@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

ННТлар ва волонтёрлар учун ягона веб-майдон яратилди

 2020-03-26 12:35:11   |     Просмотров: 178

Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва волонтёрлар учун кўп функцияли “UNIONS” электрон платформаси ишлаб чиқилди. Унда бугунги кунда 111 та ННТ ва 103 нафар волонтёрлар рўйхатдан ўтишга улгуришди.

Веб-платформа юртимизда амалга оширилаётган маданий, ижтимоий, экологик, спорт ва бошқа тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида ўз вақтида хабар бериб боришга хизмат қилади.

Янги веб-ресурнинг асосий вазифаси ҳар бир фойдаланувчи ўзи ва фаолияти хақида маълумот бера олишига ҳамда географик жойлашувидан қатъий назар Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшишга имкон яратиш ҳисобланади.

Шунингдек:

• Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча ННТлар ва волонтёрлар учун ягона электрон майдон яратиш;

• ижтимоий тадбиркорлик ва волонтёрликнинг бугунги кун учун долзарб йўналишларини ривожлантириш;

• ННТлар ва уларнинг фаолияти ҳақида маълумот бериб бориш, ушбу соҳада турли тадқиқотлар ўтказишга кўмаклашиш.

Мазкур платформада ташкилотлар турли лойиҳалар ва акциялар ҳақида анонслар бериб боришлари, янгиликлар, ғоялар, тадбирларнинг фото ва видеоматериаллари билан улашишлари мумкин. Волонтёрлар эса келгусида ишга жойлашиш учун зарур бўлган маълумотлар: орттирилган тажриба, тавсияномалар, улар иштирок этган лойиҳалар ҳақидаги шахсий электрон портфолиоларини юритишлари мумкин. Волонтёрларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида платформада тўпланган балларни “UNIONS” ҳамкорлари томонидан тақдим этиладиган бонусларга алмаштириш имкони мавжуд.

Ташкилот ва унинг фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари, тадбирлари ҳақида ягона ахборот базасини яратишда платформа яратувчилари кўмаклашишга тайёр.

Аввалроқ ННТлар волонтёрлар билан ҳамкорлик қилиши ва бир-бирларига кўмаклашиши мумкин бўлган бу каби ягона платформа мавжуд эмас эди. Эндиликда бунинг имкони мавжуд. “UNIONS”га хуш келибсиз!

Маълумот учун: “UNIONS” веб-платформаси Ўзбекистон электрон савдо ва интернет-тадбиркорлари уюшмаси томонидан Ўзбекистонда «Инновациялар учун ҳамкорлик» дастури доирасида ишлаб чиқилди. Мазкур дастур «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш уюшмаси (Қозоғистон) ҳамкорликда АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.