@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилоятида давлат ва инвестицион дастурлар ижроси ҳолатини ўрганади

 2020-06-18 18:35:07   |     Просмотров: 2416

Жорий йилнинг 25 — 26 июнь кунлари давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва қатор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамият қурилиши соҳаларида қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш мақсадида жойларга ташриф буюради.

Жамоатчилик мониторинги тадбирлари давомида ҳудуддаги қуйидаги масалалар ўрганилади:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги қарори билан тасдиқланган 2020 йил учун Инвестиция дастурининг Фарғона вилоятида бажарилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларининг тайёрланганлиги, лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли манбаларлардан маблағлар ажратилганлиги ва амалга оширилаётган қурилиш ишлари;

— Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2020 йилдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириладиган Давлат дастурининг:

  • 77-банди бўйича ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг қанча қисми йўналтирилганлиги, уларнинг сарфланиши юзасидан манзилли рўйхат тасдиқланганлиги ҳамда бу борадаги бажарилган амалий чора-тадбирлар;
  • 100-банди бўйича аҳоли эҳтиёжлари учун автомобиль транспорти хизматлари кўрсатиш юзасидан амалий чораларнинг кўрилиши;
  • 105-банди бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиш юзасидан бажарилган амалий чора-тадбирлар;
  • 135-банд бўйича 2020 йилда сув тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан чора-тадбирларнинг амалга оширилиши;
  • 157-банд бўйича мактабгача таълимнинг қамровини 60 фоизга етказишга қаратилган инвестиция дастурининг тармоқ жадваллари тасдиқланганлиги ва улар бўйича бажарилган чора-тадбирлар;
  • 164-банд бўйича янги умумтаълим мактабларини барпо этиш, мавжудларни реконструкция қилиш ва хусусий мактаблар сонини оширишга қаратилган лойиҳаларнинг тармоқ жадваллари ва улар бўйича бажарилган амалий чора-тадбирлар;
  • 171-банд бўйича янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш бўйича режалар ишлаб чиқилганлиги, маблағларнинг ажратилиши ва амалга оширилган ишлар;
  • 204-банд бўйича оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги ва амалга оширилиши.

 

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати