Экспертлар иштирокида дунёдаги ва мамлакатдаги эпидемиологик ва ижтимоий-сиёсий вазият муҳокама қилинди
COVID-19 коронавирус пандемияси бутун дунё учун ўзига хос синовга айланди. Мазкур вазият соғлиқни сақлаш тизими ва умуман, давлат бошқаруви ва жамият форс-мажор ҳолатига имкон қадар қисқа вақт давомида қанчалик мослашишга тайёрлигини кўрсатди.
Жорий этилган чеклов чоралари, бир томондан, инфекциянинг оммавий тарқалишининг олдини олишга ёрдам берса, иккинчи томондан, пайдо бўлган муаммоларга зудлик билан жавоб қайтариш вазифасини бажармоқда.
Психологларнинг фикрига кўра, одамларнинг одатий турмуш тарзининг бузилиши натижасида уларнинг безовталик даражаси, уйдаги зўравонликлар ҳолатлари ортади, агрессия ва ваҳимага тушишга мойиллик кучаяди. Дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус фонида жорий этилган чеклов чораларидан норозилар ва карантин сабаб юзага келган иқтисодий оқибатлардан хавотирда бўлган одамлар изоляция режимини бекор қилишни талаб қилиб, турли намойишлар ўтказишмоқда. Бироқ, кўпгина тинч намойишлар тартибсизлик, зўравонлик, ўғрилик ва талончилик ҳолатлари билан якунланмоқда. Масалан, Балтиморда зўравонликнинг авж олиши ҳалокатли натижаларга олиб келди: полиция машиналари, уйлар, дорихоналар ва бошқа бинолар ёқиб юборилди, кўплаб дўконлар талон-тарож қилинди.
Тарихдан маълумки, низолар ва тартибсизликлар намунали ҳаётни ўрнатишга, аҳолининг фаровонлигини оширишга ёрдам бермайди, аксинча улар мулкка зарар етказади ва инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради.
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил давомида ҳукуматнинг барча даражаларида халқ билан мулоқот ривожланмоқда. Бугунги кунда пандемия жамиятнинг барча йўналишларига салбий таъсир кўрсатмоқда, бир вақтнинг ўзида уни бирлаштирмоқда ва аксинча. Бундай вазиятда ўзини бошқаришни билиш, танқидий фикрлаш ва тажовузкорлик ўрнига конструктив мулоқотни танлаш жуда муҳимдир.
Ушбу масалалар нафақат давлат тузилмалари, Ўзбекистон парламентининг кун тартибида, балки жамоатчиликни ҳам ташвишга солмоқда. Шу сабабли бир қатор фаол фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари ва турли ҳамжамиятлар вакиллари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда “Ижтимоий-сиёсий вазият ва барқарорлик” мавзусида мулоқотни ташкил этдилар.
Жорий йилнинг 12 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида бўлиб ўтган дунёдаги ва мамлакатдаги эпидемиологик ва ижтимоий-сиёсий вазиятга бағишланган жамоатчилик муҳокамасида ННТ ва илмий марказлар вакиллари, тадбиркорлар, адвокатлар ва ҳуқуқшунослар, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Тадбир давомида бир нечта йўналишлар қамраб олинди. Хусусан, қатор Ғарб мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, карантиндаги турмуш тарзининг психологик жиҳатлари, оммавий йиғилишлар оқибатида соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган ортиқча юкламалар ва пандемиянинг иқтисодий оқибатлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, тартибсизликларнинг сиёсий оқибатлари, тинч митингларнинг ҳуқуқий тартибга солиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Жамоатчилик мулоқоти якунларига кўра жамоат ташкилотлари вакиллари пандемиянинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий оқибатларини юмшатиш, юзага келаётган муаммоларга жавоб бериш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқдилар. Хусусан, ушбу вазиятда аҳолининг ҳукумат билан самарали ва доимий алоқа механизмларини кучайтириш, ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан фаол фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Иштирокчиларнинг фикрига кўра, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал қилиш, жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш орқали жамиятдаги вазиятни кескинлашувининг олдини олиш муҳим. Оммавий тартибсизликлар муаммони ҳеч қандай йўл билан ҳал этмаслиги, аксинча, улар кўп йиллар давомида давлат ва жамият тараққиётини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги таъкидланди. Оммавий ахборотлаштириш шароитида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кўникмаларни ривожлантириш, танқидий фикрлаш, фактларни текшириш, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда саводхонлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати