@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида тўпланган хайрия маблағлари 300 млн сўмдан ошди

 2020-05-18 16:21:09   |     Просмотров: 151

Жорий йилнинг 16 май куни Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида навбатдаги гуманитар юклар офатдан зарар кўрган маҳаллий аҳолига етказилди. Бу акция эълон қилингандан буён юборилган иккинчи ёрдам карвони ҳисобланади. (Жами қарийб 20 та юк машинаси).

Ўтган вақт давомида техноген офатдан жабрланганлар тақдирига бефарқ бўлмаган, уларга ёрдам қўлини чўзган кўплаб фуқаролар, бизнес вакиллари, жамоат ва халқаро ташкилотлардан катта миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари, болалар ва катталар учун кийим-кечак, кўрпа-тўшак, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар, идиш-товоқлар хайрия қилинди.

Кўнгиллилар карантин талаблари ҳамда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда уларни машиналарга ортиб, керакли манзилга етказиб бердилар. Мисол учун, хайрияларни жойларга етказишда “Sherzod Soip Biznes” хусусий компанияси беғараз ёрдам берди.

50 нафардан ортиқ фуқаролар ва ташкилотлар томонидан моддий ёрдам шаклидаги мурувват ёрдами марказий штабга топширилди. Шунингдек, KOICA халқаро агентлиги, Ўзбекистон мебель ва дарахтга ишлов бериш саноати ассоциацияси, Словениянинг “KRKA” халқаро фармацевтика компанияси, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси каби кўплаб жисмоний шахслар томонидан тақдим этилган гуманитар ёрдамлар жойларга етказилди.

Хайрияларни ўз эгаларига манзилли топширилишини таъминлаш мақсадида гуманитар ёрдамлар ортилган юк машиналари нафақат марказий омборларга, балки Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳолиси вақтинча эвакуация қилинган чекка ҳудудларга ташриф буюриб, шу ернинг ўзида фуқароларга тарқатилди. Ушбу жараёнларда Адлия вазирлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ҳамда бир қатор фаол фуқаролар ҳам шахсан иштирок этишди.

Бундан ташқари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига жорий йилнинг 3 майидан 18 майига қадар молиявий ҳисса қўшиш истагида бўлган шахслардан 300 млн сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди.

Мазкур маблағлар сув тошқинидан талофот кўрган аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида улар билан маслаҳатлашган ҳолда тегишли маҳсулот ва буюмлар харид қилишга йўналтирилади.

Маълумот учун. Саволлар бўйича телефон рақамлари: 91-572-11-00, 71-239-33-23, 97-157-80-65.

Акция давом этади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати