@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимини либераллаштириш: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро конференция ўтказилди

 2020-07-20 14:33:00   |     Просмотров: 3180

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан 17 июль куни “Суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимини либераллаштириш: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро онлайн-конференция ташкил этилди.

Халқаро Нельсон Мандела кунига бағишланган мазкур конференция БМТ таркибидаги тузилмаларнинг мамлакатимиздаги масъул вакиллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбирда Марказий Осиё давлатлари омбудсманлари, халқаро ва миллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти, шунингдек, мамлакатда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида иштирокчилар:

  • суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш;
  • инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш;
  • суд-тергов фаолиятида қонун ҳужжатлари талаблари ва нормалари ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган шахсларни афв этиш тўғрисида қабул қилинган фармонлари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси омбудсманларининг суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш соҳасида ўз мамлакатларининг тажрибаси тўғрисидаги чиқишлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди:

— Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида жазони ижро этиш муассасаларига доимий равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда. Жумладан, мониторинг гуруҳларида фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари иштирок этмоқда. 2020 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман томонидан 14 та жазони ижро этиш колонияси, 12 та манзил-колония, 3 та тергов ҳибсхонаси, 6 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 2 та ички ишлар органларининг бўлимлари, 2 та ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, 2 та маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда, жами 41 та мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Коронавирус пандемияси даврида ҳам шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда 10 та пенитенциар муассасага (шундан, 4 та жазони ижро этиш колонияси ва 6 та манзил колония) ташриф буюрилди.

Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳам доимий равишда вояга етмаганлар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириб келмоқда.

Бу муҳим

  • БМТнинг Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш;
  • Миллий превентив механизм ўз фаолиятида фуқаролик жамиятини кенгроқ жалб қилиши, ҳокимият органлари билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаши, Нельсон Мандела қоидаларига мувофиқ озодликдан маҳрум бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга бўлган муносабатларни яхшилашга ёрдам бериши, бу эса амалга оширилаётган пенитенциар ислоҳотлар жараёнида ҳокимият органлари учун ишончли маълумот ва таҳлил манбаи бўлиши мумкин.

Конференция якуни бўйича суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш, адвокатларнинг мустақиллигини том маънода таъминлаш, шунингдек, қамоқ ва қамоқда сақлаш жойларида МПМ доирасида парламент ва жамоат назоратини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсир этувчи қонун ижодкорлиги жараёнини очиқ ва фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашган ҳолда ташкил этиш борасида бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Халқаро ва миллий экспертлар конструктив ҳамкорликни давом эттиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида ҳамда суд ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олди.