@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

​​​​​​​Наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси муаммолари —  жамоатчилик нигоҳида

 2020-07-01 13:34:53   |     Просмотров: 3350

БМТ маълумотига кўра, бутун дунёда 35 млндан зиёд инсонлар гиёҳвандликдан азият чекади, уларнинг сони фақат ўсиб бормоқда. Экспертларнинг қайд этишича, COVID-19 пандемияси наркотик моддаларнинг тарқалиш йўлига ҳам, гиёҳвандларнинг юриш-туришига ҳам бирдай таъсир ўтказмоқда ва наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишни жиддий қийинлаштирмоқда.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маърузасида айтилишича, тўққиз йил мобайнида, яъни 2009 йилдан 2018 йилга қадар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 30 фоизга ошган ва 269 млн кишига етган. Бунда гиёҳвандлик кўлами ривожланган мамлакатларга қараганда ривожланаётган мамлакатларда тезроқ кенгайиб бормоқда ҳамда истеъмолчиларнинг катта қисмини ўсмирлар, ёшлар ташкил этмоқда.

Маърузада коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштиргани қайд этилади. Чегаралар ёпилиши, парвозлар тўхтатилиши ва бошқа чекловлар наркотикларнинг одатий йўл билан етказилишига тўсиқ бўлди. Уларнинг “қора бозор”даги танқислиги одамларнинг янада сифатли ва хавфли гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишига, нархи ошишига олиб келди.

Шу билан бир вақтда ишсизликнинг кўпайиши ва даромадларнинг қисқариши одамларни ноқонуний иш излашга, шу жумладан, гиёҳванд моддаларни ноқонуний етиштиришга ундаши мумкин. Бундан ташқари, иложсиз, умидсиз қолган одамлар алкоголь ва наркотиклардан таскин излашга мойилроқ бўлади. Бундан эса гиёҳвандлар сони келгусида янада ошишини кутиш мумкин.

Жорий йилнинг 1 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва ЎзЭОАВМА томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик мулоқоти доирасида Ўзбекистонда наркотик воситалари ҳамда психофаол препаратлар тарқалишининг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, руҳий жиҳатлари муҳокама қилинди, “дорихона наркоманияси”нинг глобал дунё тенденцилари, тизимли муаммолари, ўсиш факторлари кўриб чиқилди. Дунё тажрибасини ҳисобга олган ҳолда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасини тўхтатишнинг замонавий усулларини кенг қўллашга, фуқаролик секторини амалиёт ишларига жалб қилишга урғу берилди.

Қайд этилишича, келгусида Ўзбекистонда ҳам нарко ҳолатнинг ёмонлашуви прогноз қилинмоқда. Ривожланган автомобиль ва темир йўл инфраструктурасига эга мамлакатимиз афғон наркотикларини олиб ўтиш учун “транзит коридор” сифатида “қулай” ҳудуд ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, 2019 йилда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 5 026 та (2018 йилда 4 779 та) жиноятлар аниқланган. Бунда Тошкент, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари етакчи. Жами аниқланган нарко жиноятлардан 1 701 таси (1626) наркотикларни  сотиш, 395 таси (266) контрабанда, 1 064 таси (1238) гиёҳванд сақловчи ўсимликларни ноқонуний етиштириш билан боғлиқ.

Наркологик вазият диспансерлик ҳисобида турадиган гиёҳвандлар сонининг давомли камайиши билан ижобий баҳоланган. Яъни ўтган йили ҳисобда 5 698 гиёҳванд бўлган (2018 йилда 6 142 нафар). Аниқланган ва диспансерлик ҳисобига олинган гиёҳванд касаллар сони кам миқдорда ошган. Ўсиш Тошкент шаҳри, Бухоро ва Тошкент вилоятларида кузатилган. Ҳаётида илк бора гиёҳванд (наркоман) ташхиси қўйилган шахслар 73,4 фоизни (75,2 фоиз), улардан каннабиноидга қарамлар 60,8 фоизни (65,6 фоиз) ташкил этган.  Аёллар улуши 1,9 фоизни (2,1 фоиз), 20-39 ёшлардаги наркоманлар 31,9 фоизни (31,9 фоиз) ва 40 ёшдан ошганлар 68 фоизни (67,8 фоиз) ташкил этган.

Ўзбекистонда “спайс” наркотик воситаси аниқлангани билан боғлиқ ҳолат илк бор 2015 йилда қайд этилган бўлса, ҳозирги вақтгача ноқонуний айланмада уларнинг бир неча ўнлаб янги турлари фош қилинди. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маълумот беришича, айни пайтда Марказий Осиёнинг барча ҳудудларида синтетик наркотикларнинг 60 дан ортиқ турлари аниқланган. Уларнинг нисбатан арзонлиги, топишдаги қийинчилик ҳамда идентификацияси, турлари ва шаклларининг ўзгариши аҳолининг, энг аввало ёшларнинг саломатлиги ҳамда фаровонлигига жиддий хавф туғдиради.

Мулоқот доирасида наркотиклар устидан назорат соҳасида дунё ва маҳаллий ташкилотларнинг имкониятларига эътибор қаратган ҳолда самарали халқаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар —тегишли давлат идоралари, халқаро ташкилотлар вакиллари, журналист ва блогерлар, жамоат ташкилотлари фаоллари наркотик моддаларниинг ноқонуний айланмасидаги сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни, ҳудудий ва давлат даражасидаги чақириқлар ва тенденциялар (дорихона наркоманияси, интернет-савдо, Ўзбекистон учун ноанъавий бўлган психофаол воситаларнинг пайдо бўлиши)ни инобатга олиб,  келгусида норматив-ҳуқуқий базани нарко саҳна ва наркотик истеъмолининг янги моделларини ўзгартиришга урғу берган ҳолда такомиллаштириш, жамиятдаги реабилитация ва стигматизация (тамғалар)ни йўқотиш, профилактикага комплекс ёндашув, бола ривожланиши учун эрта ёшданоқ мақбул муҳит яратишда малакали профессионал ёрдамни кенгайтириш аҳамиятини қайд этишди. Ушбу йўналишда таклифлар ишлаб чиқишди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати