@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғонада “Журналист ва блогерлар мактаби” якунланди

 2021-03-20 09:56:26   |     Просмотров: 3438

Нима?

“Қизиқарли мультимедиа маҳсулотини яратиш ва уни ижтимоий тармоқларда оммалаштириш” мавзусида журналист ва блогерлар учун тренинг

Қачон?

2021 йилнинг 17—19 март кунлари

Қаерда?

Фарғона шаҳрида

Ким?

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият юритувчи журналист ва блогерлар

Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг тренерлари Саида Сулейманова ҳамда Эмиль Фахреев

Мақсад?

ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш, журналист ва блогерларнинг ижтимоий тармоқлар учун сифатли ва қизиқарли контент яратиш бўйича салоҳиятини оширишга, замонавий технологиялар, дастурий таъминот тўпламларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни визуализация қилиш (инфографикалар тайёрлаш)га, материалларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашиш.

         “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида “Журналист ва блогерлар” мактаби ташкил этилди. Уч кун давомида тренерлар иштирокчиларга “Қизиқарли медиа контект қандай яратилади?”, “Ғоя ва мавзуни қаердан излаш керак?”, “Материалларни ‘4 челак’ концепцияси асосида таҳлил қилиш”, “Тўнтарилган пирамида”, “Аудитория эътиборини жалб қилиш усуллари: сарлавҳа, лид, суратларга тагсўзлар”, “Ижтимоий тармоқлардаги троллар” каби мавзуларда сессиялар ўтди, шунингдек, “Storitelling нима?”, “KnightLab”, “Inforgam”, “Canva”, “Piktochart”, “GoogleTables” ва бошқа фойдали сервислар билан ҳам таништирди.

         Журналистикада бир мавзуга турлича ёндашув муҳим ўрин тутади. Мавзуни хоҳ босма, интернет ва теле журналист, хоҳ блогер ёритсин, унга турлича ёндашади. Бунда замонавий медиа воситалари қўл келади. Аммо ҳар ким ҳам буни қандай қилишни, аудиторияга ахборотни қай тарзда етказишни билавермайди. Мазкур медиа мактаб ОАВ вакилларига бу борада кўмакчи бўлди.

  — Телеграмда шахсий каналимни юритаман. Унда доим янгилик қилишга, бирор ахборотни тезкорлик билан ёки ўзимнинг муносабатим билан беришга ҳаракат қиламан, - дейди медиа мактаб иштирокчиси Муҳаммадюсуф Йўлдошев. — Ушбу тренингда янгилик беришнинг замонавий усуллари, воситалари билан танишдим. Эндиликда уларни ўзлаштириб, аудиториям учун қизиқарли маҳсулотлар етказаман. Зеро, бу замон талаби, бугунги ахборот оқимида ортда қолиб кетмасдан, оқим билан биргаликда “сузиш” керак.

Медиа мактаб якунида 20 нафар битирувчиларга сертификатлар топширилди. Келгусида улар медиа маконда ўз ўрнига эга бўлишларига ҳамда йирик медиа лойиҳаларга қўл уришларига умид билдирилди.

"Юксалиш” ҳаракати жорий йилда ҳам республикамиз бўйлаб журналист ва блогерлар малакасини  оширишга кўмаклашишда давом этади. Навбатдаги — иккинчи медиа мактаб июль ойида Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган. Унда Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларининг соҳа вакиллари  қатнашиши кўзда тутилган.

"Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати