@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг “Downside Sport” ва “Келажак нури” ННТлари “Amazing People Prize” халқаро танлови ғолибига айланишди

 2020-09-11 17:18:42   |     Просмотров: 3089

11 сентябрь куни “Amazing People Prize — бизни илҳомлантирувчи фуқаролик жамияти етакчилари ва волонтёрлари” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими онлайн равишда бўлиб ўтди. Юртимиз номидан иштирок этиб, танловда ғолиб бўлганлар коронавирус пандемияси сабаб юзага келган вазият туфайли “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида онлайн равишда ўтказилган тадбирда тантанали тақдирландилар. Ғолиблар cso-central.asia веб-сайти орқали очиқ овоз бериш орқали аниқланди.


Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган танловда энг яхшилар қаторида Ўзбекистоннинг икки нафар вакили ҳам киритилди. Жумладан, “Келажак нури” нодавлат нотижорат ташкилоти фаоли Дилшодбек Отабоев (Наманган вилояти) ўз ҳудудида фуқароларни бизнесга ўқитиш ташаббусини амалга оширди. Иккинчи ғолиб — “Downside Sport” ННТ вакили Саддам Мавлиддинов “Инклюзив футбол” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этди. Уларнинг ғоялари ва лойиҳалари нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшди, балки жамиятда ижобий ўзгаришларга ҳам туртки бўлди.


Танловнинг мақсади — фуқаро сифатида ва волонтёрлик  фаолияти орқали ютуқларга эришган энг яхши номзодларни қўллаб-қувватлаш, ўрнак қилиб жамоатчиликка таништириш ва тарғиб қилиш. Танловда 2018-2020 йилларда фуқаролик етакчилари (нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари, маҳаллий жамоалар, ташаббускор гуруҳлар ва шунчаки фаол фуқаролар) ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари волонтёрлари томонидан амалга оширилган фуқаролик ва кўнгиллилар ташаббуслари иштирок этди.


Маълумот учун: Тадбир “Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар” XI халқаро конференцияси доирасида ташкил этилди. Конференциянинг бу йилги мавзуси этиб “Етакчилик ва волонтёрлик – ривожланиш омили” белгиланди. 2020 йил 7 сентябрдан 14 сентябргача Марказий Осиёнинг 80 дан ортиқ фуқаролик жамияти вакиллари турли мавзуларга оид сессияларда эксперт сифатида қатнашмоқдалар. Тадбир Қозоғистоннинг АРГО ташкилоти билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати