@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Tashkent Law spring” форуми доирасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

 2021-04-23 17:22:36   |     Просмотров: 2883

22 апрель куни "Tashkent Law Spring" II Халқаро юридик форуми доирасида “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида ташкил этилди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов тадбирга модераторлик қилди.


Таъкидлангандек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари жорий этилмоқда. Уларнинг имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди. Жамоат ташкилотлари фаолиятини чеклайдиган мавжуд тўсиқлар олиб ташланмоқда. 70 дан ортиқ давлат идоралари ва муассасалари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Сўнгги уч йил ичида фуқаролик жамияти институтларига ажратилган субсидиялар ва грантлар миқдори икки бараварга ошди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий грантларни олиши ва ундан фойдаланиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди.


 “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши, “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори каби муҳим ҳужжатларнинг қабул қилиниши натижасида 2019 йилнинг

ўзида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан мингдан зиёд жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич 3-4 йил олдинги кўрсаткичлардан бир неча баробар кўплигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ННТлар ўзгаришларни амалга оширишнинг асосий дастакларидан бири эканлиги, уларга бўлган эҳтиёж ва тайёрликка шубҳа йўқлиги таъкидланди.


Иштирокчилар қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида фикр алмашиш, шунингдек, ННТ фаолиятининг қуйидаги йўналишларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди:

  • одам савдосига қарши курашишда жамоатчилик назорати;
  • меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
  • зўравонликка учраган аёлларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
  • ННТ фаолиятининг очиқлик индекси.

Тадбир иштирокчилари Германия, Словения ва Европа Иттифоқининг фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги тажрибаси, ННТларнинг парламент ва ҳукумат билан ҳамкорлиги тартиби билан танишди.
Давра суҳбатида Олий Мажлис палаталари, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва халқаро институтлар вакиллари иштирок этди.


Тадбир иштирокчилари томонидан ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари соҳасини янада ривожлантиришда ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда давлат ҳокимияти ва тадбиркорлик тузилмалари билан ННТнинг ижтимоий шерикликка кўмаклашувчи таклифлар ишлаб чиқилди.


Музраф Икрамов, адлия вазири ўринбосари:
– Охирги уч йил давомида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, соҳадаги айрим чекловлар бекор қилинди ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича янгиликлар жорий этилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари 1 ойгача қисқартирилди, фаолиятни тугатиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши ўрнатилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш тартиби соддалаштирилди, бунда муддатлар ва даврийлик, масъул ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди. Рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакли соддалаштирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат хизматлари кўрсатиш электрон тартибда, хусусан www.e-ngo.uz портали амалга оширилиши йўлга қўйилди.


Камолиддин Ишонходжаев, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси:
– Бугунги кунда ННТлар фаолияти тубдан яхшиланди. Бу борада сезиларли ишлар олиб борилмоқда. ННТлар фаолиятини такомиллаштириш учун ўтган тўрт йил мобайнида Давлат бюджетидан ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 117 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилди. Ушбу жараёнда 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати