@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари учун махсус тренинг

 2021-04-22 14:32:08   |     Просмотров: 2618

21—22 апрель куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун зарур бўлган билим ва салоҳиятини ҳамда кўникмаларини ошириш мақсадида махсус тренинг ташкил этилди. 


Тренинг давомида жамоатчилик кенгашларининг максад ва вазифалари, иш юритиш услублари, фаолиятини режалаштириш (стратегик режа, SWOT ва PEST таҳлил услублари), “жамоатчилик мониторинги” ва “жамоатчилик эшитувлари” каби механизмларни самарали ишлатиш ҳамда жамоатчилик ва ОАВ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида урғу берилди. 


Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини яратиш ва ривожлантириш” номли махсус услубий қўлланманинг тақдимоти ўтказилди. Қўлланмадан Ўзбекистон давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, ушбу институтни ривожлантириш бўйича халқаро тажрибанинг таҳлили жой олган. Жамоатчилик кенгашларининг таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби ва қоидалари батафсил кўриб чиқилган, тузилмаси ва таркиби бўйича тавсиялар берилган.


Жамоатчилик кенгаши нима учун керак? Жамоатчилик кенгаши давлат идораси ва аҳоли ўртасида конструктив мулоқот ўрнатишга ёрдам беради. Фуқаролар манфаатларини илгари суриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Фуқароларга уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш усулларини таклиф этади. Асосийси, аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини оширишга кўмаклашади.


Жамоатчилик кенгаши қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорларда жамоат манфаатлари ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш бўйича давлат идоралари ва унинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Давлат ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади, ушбу йўналишдаги ишларни назорат ва таҳлил қилади.


Жамоатчилик кенгашининг вазифаларидан бири — давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.


Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишини, ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар маҳаллий кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъкидлади. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратининг кенг йўлга қўйилиши қайд этилди. Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади. 


Ушбу ташаббус ва вазифаларни амалга ошириш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш жараёнларига кенг жалб этилади.


Шу ўринда таъкидлаш лозимки, айни вақтда 70 дан зиёд давлат идоралари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини юритмоқда. Давлат идоралари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни ривожлантиришдан биринчи галда жамоатчиликнинг ўзи манфаатдор ҳисобланади. Шундай экан, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни ҳамда уларнинг халқ олдидаги ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари фаол позицияда бўлиши керак. Уларнинг иштирокисиз, аниқроғи, фаол иштирокисиз ҳаққоний очиқлик ва ошкораликни таъминлаб бўлмайди.


Тренинг фаол фикр ва амалиёт алмашиш майдончасига айланди. Хусусан, республиканинг турли давлат тузилмалари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари аъзолари бўлган тренерлар ўтган бир йил давомида иш жараёнида дуч келган қийинчиликлар, ютуқлар ва фаолият натижалари ҳақида сўзлаб беришди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати