@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида прописка тизимини бекор қилиш, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасидан воз кечиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органини ташкил этиш...

 2020-02-11 16:56:44   |     Просмотров: 875

2020 йил Давлат дастури лойиҳасида яна қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

Бугун, 2020 йилнинг 11 февраль куни “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш
йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Унга кўра умумий қиймати 17,5 трлн сўм ва 9,6 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасига мувофиқ 2020 йил Давлат дастури лойиҳаси тасдиқланиши назарда тутилган бўлиб, у 320 банддан иборат. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:

2020 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятига фуқаролар мурожаатлари асосида Интернет тармоғида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш учун электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизимини жорий этиш;

2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартибини жорий этиш;

2020 йил 1 августдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар, Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида кўриб чиқиш учун масалаларни киритиш ҳуқуқи тақдим этилишини таъминлаш каби ўзгаришлар жой олган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида ҳам қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш таклиф этилмоқда. Жумладан:

2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
ва Президентига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил органни тузиш;

2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён доимий истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда бериш тартибини жорий эиш;

2020 йил 1 октябрдан бошлаб талабгорларга адвокатлик мақомини Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан бериш механизмларини жорий қилган ҳолда адвокатлик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан лицензиялаш тартибини бекор қилиш;

2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатларини жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказиш.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида эса қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилмоқда:

2020 йилдан бошлаб давлат томонидан пахта ишлаб чиқариш режасини, унинг нархи ва мажбурий сотиш режасини белгилаш амалиётини бекор қилиш ҳамда давлатга мажбурий ғалла сотиш режасини 35 фоизга камайтириш;

2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни камида икки баробарга қисқартириш;

2020 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш бўйича уларнинг харажатлари бир қисмини қоплаш учун субсидиялар, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмларини жорий этиш;

2020 йилда камида 800 мингта кенг полосали интернет портларини яратиш ва 12 минг км оптик толали алоқа линияларини ётқизиш.

Ижтимоий ривожланиш соҳасида:

2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг
69 фоизга етказилишини таъминлаш
;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич икки баробарга ошириш;

2020 йилда олий педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддатини 3 йилгача қисқартириш;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштириш, шунингдек, ОТМларда асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини икки баробар қисқартириш;

2020 йилда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик якунига етказиш ва келгуси йилда ушбу тизимни тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ишга тушириш.

 

 

Хавфсизликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида:

2020 йил 1 сентябрга қадар киберхавфсизликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича чоралар кўриш, шу жумладан 2020–2023 йилларга мўлжалланган киберхавфсизликка доир миллий стратегия
ва “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

2020 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига
2021–2023 йилларга сайланиш учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш;

2020 йил 20 сентябрда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Иккинчи Осиё форумини ўтказиш;

2020 йилда “Дўстлик ҳафталиги” ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш.

Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш — бунинг учун прописка талаб этилмаслиги мумкин

Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш;

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи
ва республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахсларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш;

пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширишнинг рақамлаштирилишини таъминлаш назарда тутилган.

2020 йил 1 сентябрга қадар илм ва маърифат, ахборот технологиялари ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган ахборот олиш имкониятлари асоссиз равишда чекланишига йўл қўймаслик мақсадида, шунингдек, халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда давлат сири деб топилган маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш чораларини кўриш ва кейинчалик уни махфийликдан чиқариш таклиф этилмоқда.

 

Камбағалликни қисқартириш дастури

2020 йил 1 августга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда:

  • камбағаллик тушунчасини, уни аниқлаш методологияси ва мезонларини ишлаб чиқиш;
  • аҳолида, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш
    ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини
    шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар;
  • энг аввало, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари;
  • тадбиркорлик субъектларига молиявий ресурслардан, шу жумладан микромолиялаштириш хизматлари ҳамда давлат харидларидан фойдаланишда кенг имкониятлар бериш учун шароитлар яратиш;
  • банд бўлмаган аҳолини қайта тайёрлаш ва ишсиз фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича кенг қамровли дастурларни амалга ошириш.

 

Ўзини ўзи банд қилиш ва фрилансингни оммалаштириш

Қуйидагиларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилган:

  • вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари (хизматлар, ишлар) рўйхати;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари.

Шунингдек, қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончаси орқали хорижга сотилган товарлар, ишлар ва хизматлар учун жисмоний шахслар томонидан тўловларни қабул қилиш жараёнини соддалаштириш;
  • фрилансинг имкониятларини оммалаштириш бўйича, шу жумладан етакчи хорижий фрилансинг электрон майдончалари билан ҳамкорликни ўрнатишни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

 

Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказини ташкил этиш назарда тутилган.

Мақсад:

хорижий мамлакатларнинг парламентлари ва бошқа манфаатдор давлат органлари билан биргаликда депутатлик корпуси ва сенаторлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутахассисларининг кўникмалари, малакаси ва салоҳиятини ошириш бўйича ўқув дастурларини рўёбга чиқариш;

қонун ижодкорлиги, парламент назорати, фуқароларнинг манфаатларини ифода этиш ва халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш юкини мақбуллаштириш;

тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ичида ва унинг ташқарисида масофавий ўқитиш учун таълим модуллари ва дастурларини
ўз ичига олган ҳамда “Электрон парламент” тизими билан интеграциялашган онлайн тизим яратиш.

Молиялаштириш: Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва донорларнинг маблағлари ҳисобидан

 

Халқаро мунозара клуби ва жамоатчилик эшитувлари

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази таклифларига мувофиқ қуйидагилар билан шуғулланувчи “Халқаро мунозара клуби”ни ташкил этиш:

  • маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида аҳоли
    ва экспертлар ўртасида сўровлар ва ўрганишлар ўтказиб бориш;
  • илгари сурилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича уларнинг жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олган ҳолда асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик эшитувини мунтазам равишда ташкил этиш.

 

Тизимли мониторинг ва тавсиялар ишлаб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишга масъул ҳисобланади.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати