Ўзбекистонда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди
2020 йилнинг 18 февраль куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, вазирлик ва идоралар, суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди. Сенат Раиси ўз нутқида давлатимизнинг барча идоралари халқимиз билан биргаликда юқори иқтисодиётга, етук ва ҳар томонлама фуқаролик жамиятига эга “Янги Ўзбекистонни” шакллантиришда сезиларли амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.
Анжуман давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содик Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов, Конрад Аденауэр номидаги Фонднинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатли вакили Ронни Хайне, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатлар элчилари, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари сўзга чиқдилар.
Анжуманнинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижроси таъминлашда парламент ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш бўйича долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Шунингдек, мазкур халқаро конференция мамлакатда ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштириш, таълим, фан, инновациялар ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш вазифаларини манзилли ҳал этиш жараёнида парламент самарадорлигини ва маҳаллий ҳокимият органлари фаоллигини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилдилар. Бу йўналишда айниқса ички ва ташқи сиёсат вазифаларини ҳал этишда, парламент назоратини амалга оширишда қонун чиқарувчи орган ваколатларини янада кенгайтириш масалаларига урғу берилди.
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш муаммолари, шунингдек иқтисодий муносабатлар ривожининг бошқа долзарб масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш шулар жумласидандир.
Иштирокчилар диққат марказида, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ижросини назорат қилиш жараёнида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни аниқлаш бўлди. Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро конференция якунида мамлакатни давлат ва жамият қурилишининг янги босқичида парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг демократик модернизациялашдаги ролини ошириш бўйича қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилотларга кўриб чиқиш учун юбориладиган бўлди:
- Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари ролини оширишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ва бу борадаги биринчи навбатдаги вазифаларни ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзоларидан ташкил топган доимий фаолият юритувчи Парламент мувофиқлаштирувчи комиссиясини ташкил этиш. У қуйидаги вазифалар юклатилиши таклиф этилди:
- жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Давлат раҳбари ташаббусларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини оммавий муҳокамаларини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида қабул қилиниши ва ижроси устидан назорат ишларини мувофиқлаштириш;
- аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фаровонлигини ошириш соҳасида амалга оширилаётган дастурлар ижроси устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;
- Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш, маҳаллий Кенгашларда “сенатор ва депутат хоналари”ни ташкил этиш, маҳаллий Кенгаш депутатларига ижро ҳокимияти устидан самарали назорат олиб боришда кўмаклашиш, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаларини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;
- рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш соҳасида ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар устидан самарали парламент назоратини мувофиқлаштириш;
- жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назоратини мувофиқлаштириш;
- БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ижросини назорат қилиш жараёнида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
- хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган Парламент дипломатияси концепцияси доирасида амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириш.
- Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вакиллари ва экспертларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи Кенгаш томонидан тасдиқланадиган мониторинг гуруҳларни тузиш ва унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириш Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказиб, ҳар ойда Сенатга ахборот ва таклифлар киритиб бориш;
- Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш муаммолари, шунингдек иқтисодий муносабатлар ривожининг бошқа долзарб масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес омбудсман) билан ҳамкорликда мунтазам равишда бизнес доиралар вакиллари билан мулоқотлар ўтказиб бориш.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати