@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати: биз бўлмасак, бошқа ким?

 2021-02-10 19:12:11   |     Просмотров: 4859

Ўзбекистонда волонтёрлик фаолияти шаклланиш босқичидан ўтмоқда. Бир неча йил олдин, ҳар ким ҳам “волонтёр ким?” деган саволга аниқ жавоб бера олмас, волонтёрлик ҳаракатининг қонуний асослари мавжуд эмас эди. 


Бугун юртимизда волонтёрлар ҳаракатига кенг йўл очилмоқда, волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинди, 2020 йил 4 декабрда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ташкил этилди, Волонтёрлар форуми ўтказилди. 


Маълумот учун: волонтёр — волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс; волонтёрлик фаолияти — жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият.


Жорий йилнинг 10 февраль куни Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали доирасида “Ўзбекистонда волонтёрлар ҳаракати” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу тадбирнинг инклюзивлигини таъминлаш мақсадида эшитишда нуқсони бор инсонлар учун муҳокамалар сурдотаржима қилинди.


Тадбир Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси модераторлиги остида бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб 40 дан зиёд ташаббускор волонтёрлар гуруҳларини оффлайн ва онлайн режимда бир майдонга жамлади. Унда жумладан, қуйидаги ташаббускор кўнгилли гуруҳлар иштирок этди: “Мўъжизалар вақти” (Время чудес), “Downside sport”, “Сharity Union”, “Line of life”, “Mehrli Qo‘llar волонтёрлари”, “Биз бўлмасак, бошқа ким?” (Если не мы, то кто?), “The universe”, “Қуёшча” (Солнышко), “Меҳрли дизайнерлар” (Добрые дизайнеры), “Ҳаёт нафаси” (Дыхание жизни), “МедКлоуны”, “Food for life”, “Саховатпеша”, “Покиза инсонлар”, “Қорақалпоғистоннинг меҳрли инсонлари” (Добрые люди Каракалпакстана), “Hasharweek”,  “Тиббиёт академияси волонтёрлари”, “Шифокор–волонтерлар”, “Истиқболли авлод” Наманган бўлими, “Табассум қил” (Улыбайся), “Умид қанотлари” (Крылья надежды), “Меҳрли контейнер” ва бошқалар. 


    Таъкидланганидек, волонтёрлик, яъни кўнгиллилар ҳаракати бутун дунёда хайрли мақсадларни амалга оширувчи тузилма сифатида шаклланган ва ривожланган. Ўзбекистонда ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бу ҳаракат имкониятларидан фойдаланилмоқда. Волонтёрлик ҳаракатининг аҳамияти айниқса, 2020 йилда глобал миқёсда намоён бўлди. Шунинг учун волонтёрларни бирлаштириш ва уларнинг фаолиятини сифатли шакллантириш бўйича ҳаракатларни биргаликда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. 


Тадбирда иштирок этган волонтёрлар ўзларининг муваффақиятли лойиҳалари муаллифларини тақдимот қилишди, фаолият йўналишлари ҳақида сўзлаб беришди. Соҳада дуч келган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтишди, амалий таклифларни беришди.


Таъкидлаш жоизки, тадбирга Қозоғистон ва Россия каби қўшни давлатлардан келган волонтёрлар ҳам қизиқиш билдиришди. 


Тадбир якунида бутун мамлакат бўйлаб волонтёрлар ташаббусларини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди, шунингдек, бутун республика бўйлаб фаол волонтёрлар орасидан тренерларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.


“Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати” мулоқоти сўнгида Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳамда “Эзгу амал” жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

 
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати