Наркотикларнинг ноқонуний айланмаси: чақириқлар, тенденциялар ва қарши курашиш йўллари
Жорий йилнинг 16 октябрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази томонидан гиёхвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича онлайн-мулоқот ташкил қилинди.
Марказ мутахассислари ҳамда «Юксалиш» УМҲ ходимлари, шу жумладан Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари мамлакатимиздаги нарковазиятнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар, «дорихона наркоманияси» муаммолари ва тенденцияларини кўриб чиқдилар. Экспертлар иштирокчиларга наркотикларни назорат қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чоралари бўйича ахборот бердилар.
Очиқ мулоқот давомида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг соғлом турмуш тарзи ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда мақсадли гуруҳлар усуллари, профилактик ишларни яхшилаш бўйича таклифлар тингланди.
Шуҳрат Ғуломов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи:
— Нарковазият республикамизда мураккаблигича сақланиб қолмоқда. Дунёдаги вазият эса жиддий тус оляптти: Афғонистонда наркотик моддаларни етиштириш ҳанузгача давом этяпти, мамлакат дунё «қора бозор»ини доимий равишда «опий» билан таъминлаб келмоқда. Ноқонуний бозорларда синтетик наркотик воситалар, «спайс»лар пайдо бўлиб, кенг тарқалмоқда. Энг хавотирлиси, «дорихона наркоманияси» тобора авж олиб бормоқда, ёш йигит-қизлар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам психотроп дориларни истеъмол қилиб, тобе бўлиб қолмоқда.
Қайд этилишича, 2017 йилда Афғонистон республикасида рекорд даражада, яъни 328 минг гектар ер майдонида 9 000 тонна кўкнори етиштирилган. Мамлакатда гиёҳвандлик экинлари экиладиган ҳудудлар кўпайиб бормоқда, масалан, 6-7 йил аввал 34 та провинциядан 16-17 тасида етиштирилган бўлса, ҳозирда вазият издан чиққани боис, 24 та провинцияда етиштирилмоқда.
Агар бугун Афғонистонда наркотик воситаларини экиб, етиштириш тўхтатиб қўйилса, дунё «қора бозори»да наркотиклар билан боғлиқ вазият қандай бўлади? Экспертларнинг фикрича, бундай ҳолатда синтетик наркотикларга талаб ортади, лекин Афғонистонда захира қилиб қўйилган наркотиклар етиштириш тўхтатилган тақдирда ҳам яна 10-15 йил «қора бозор»ни таъминлашга етишини унутмаслик керак. Бу нафақат бугуннинг, балки келажакнинг ҳам муаммоси бўлиб қолмоқда.
Саодат Жуманова, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази етакчи мутахассис:
— Наркотикларни назорат қилиш бўйича охирги йилларда кутилмаган тенденциялар рўй беряпти. Биз вазиятни ўрганиб, таҳлил қилиб, зарур таклифларни ҳукуматга тақдим этиб, қонунчиликка ўзгартиш киритишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо, тўғрисини айтиш керак, бизнинг ҳаракатларимиз жадал ривожланиб кетаётган нарковазиятдан ортда қоляпти. Масалан, истеъмолда оммалашган бирор психотроп моддани давлат рўйхатига киритгунимизча ёки тақиқлагунимизча, унинг янги-янги турлари ёки бошқа бир шаклларда чиқиб кетяпти. Шунинг учун бу жараён мураккаблигича қолмоқда.
Наркотикларнинг чегараларимиз орқали олиб кирилиши борасида вазият анча назоратга олинган. Замонавий ускуналар ёрдамида наркотикларни аниқлаш осонлашган, шу боис ҳозирда анъанавий наркотиклар – героин, қорадори кабиларни олиб кириш камайган. Бироқ наркоташувчилар бошқа усулларда олиб киришга уринаётганликларини кўряпмиз.
Шунингдек, тадбирда «дорихона наркоманияси» назорати бўйича профилактикани янада кучайтириш мақсадида республикамиздаги барча дорихоналарга видеокузатув камераларини босқичма-босқич ўрнатиш ишлари бошлангани маълум қилинди.
Мулоқот давомида Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 24 июнь куни «Юксалиш» УМҲ ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорлик доирасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш профилактикасини ошириш, фуқаролик жамиятини ҳам ушбу иллатга қарши курашга кенг жалб этиш мақсади кўзда тутилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати