@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Нукус шаҳри “Бир миллион дарахт” акциясининг бошланғич нуқтасига айланди

 2019-10-26 19:19:00   |     Просмотров: 2584

Аввал хабар берганимиздек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда “Бир миллион дарахт” акциясига старт берди. Жорий йилнинг 24 октябрь куни Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида 100 дона арча кўчатлари ўтқазилди.


Тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда марказ ходимлари, волонтёрлар ҳамда лойиҳага ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.


“Бир миллион дарахт” акциясининг мақсади — ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилиш. Ушбу лойиҳа йилда икки маротаба: куз фаслида (октябрдан декабргача) ва баҳор фаслида (февралдан апрелгача) ўтказиш режалаштирилган.


Акциянинг муҳим хусусиятлари сифатида барча тадбирлар аҳолининг фуқаролик позициясини намойиш этиш учун шароит яратган ҳолда ихтиёрийлик ва кўнгиллилик асосида ўтказилиши белгиланади.


24 октябрь тонги. Ёш волонтёрлар, марказ ходимлари, давлат тузилмалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқлим ўзгаришлари ва дарахтлар кесилишига бефарқ бўлмаган нукусликлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида йиғилишди. Улар – 100 туп арча кўчатларини инновация маркази ҳудудига ўтқаздилар. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ташаббуси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланди.


Қорақалпоғистон Республикасининг бошланғич нуқтаси сифатида танлангани рамзий маънога эга. Дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турувчи орол бир авлод кўз ўнгида йўқ бўлди. Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини ёмонлаштирди. Орол денгизи минтақасидаги мисли кўрилмаган экологик вазият Марказий Осиёдан ошиб, глобал муаммога айланди. Бугун бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давом этмоқда — саҳро ҳудудини яшил ўрмонга айлантирилмоқда. Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси бу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.


Сананинг ўзи ҳам муҳимдир. 24 октябрь — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни. Бу жамоатчилик эътиборини яна бир бор экологик муаммоларга жалб қилиш, яшаш учун қулай шароитлар яратиш, аҳолини ташвишга солаётган масалалар бўйича маълумот бериш, глобал муаммоларни ҳал қилиш учун аҳоли, сиёсий ирода ва ресурсларни жалб қилишга сабабдир.


Акция ташкилотчилари ва иштирокчилари Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти билан танишиб, унинг қошида ташкил этилган лабораторияда бўлдилар. Бу ерда тадқиқотчилар Орол денгизининг қуриган тубидаги шўрланган ерларда экотизим ва барқарор ҳаётни яхшилаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш бўйича илмий ва амалий иш олиб боришмоқда. Раҳбарият билан учрашувдан сўнг Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ҳам ана шундай дарахт экиш акциясини ўтказишга келишиб олдилар. Марказ вакиллари акция учун мураккаб иқлим шароитларига чидамли кўчатларни етказиб беришга тайёр эканликларини билдиришди.


Маълумот учун: Жадвал бўйича кейинги ҳудудлар — Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари. У ерда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи “UzWaterAware” Марказий Осиё ҳудудий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали лойиҳаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар кўмагида сувни тежовчи воситалар ёрдамида кўчат экиш бўйича экомарафон (ўқитувчилар, ёшлар ва ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишчилари учун сувни тежайдиган технологиялар ёрдамида дарахтларни экиш бўйича мастер-класслар ўтказилади) ташкил этилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати