@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти: миллий ва халқаро тажриба

 2020-10-27 13:10:59   |     Просмотров: 3218

Жорий йилнинг март ойида республикамизнинг қатор ҳудудларида давлат хизматчилари ва фаол аҳоли орасида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, респондентларнинг 56 фоизи “жамоатчилик вакиллари бошқарув фаолиятига етарлича жалб қилинмаган” деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, 2018 йилдан буён барча давлат органлари ҳузурида ташкил этилиши мўлжалланган жамоатчилик кенгашлари бу соҳада муҳим ўрин тутиши кутилган эди...

2020 йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,  Адлия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, БМТнинг Тараққиёт Дастури Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жамоатчилик кенгашлари фаолияти: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида  вебинар ташкил қилинди.


Унда иштирок этган парламент, жамоатчилик ташкилотлари, давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот институти вакиллари, БМТТД, ЕИ делегацияси, шунингдек, қатор бошқа ННТлар, мустақил экспертлар ўзаро тажриба алмашдилар, ушбу соҳадаги муамммоларни муҳокама қилдилар ва уларга ечим изладилар. 


Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров таъкидлашича, мамлакатимизда давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолияти кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича комплекс ва изчил ишлар амалга оширилмоқда.


Вебинар давомида иштирокчилар ўз маърузалари ва тақдимотлари билан сўзга чиқдилар. Жумладан, БМТТДнинг лойиҳа маслаҳатчиси Мирзоҳид Қаршиев хориж мамлакатлари мисолида давлат органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши ва фуқароларнинг жамоатчилик кенгашлари фаолиятида иштирок этишларини таъминлаш механизмларини таҳлил қилди. Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида ўтказилган сўровлар ва интервьюлар натижаларига кўра, бундай механизмларга талаб юқори эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, қонунчиликдаги ва йиллар мобайнида маъмурий-бошқарув маданиятида шаклланган айрим камчиликлар маълум бир қийинчиликларни туғдирмоқда. Тадқиқотда, шунингдек, жамоатчилик ва жамоатчилик назорати иштирокини кучайтириш зарур бўлган соҳалар (масалан, ижтимоий объектлар қурилиши ва маҳаллий бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишда) қайд этилди. Қолаверса, қарор қабул қилиш жараёнида аҳоли иштирокини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар ҳали ишлаб чиқилмаган ва амалга тадбиқ этилмаган. Шу нуқтаи назардан, турли қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар муҳокама учун ўртага ташланди.


БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним фикрича, жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолат қарор топиши учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил ҳисобланади.


Шунингдек, вебинарда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бош координатори, “Инновация учун ҳамкорлик” дастурининг Ўзбекистондаги директори Елена Кудинова “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги чора-тадбирлар ва уларнинг илк натижалари ҳақида маъруза қилди. 


Экспертлар ва иштирокчилар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида Бахмал, Ховос, Деҳқонобод ва Сариосиё туманлари ҳамда Нурафшон тумани халқ депутатлари Кенгашлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Ушбу жараёнда техник ва методологик кўмак кўрсатиш миллий тажрибани шакллантириш имконини бериши таъкидланди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати