@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бизнес ҳамжамиятини Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳукуматга кўмаклашишга чақиради

 2020-03-25 19:41:13   |     Просмотров: 507

Ўзбекистон дунёнинг бошқа мамлакатлари каби COVID-19 коронавирус инфекцияси оқибатида юзага келган синовларни бошидан ўтказмоқда. Ҳукумат коронавируснинг оммавий тарқалишининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар, аҳоли, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифага кириувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда.

Барча учун мураккаб бундай даврда масъулиятлилик, фаоллик, бирдамлик, меҳр-мурувват ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар биримизнинг саъй-ҳаракатларимиз, ҳиссамиз, бошқаларга бўлган муносабатимиз бу умумий муаммони иложи борича тезроқ енгиб ўтишимизга боғлиқ.

Мисол учун, Буюк Британияда автомобиль ишлаб чиқарувчи брендлар ҳукуматнинг мурожаатига биринчи даражали муҳим тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқишда кўмаклашиш орқали жавоб қайтардилар: «Rolls-Royce» ва «Jaguar Land Rover» имкон даражасида барча ёрдам кўрсатишни, «Honda» — тиббий ускуналарни йиғиш учун ўз қувватининг бир қисмини ажратишга тайёрлигини билдирди. Малакат раҳбарлари, кино, мусиқа ва спорт юлдузлари, жамоат арбоблари коронавирус билан курашиш йўлида хайрия маблағларини ажратмоқдалар. Улар қаторида АҚШ Президенти Дональд Трамп, «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс, «Alibaba» корпорацияси эгаси Джек Ма, «Tesla» ва «SpaceX» компаниялари асосчиси Илон Маск, кўплаб дизайнерлар, кутюрье ва мода уйлари, тадбиркорлар ва бошқалар бор.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳам фуқароларга ёрдам бериш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Баъзи бизнес вакиллари минглаб тиббий ниқоблар тайёрлаб, уларни бепул тарқатмоқдалар, кам таъминланган оилаларга биринчи навбатда зарур озиқ-овқат маҳсулотларини (ун, ўсимлик ёғи, мева ва савзавотлар) улашмоқдалар, тиббиёт ходимларини тайёр таомлар билан таъминламоқдалар ёки бепул етказиб бермоқдалар.

Мисол учун, Тошкентдаги «Daniel Hill Hotel» меҳмонхонаси эгалари томонидан бинонинг 150 та хонаси (350 ўрин) хориждан келган ватандошларни карантин даврида жойлаштириш учун бепул фойдаланиш учун тақдим этилди. Халқаро Шодиев фонди (ICF) эса Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича олиб бораётган ишларига қўшилиб, мамлакат аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли хайрия дастурини бошлади. 

Хусусий секторнинг янада барқарор ривожланишини ҳамда коронавирус пандемияси даврида аҳолининг фаровонлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мамлакатимиз бизнес ҳамжамиятига қуйидагиларни таклиф этади:

- Хусусий сектор иш фаолиятини масофавий шаклдаги эркин графикка ўтишини таъминлаш, хусусан, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимчалар киритиб, унда бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ходимлар ишлаш муддати ва соатларини мақбуллаштириш;

- Меҳмонхоналар ва бошқа фойдаланилмаётган бино-иншоотларни шифохоналар ва карантин базасига мослаштириш. Пандемия шароитида бўш турган меҳмонхоналарга карантинга олинган фуқароларни алоҳида хоналарга жойлаш орқали, уларга зарур бўлган инфраструктурани яратиб бериш имконияти яратилади. Бунда албатта, меҳмонхона эгаларига давлат томонидан солиқ ва бошқа имтиёзларнинг тақдим этилиши муҳим ҳисобланади;

- Хусусий секторни маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда шифохоналар қошида юқумли касалликларга мўлжалланган алоҳида махсус блокларни қуриш ва жиҳозлашга жалб қилиш;

- Текстиль ҳамда тикувчилик корхоналарини шахсий ҳимоя воситалари (ниқоблар), тиббиёт ходимлари учун махсус кийимлар ишлаб чиқаришга, косметика ҳамда парфюмерия маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни эса – антисептик воситалар, шу жумладан, спиртли геллар ва спрейлар каби кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштириш;

- Кондиционер ва механик вентиляторлар каби автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари ва бошқа зарурий тиббий техника воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини бериш. Масалан, «Ford Motor Co», «General Motors Co» ва «Tesla Inc» каби йирик автосаноат корхоналари ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини ишлаб чиқаришга тайёр эканликларини билдиришди.

- Йирик савдо марказларида (“Корзинка”, “Макро” супермаркетлари тармоғи кабилар) коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи юқори бўлган ёши катта (60 ёшдан юқори) инсонларга савдо қилишлари учун махсус вақтларни ажратиш. Масалан, эрталаб соат 9:00 дан 10:00 га қадар фақат ёши катталарга хизмат кўрсатишни белгилаш;

- Республика ҳудудлари бўйлаб бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни имтиёзли ва бепул етказиб бериш тизимини ривожлантириш;

- Ҳудудлардаги мавжуд ички ресурслардан фойдаланган ҳолда ва ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари тақдим этиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бошқалар ҳисобига нархлар барқарорлигини таъминлаш, чайқовчиликка ва озиқ овқат маҳсулотлари нархларининг сунъий оширилишига йўл қўймаслик;

- Соҳаларда мавжуд муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, пандемия давридаги жорий ўзгаришлар ҳамда аҳоли орасида пайдо бўлаётган муаммоларга эътибор қаратиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида тадбиркорлар ўртасида масофавий мулоқот ўрнатиш учун майдон яратиш;

- Тадбиркорларни махсус ташкил этилган “Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди”га маблағлар ўтказиш орқали Ўзбекистон ҳукуматига COVID-2019 вируси билан курашишда молиявий ёрдам беришга жалб қилиш.

Пандемия даврида хеч ким касаллик юқтирмасликдан кафолатланган эмас. Шунинг учун карантин режими қоидалари, шахсий гигиенага риоя этиш жуда муҳим, энг асосийси – ушбу талабларни ҳамжиҳатликда, бирдек бажаришдир. Фақатгина давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва хусусий секторнинг кучларини ва саъй-ҳаракатларини бирлаштирибгина қисқа муддатларда ижобий натижаларга эришиш мумкин. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати тадбиркорларни, йирик компаниялар ва жамғармаларни коронавируснинг тарқалишига қарши курашда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига ёрдам беришга чақиради.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати