@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда БРМ бўйича миллий шарҳ лойиҳаси муҳокамаси: уч кун, учта видеоконференция ва тўрт юздан зиёд иштирокчилар

 2020-05-22 13:40:21   |     Просмотров: 2980

Жорий йилнинг 21 май куни вазирлик ва идоралар, ННТ, халқаро ташкилотларнинг 100дан зиёд вакиллари иштирокида онлайн-конференция бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар муҳокама қилинди. Бунда асосий эътибор аҳоли фаровонлиги, бандлиги ва даромадларининг ўсиши, шунингдек, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилди.

Таъкидланганидек, 2015 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси, дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартибини (Кун тартиби-2030) қўллаб-қувватлади ҳамда барқарор, умумқамровли ва изчил иқтисодий ўсишни, ижтимоий уйғунлашув (интеграция) ва атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш, шунингдек, сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш мажбуриятларини ўз зиммасига олди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Тайёрланган Қўшимча миллий шарҳ (ҚМШ) Ўзбекистонда БРМ амалга оширилишининг биринчи мониторингига бағишланган бўлиб, мазкур жараён Вазирлар Маҳкамаси ҳамда миллий мақсад ва вазифалар мезон кўрсаткичларига эришиш учун масъул бўлган барча манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида ишлаб чиқилган. Ушбу шарҳ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал тараққиётни кузатиш ва мажбуриятларни бажаришдаги реал ўзгаришларни баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шарҳда асосий эътибор мониторинг натижалари бўйича БРМнинг энг муҳим кўрсаткичларидаги ўзгаришларнинг жорий динамикаси, муаммолари ва келажакдаги тенденцияларига қаратилган. Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотлари ҳамда ижтимоий тадқиқотлар натижалари, халқаро ташкилотларнинг маълумотлари (БМТ, Жаҳон банки ва бошқалар) ахборот базаси сифатида хизмат қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатлар кузатилмоқда. Мисол учун, сўнгги маълумотларга кўра, 2019 йил охирида камбағаллик даражаси 13-15 фоизни ёки 4-5 миллион кишини ташкил этгани қайд этилди. Шу билан бирга, амалдаги методик  ёндашувлар ва «камбағаллик» ҳамда «камбағаллик мезонлари ва чегараси» тушунчаларини қайта кўриб чиқиш учун эҳтиёж сезилмоқда. Шу муносабат билан зарур қонуний-ҳуқуқий базани шакллантириш — «Яшаш минимуми тўғрисида», «Ижтимоий ҳимоя тўғрисида», «Минимал ижтимоий стандартлар тўғрисида» ва бошқалар, камбағаллик тушунчасини аниқлаш методологиясини, уни баҳолаш мезонлари ва механизмларини хорижий ҳамда маҳаллий амалиётни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш вазифаси долзарб бўлиб турибди. 

Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши ва бу жараён туфайли юзага келадиган табиий офатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши анча юқори бўлган Ўзбекистоннинг ривожланиши учун муайян хавфларни туғдиради. Аҳолининг учдан бир қисми табиий гидрометеорологик офатлар (қурғоқчилик, сел, кўчкилар, тошқинлар, музлаш, чанг бўронлари, қайноқ ҳаво тўлқинлари) ҳудудларида истиқомат қилади; бу ерда ёғингарчилик, ҳарорат ва буғланиш жадаллиги ошиши билан вазият ёмонлашиши мумкин.

Иссиқхона газлари чиқиндиларининг глобал ҳажмида Ўзбекистоннинг улуши камлигича қолмоқда (0,33 фоиз). Шу билан бирга ўз ечимини кутаётган вазифалар мавжуд. Бу энергия тежамкор технологияларга ўтиш, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ошириш, энергия инфраструктурасини такомиллаштириш кабилардир. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги санитария-эпидемиология ҳолатини сифат жиҳатидан яхшилаш айниқса долзарбдир. Бунинг учун канализация ва сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, коллекторлар ва тармоқларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш талаб этилади. Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини кузатишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, муҳокамалар жараёнида Ўзбекистонда 2016 йилдан буён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида муҳим ижобий қадамлар қўйилгани, бу ҳуқуқларга асосланган барқарор ривожланиш учун ҳар қандай ёндашувнинг пойдевори бўлгани таъкидланди. Булар қаторига, хусусан, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва судгача қамоқда ушлаб туриш вақтини 72 соатдан 48 соатгача қисқартириш киради. Ҳозирги кунда қийноқларнинг олдини олиш миллий механизмини жорий қилишга тайёрланмоқда (йиллик ҳисоботлар парламентга тақдим этилиши керак); шунингдек, Қийноқларга қарши конвенцияга қўшимча протокол, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва Барча шахсларни мажбуран йўқ бўлиб кетишидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилиниши кутилмоқда.

Мамлакатда тугатиш талаб қилинадиган долзарб муаммолардан яна бири — бу давлат секторидаги коррупция бўлиб қолмоқда. Унинг юзага келишидаги асосий омиллар эса ҳаддан ташқари тартибга солиш, қарорлар қабул қилишда тизимлилик ёки шаффофликнинг мавжуд эмаслиги, электрон давлат хизматлари сонининг камлиги ва давлат хизматчилари маошининг озлиги кабилар саналади. Ушбу йўналишда ҳукумат яна қатор қадамларни амалга ошириши лозим.

Умуман олганда, уч кун (19—21 май) давом этган онлайн-конференция Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш бўйича биринчи мониторингга бағишланган Қўшимча миллий шарҳ лойиҳасини батафсил муҳокама қилишга хизмат қилди. Унда вазирлик ва идоралар, парламент аъзолари, барча ҳудудлардаги ННТ фаоллари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг жами 400дан зиёд вакиллари иштирок этди.    

Хусусан, инсон ҳуқуқлари, гендер муаммолари, зўравонлик, камситиш, оммавий ахборот воситалари, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит ва экология, аҳолининг фаровонлиги, даромадлари, бандлиги ва ижтимоий ҳимояси каби масалалар қамраб олинди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Қўшимча миллий шарҳ лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Муҳокамалар давомида ННТ фаоллари томонидан БРМни амалга ошириш чора-тадбирларини такомиллаштиришда ҳудудларнинг ўзига хослиги ҳамда инклюзивликни таъминланишини инобатга олиш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Конференция якунида спикерлар, шу жумладан, фуқаролик жамияти вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар экспертлари томонидан билдирилган барча фикр ва таклифлар Миллий шарҳ лойиҳасида ўз аксини топиши таъкидланди. Хусусан, Барқарор ривожланиш соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли ва иштироки юзасидан махсус қўлланма тайёрлаш таклиф этилди.       

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида видеоконференцалоқа тизими орқали ташкил этилди.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати