@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик муҳокамаси: инклюзив таълимни ривожлантиришда ННТларнинг роли

 2021-02-08 19:17:48   |     Просмотров: 2137

2021 йилнинг 8 февраль куни Тошкент шаҳрида Фаол фуқаролар умуммиллий фестивалига старт берилди. 5 кун давом этадиган фестиваль доирасида анжуманлар, конференциялар, жамоатчилик муҳокамалари, мунозаралар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат дарслари шаклидаги 20га яқин тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.


Фестивалнинг биринчи куни дастуридан ўрин олган жамоатчилик муҳокамаси “Инклюзив таълимни ривожлантиришда ННТларнинг роли” мавзусида бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий ва халқаро экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.


Маълумки, 2020 йил 23 сентябрда “Таълим тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда Ўзбекистондаги таълим муассасаларида инклюзив таълим барча таълим олувчилар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилиши, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун инклюзив таълим ташкил этилиши белгилаб қўйилган.


Шунингдек, Президентниг тегишли қарори билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Қарорга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабларда инклюзив таълим жорий қилиниши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлар очилиши, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар, мактабларда инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Инклюзив таълим лабораторияси” ташкил этилиши белгиланди.


Эндиликда ушбу вазифаларни амалга оширишда, уларни давлат таълим дастурига тадбиқ этишда давлат билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиши кераклиги таъкидланди. Яъни ННТлар ҳам ижтимоий-инклюзив таълимга ўз ҳиссаларини қўшишлари, турли консультациялар ташкил қилиши, халқаро амалиётларни ўрганиб, тадқиқотлар олиб бориши, методик қўлланмалар яратиш билан давлатга кўмаклашиши мумкин.
 
Усмон Шарифхўжаев, халқ таълими вазири ўринбосари:
—    Мамлакатимизда имконияти чекланган болаларни соғлом тенгдошлари билан бирга таълим муассасаларида ўқитиш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда инклюзив таълим жорий этилган таълим муассасалари салмоғи 19 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан яхшироқ, лекин, тан олиш керак, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Республикада инклюзив таълим шароити яратилмаган мактаблар ҳам кам эмас. Бу борада, айниқса, инклюзив таълимнинг методикасини яхшилаш ишларида халқ таълими вазирлиги ННТлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.  

 
Васила Алимова, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори: 


—    Ўзбекистонда инклюзив таълим йўналишида фаолият олиб борувчи ННТлар мавжудлиги, уларга ҳам имкониятлар берилаётгани қувонарли ҳол. Республика болалар ижтимоий мослашув марказига йилига ўртача 5 минг бола ва оила мурожаат қиладиган бўлса, шундан 3 мингдан зиёди имконияти чекланган болалардир. Фаолиятимизнинг катта йўналиши ҳам инклюзив таълимни ННТлар билан бирга тарғиб қилишга қаратилган. 


Таъкидланишича, Европа иттифоқи кўмаги билан инклюзивни таълимни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳа йўлга қўйилган. 3 та вилоят марказида ресурс марказлари ташкил қилинди. Унга 1,5 мингдан зиёд бола жалб қилинган. Бироқ ушбу ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд. Маълумотларга кўра, 10 мингдан зиёд респондентлар – педагоглар ва талабалар ўртасида ўтказилган сўровномаларда инклюзив таълим ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлганлар 10 фоизнигина ташкил этган, 15 фоизи қисман хабардорлиги, 60 фоизидан кўпи умуман тушунчага эга эмаслиги аниқланган. 


Муҳокамалар сўнгида иштирокчилар томонидан келгусида аҳамият берилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди:

  • •    “Таълим тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш;
  • •    таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш фаолиятини кучайтириш;
  • •    инклюзив таълимни ривожлантиришда ННТларнинг ролини кучайтириш.

Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) ва қатор ҳамкорлар кўмагида ташкил этилмоқда.


 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати