@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Номоз Жумаев - саҳро ғолиби!

 2019-11-20 10:23:00   |     Просмотров: 109

Номоз Жумаев - Сурхондарё вилоятида истиқомат қилаётган оддий пенсионер. У ўтган йилнинг август ойида Президент фармони билан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

2010 йилдан 2013 йилга қадар Сурхондарё вилояти Жарқўрғон шаҳрининг “Қора янтоқ” маҳалласида яшовчи Номоз Жумаев ўз оиласи билан бирга 15 минг туп саксовул кўчатларини экишга эришди. У ҳаёт йўқ қумликларни ўрмонга айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида у 50 гектар майдонни, яъни 35 та футбол майдонига тенг ҳудудни кўкаламзорлаштиришга муваффақ бўлди.

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Номоз Жумаев хонадонида бўлиб, фаол фуқаролик позицияси, жамоат манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатлари, атрофдаги воқеалар ва юрт фаровонлиги йўлида қайғургани учун “Орамиздаги қаҳрамонлар” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташаккурнома топширишди.

Яқинларининг айтишича, ушбу ишларнинг бошида кўплаб қийинчиликлар бўлган. Илк йиллари кўчатлар илдиз отмади. Қўшнилар унинг орқасидан ғийбат қилиб, қўлидан хеч нарса келмаслигини таъкидлашар эди. Аммо, Номоз ака таслим бўлмади, ўз ишини давом эттирди. Бугун эса, деярли ўн йилдан сўнг, саксовуллар сезиларли даражада ўсди, баъзилари ҳаттоки одам бўйидан ҳам ошди. Шу йилнинг декабрида у яна саксовул экишни режалаштирмоқда. Айни пайтда ниҳоллар тайёрламоқда.

Номоз Жумаев ўз мисолида мақсад сари интилиш, ривожланиш, жамият фаровонлиги учун ҳисса қўшиш, бунда ҳатто кичик қадамлар ёки саъй-ҳаракатлар ҳам бутун маҳалла, шаҳар, ҳудуд ёки мамлакат ҳаётини янада яхши томонга ўзгартира олиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Номоз ака одамларни, айниқса ёшларни кундалик ҳаётимизда жасоратлар қилишга илҳомлантирмоқда.

Маълумот учун: Кўпчилик Номоз Жумаевнинг қаҳрамонлиги ҳақида илк бор Газета.уз интернет-нашрининг “Кўринмас қаҳрамонлар” лойиҳаси орқали билишган. Шундан сўнг, уни саҳро ғолиби деб атай бошлашди. Ушбу материал жамиятда катта резонансга сабаб бўлган эди.