@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида “Бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни ўрнатиш режалаштирилган иқтисодий ислоҳотларга эришиш гарови сифатида” мавзусида бизнес форум бўлиб ўтди

 2019-11-26 14:26:00   |     Просмотров: 89

Бугун, 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни ўрнатиш режалаштирилган иқтисодий ислоҳотларга эришиш гарови сифатида” мавзусида бизнес форум бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, соҳа экспертлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш, шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилдилар.


Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.


Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.


Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ташкил этилди. 


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди. Божхона божлари ставкалари икки баравар камайтирилди, 3550 номдаги маҳсулотларга ноль ставкадаги импорт божи ва 1222 турдаги маҳсулотларга ноль ставкадаги акциз солиғи жорий қилинди. 


Бундан ташқари, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш Республика кенгаши тугатилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқларидан маҳрум қилиш жазо чорасини қўллаш тақиқланди. 


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги фармони билан Ўзбекистонда икки йил муддатга тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга мораторий эълон қилинди.
Фаолият кўрсатмаётган, бўш ва самарасиз фойдаланилаётган йирик объектлар ва ер майдонларида 143 та кичик саноат зоналари, шунингдек, 21 та саноат, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик зоналари ташкил этилди.


Солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Пезиденти томонидан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафотларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифа ва тадбирларни амалга ошириш мақсадида 14 та ҳудудда Хотин-қизлар қўмиталари қошида “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди. 18 мингдан зиёд хотин-қизлар қисқа ўқув курсларида ўқитилди. 2019 йилнинг 9 ойи ҳолатига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар сони 38 минг 267 нафар бўлиб, улар томонидан 58 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида тижорат банклари томонидан жами 79 минг 645 нафар хотин-қизларга 1 трлн 924 млдр 542 млн сўмлик кредитлар ажратилди.


Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2018 йилги ресурс ҳамда 2019 йилги ресурс маблағлари ҳисобидан 5 минг 44 нафар хотин-қизларга 119 млрд 560 млн сўм миқдорда кредитлар ажратилди.
Шунга қарамай, ҳанузгача ушбу йўналишда бир қатор салбий омиллар сақланиб қолмоқда. Бўлиб ўтган форум давомида ҳам аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга тўсқинлик қилаётган масалаларни ҳал этиш йўллари, давлат органларининг тадбиркорлар билан фаол мулоқотга киришишлари ва бунинг натижасида тизимдаги мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш муҳимлиги айтиб ўтилди.


Форум иши давомида бизнес ҳамжамияти ва мустақил экспертлар томонидан айтиб ўтилган  фикр ва таклифлар, жойларда тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган халқаро тажрибалар умумлаштирилиб, мутасадди ташкилотларга тақдим этилди.


Маълумот учун: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати доимий равишда турли долзарб масалаларга бағишланган мунозара учрашувлари — Экспертлик платформаларини ташкил этиб келмоқда. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳамда халқаро экспертлар асосий маърузачи сифатида иштирок этиб, у ёки бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, бунда халқаро тажрибаларнинг жорий этилши ҳақида ахборот берадилар. 


Экспертлик платформасининг асосий мақсади ҳудуддаги етакчи интелектуаллар ва фуқаролик жамияти вакилларининг саъй-ҳаракатларини илмий тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, ахборот берувчи лойиҳалар яратиш ва Марказий Осиё, Европа ва Американинг илмий марказлари ва экспертлари ўртасида доимий ҳамкорликни ўрнатиш ҳисобланади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати