёт — 5,1 фоиз (дунё миқёсида 26,7 фоиз), фармакология — 0, ижтимоий йўналиш (молиявий ва юридик) — 31 фоиз, қишлоқ хўжалиги — 8,6 фоиз, спорт — 0 фоиз бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан илм-фан ва тадқиқотга эътиборни кучайтириш, ҳар бир йўналиш бўйича индикаторларни яхшилаш юзасидан мониторинг жорий қилиш тараққиётимизнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда ўрин олиши ва иштирок этиши учун Scopus таҳлилий платформаси мезонлари асосида баҳоланадиган илм-фан ва тадқиқотларга бевосита эътиборни кучайтириш талаб этилади. Бинобарин, давлатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигига эришиш келажак тараққиётимиз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг глобал университетлар рейтингига кириши, шунингдек, Scopus маълумотлар базасидаги мақолалар ҳамда иқтибослар сонига ҳам бевосита боғлиқдир.

Дунёнинг етакчи ахборот-таҳлил компанияси Ўзбекистоннинг халқаро майдонда имижини яхшилашга тўсиқ бўлаётган қатор муҳим омилларни кўрсатиб ўтган. Жумладан:

  1. Илмий тадқиқотлар бўйича таҳлил марказлари йўқлиги. Тадқиқотлар соҳасида устувор йўналишларни белгилаш ҳамда тизимни тубдан яхшилаш стратегиясини яратиш, илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини доимий равишда мониторинг қилиб бориш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи ва назорат тузилмалари ҳамда идоралари илмий кўрсаткичларни яхшилаш масалаларига етарли даражада эътибор қаратиши лозим.
  2. Илм-фан ва тадқиқотларга грантларни тақсимлаш. Соҳалар бўйича илмий-тадқиқот мониторинги натижалари асосида грантларни тақсимлаш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, соҳалар бўйича чоп этилган мақолалар натижалари асосида мустақил ва тенг тақсимлашни жорий қилиш лозим.
  3. Илмий-тадқиқотларни тижоратлаштириш зарурлиги. Фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ажратиш тўғрисида концептни яратиш, тижоратлаштирилмайдиган тадқиқотлар йўналишларини  белгилаш (масалан, “қора туйнук”, педагогика) ушбу йўналишдаги вазифалардан саналади. 
  4. Университетларнинг халқаро рейтингларга кириши бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур, Малайзия, Россия Федерацияси мисолида мустақил фондларни яратиш;
  5. Халқаро ҳамкорликка эътиборни кучайтириш, айнан «Brain drain report» ҳисоботининг таҳлилини ўтказиш, юқори малакали кадрларни жалб қилиш, халқаро ҳамкорик кўрсаткичларини доимий мониторинг қилиб бориш.
  6. Ўзбекистон фанлар академияси ва университетлар ҳамкорлиги сустлигича қолмоқда.
  7. Олий таълим муассасалари кутубхоналари самарадорлиги паст даражада. Халқаро кутубхоналар ҳамжамиятига интеграция қилинган ягона кутубхоналар тармоғини (Масалан, Syrsi Dynix (www.syrsydynix.com) Harvard University, Stanford University, NASA кутубхоналари томонидан фойдаланилади) яратиш бу борада муҳим ечим бўлиши мумкин. Тўғри бошқарув тизимининг йўқлиги оқибатида китоблар уйга берилмаяпти. Онлайн-тўлов тизимларини жорий қилиш ва ижтимоий тармоқларга интеграция қилиш, фойдаланувчилар учун китобларни буюртма қилиш имкониятига эга бўлган мобиль дастурлар кўринишида каталогларни яратиш, шунингдек, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон кутубхоналари ўқуви ва сертификатлаш зарур.
  8. Олий аттестация комиссияси журналлари. Олий аттестация комиссияси журналлари халқаро рейтинг журналлари талабларига жавоб бермайди. Обрўи ҳаминқадар бўлган журналларда пулли илмий мақолаларни чоп этиш тобора оммалашмоқда.
  9. Илм-фан обрўйини кўтариш. Илм-фанни ёшлар орасида оммалаштириш, кенг кўламли ўқувларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва «Elsevier» компанияси ўртасида шу йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларга кириши, мамлакат илм-фанининг дунёда имижини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Меморандум доирасида Ўзбекистонда илм-фан нуфузини ошириш мақсадида етакчи фан арбоблари, ёш олимлар, илмий лойиҳалар мусобақалари ғолиблари — мактаб ўқувчилари, халқаро илмий муассасалар, ёшлар илмий форумлари вакилларини жалб қилган ҳолда давра суҳбатлари, 9-11 синф ўқувчилари, коллеж ва олий таълим муассасалари талабалари учун институтлар ва илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларининг “роуд-шоу”ларини ўтказиш кўзда тутилган.

Форсайт тадқиқотларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, очиқ манбаларда эълон қилинган илмий-тадқиқот фаолият натижаларини доимий мониторинг қилиш, шунингдек, тегишли тузилмалар, вазирлик ва идоралар учун илм-фанни ривожлантириш, илм-фаннинг устувор йўналишларини белгилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида мустақил таҳлилий тадқиқот марказини тузиш режалаштирилмоқда.

Университетларнинг халқаро рейтингларга кириши бўйича дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур, Малайзия, Россиядаги сингари мустақил жамғармани яратиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. «Brain drain report» таҳлилини ўтказиш, Ўзбекистонни тарк этган олимларни аниқлаш, хориждан юқори малакали кадрларни жалб қилиш, халқаро илмий ҳамкорлик кўрсаткичларини мунтазам мониторинг қилиб бориш кўзда тутилган.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати