@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2021 йил Давлат дастури: ватандошларимиздан таклифлар

 2020-11-27 11:42:00   |     Просмотров: 3075

Хориждаги ватандошлар билан яқин алоқа ўрнатиш, уларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда видеоконференцалоқа шаклида мулоқот ташкил этилди. Унинг доирасида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури ижроси ҳамда 2021 йил Давлат дастури учун таклифлар муҳокама қилинди.

Онлайн мулоқотда хориждаги ватандошлар билан ишлайдиган жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари, дипломатик ваколатхоналар, парламент, ёшлар вакиллари иштирок этди.

Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳудудларни ривожлантириш бўйича фикр ва таклифларини инобатга олиш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш аҳамияти таъкидланди. Ушбу мақсадлар учун махсус «Jamoatchilik» онлайн-платформаси яратилди. Шу йилнинг ноябрь ойи бошида платформа орқали 2021 йил Давлат дастурига таклифлар қабул қилиш бошланди. Муҳими, бунда алоҳида рўйхатдан ўтиш ёки верификация талаб қилинмайди. Jamoatchilik.uz платформасига кириш ва «Таклиф юбориш» (http://jamoatchilik.uz/ru/form3.php) тугмасини босиш кифоя. Исталган киши ўз ғоя, таклифларини билдириши, изоҳларда ёзиб қолдириши мумкин. Тўлдириш шакли ўзбек ва рус тилларида мавжуд.

Онлайн мулоқот давомида меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, «Мадад» хорижий фуқароларни қўллаб-қувватлаш маркази Автоном нодавлат ташкилоти раҳбари Азиз Сайибоев Россиядаги ватандошларимиз учун давлатлараро даражасида ижтимоий  пакетлар ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг элчихоналари ва консулхоналари қошида кўп вазифали ёрдам бериш марказлари (Озарбайжон ва Тожикистон тажрибаси) ташкил қилиш, бунда дипломатик ваколатхоналардаги кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш, ватандошларнинг аёллари ва болаларини ўқитишни таклиф қилди. Унинг фикрича, мулоқот ва миллий-маданий қадриятлар билан алмашиниш учун халқаро ёшлар марказлари, миллий спорт клубларини очиш мигрантлар ва хориждаги ватандошларнинг адаптация муаммоларига ечим излаш механизми бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Канаданинг Нью-Брансуика университети ҳуқуқ факультети профессори Воҳид Ўринов олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ушбу тизимга ўтишдаги ҳуқуқий мақомини аниқлаб олиш таклифини берди. Ўринов ОТМларга ўқишга киришда талабаларга тақдим этиладиган имтиёзлар тенг бўлиши керак, ОТМ битирувчиларига меҳнат фаолиятининг бошида солиқ солинишини қайта кўриб чиқиш зарур (Канада тажрибаси), деб ҳисоблайди. Унингча, ўқувчилар, талабалар, айниқса, биринчи даражадаги таълим йўналишларида ўқув-амалий адабиётларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни кенгайтириш лозим.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш нафақат электрон рецептлар бериш, балки малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга имкон беради, - дейди Сежонг университети (Корея Республикаси) докторанти Отабек Жўраев. Шунингдек, у тиббий суғурталашнинг янада илғор усулларини жорий этиш, 1-синфдан 11-синфгача бўлган мактаб ўқувчиларини онлайн ўқитиш учун телеканал ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Бу болаларга Интернет бўлмаган тақдирда ҳам таълим олиш, шу жумладан, хорижий мамлакатлар тажрибаси, янги усул ва дастурлардан фойдаланиш имкониятини беради. Бу қишлоқ жойларида, ногиронлиги бор болалар учун долзарбдир. Сежонг университети докторанти, шунингдек, Корея Республикаси тажрибаси асосида аҳолига солиқни қайтариш амалиётини жорий этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

«ПСП-фонд» — маърифий ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш хайрия жамғармаси директори — Мигрантларни мослашиш ва миллатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича минтақалараро ресурс маркази директори Борис Панич меҳнат мигрантларини хабардор қилиш тизимини ишлаб чиқиш ва уларнинг жўнаш олдидан ўқитиш сифатини ошириш, мамлакатлар ҳудудларида бепул юридик ёрдам дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Меҳнат мигрантларининг келиши, уларнинг болаларининг ижтимоий мослашуви бўйича давлат дастурларини тарғиб қилиш, меҳнат мигрантлари билан ишлайдиган мутахассислар сонини кўпайтириш ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мамлакатлар билан жамоат ташкилотлари ўртасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам айтиб ўтди.

Омск вилоятининг «Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги» жамоат ташкилоти раҳбари Баҳромбек Юсупов ватандошларнинг Ўзбекистон тарихи, урф-одатлари ва миллий келиб чиқиши ҳақидаги билимларини кенгайтириш учун хорижда тарихий марказлар яратиш таклифини берди.

Онлайн мулоқот доирасида қабул қилинган барча таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, тегишли тузилмаларга етказилади. Ўзбекистонда 2021 йилги Давлат дастури лойиҳаси бўйича таклифларни қабул қилиш давом этмоқда. Бу жараёнда хориждаги ватандошлар ҳам фаол иштирок этмоқда.

 «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати