@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати волонтёрлар ва ННТ вакилларини карантин даврида ёрдамга муҳтожларга кўмаклашишга чақиради

 2020-03-26 20:08:48   |     Просмотров: 657

Коронавирус пандемияси даврида хеч ким четда бўла олмайди. Чунки вирус учун хеч қандай чегара ва ёш чекловлари йўқ, инсонларнинг келиб чиқиши, фаолият тури ва даромадидан қатъий назар бирдек тарқайди. Ушбу қийин вазиятда ҳар биримиз умумий мақсад — коронавирус тарқалишини олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.  

Бунда томошабин сифатида четда турмай, аҳолини хабардорлигини оширишда фаол иштирок этадиган, муҳтожларга ёрдам берадиган фуқаролик жамияти институтлари, ташаббускор гуруҳлар, бефарқ бўлмаган инсонлар муҳим рол ўйнайдилар. Мисол учун, Қозоғистондаги бир гуруҳ кўнгиллилар аҳолига коронавирусдан самарали ҳимояланиш ҳақида маълумотлар бермоқда, озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб беришда иштирок этмоқдалар.

Жумладан, саратон касаллигининг олдини олиш жамғармаси асосчиси Илья Фоминцев “Шунчаки COVID-19 ҳақида сўраш” волонтерлик лойиҳаси бошланганини эълон қилди. Онлайн маслаҳат тизими орқали вирус ҳақида барча долзарб маълумотларни олиш ва ратилган чат-бор орақли кўп сўралаётган саволларга жавоб топиш мумкин. Мазкур лойиҳа ёрдамида соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юк бирмунча камайтирилмоқда. Германияда ННТ вакиллари қўни-қўшниларга ёрдам берувчи www.coronaport.net каби сайтлар яратишмоқда. Унда фойдаланувчиларга икки хил вазият таклиф этилади: ёрдам сўраш ёки ёрдам кўрсатиш. Сайт орқали Берлин шаҳрининг ўзида мингдан ортиқ фуқаролар ўз ёрдамларини таклиф этдилар. Одамлар дўконга бориб келиш, итларни сайр қилдириб бериш, гуманитар товарларни етказиш, болаларга қараб туриш ва бошқа шу каби ўзларининг беғараз ёрдамларини таклиф қилмоқдалар.

Ўзбекистонда ҳам ташаббускор ва фаол фуқаролар кўплаб топилмоқда. Биз барча бефарқ бўлмаган одамларга, нафақат молиявий ва моддий ёрдам тақдим этаётган, балки бағрикенглик кўрсатиб, муҳтожларга ёрдам қўлини узатаётган, бошқлар учун вақти ва ҳаракатларини аямаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига катта миннатдорлик билдирамиз.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати нодавлат нотижорат ташкилотлари, ташаббускор гуруҳларни, волонтёр ва фаолларни коронавирусга қарши курашиш ва уни оқибатларини юмшатиш йўлида ҳукматга кўмаклашишга чорлайди ва қуйидагилар таклиф этади: 

- кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонларни сотиб олишда ва етказиб беришда кўмаклашиш;

- Интернет тармоғида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи фейк хабарлар ва маълумотларни тарқатилиши устидан мониторинг ўтказиш ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериш; 

- тиббий ниқобларни тақиб юриш, “ижтимоий масофа сақлаш”, карантин режими, шахсий гигиена ва мутахассисларнинг бошқа маслаҳатларига тўлиқ амал қилиш бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини олиб бориш;

- аҳоли пунктларининг санитария-экологик ҳолати, сув таъминоти манбалари, ижтимоий ва маданий объектлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

- жалб қилинган тиббиёт ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш учун волонтёрларни жалб қилиш ва кўнгиллилар гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш;  

- такси хизматлари, бирламчи зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар нархлари устидан жамоатчилик мониторинг тадбирларини ўтказиш, нархларни асоссиз оширилиши ва спекуляция ҳолатлари тўғрисида тегишли органларга хабар бериш;

- Интернет тармоғи орқали қон донорларини жалб қилиш бўйича аҳоли ўртасида ташвиқот олиб бориш.   

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати волонтёрлар ва кўнгиллилар учун Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда штаблар ташкил этиш учун офислар тақдим этишга тайёрлигини билдиради. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида коронавирус синовларидан шараф билан ўтишимиз мумкин!

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаркати матбуот хизмати