Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, узумчилик ва виночиликни янада ривожлантириш соҳасидаги ҳужжатларнинг ижро ҳолати қандай?
Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг платформаларида жамоатчилик мониторинги ҳамда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиб келинмоқда. Навбатдаги жамоатчилик эшитуви 24 август куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг платформасида ўтказилди.
Тадбир алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш тизимларини такомиллаштириш, узумчилик ва виночиликни янада ривожлантириш соҳасидаги ҳужжатларнинг ижро ҳолатига бағишланиб, топшириқларнинг бугунги кун ҳолати танқидий муҳокама қилинди.
Маълумот учун, соҳага масъул бўлган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар бу борада 1 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони, 11 та қарори, шунингдек, улар ижросини таъминлашга қаратилган 3 та Ҳукумат қарори қабул қилинган.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида 177 та (77,2%) топшириқлар бажарилган, шу жумладан 41 таси (23,1%) муддатидан кеч бажарилган, 51 та ҳужжатлар ижро жараёнида (22,2%), 1 та (1,9%) топшириқнинг ижро муддати ўтган.
Қайд этилишича, соҳавий дастурлар ва мутахассисларни тайёрлаш ишлари етарли даражада амалга оширилмаган. Жумладан, Фармонга мувофиқ Агентлик томонидан соҳани ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш, хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш вазифаси юклатилган. Бироқ Фармон қабул қилинганига бир йил бўлган бўлса-да, Агентлик томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурлар ишлаб чиқилмаган.
“Электрон ҳукумат” тизими орқали 18 турдаги ҳужжатни сўраб олиш йўлга қўйилмаган. Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниши бекор қилинган ҳужжатларни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан электрон шаклда сўраб олиши белгиланган. Бироқ ўрганиш кунига қадар Агентлик томонидан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан талаб қилиниши бекор қилинган ҳужжатларни электрон шаклда сўраб олиш амалиёти йўлга қўйилмаган. Бундан ташқари, Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлари ҳам “Электрон ҳукумат” тизимига уланмаган. Бу эса, ўз навбатида, Агентлик ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилишига олиб келмоқда.
Жамоатчилик эшитуви давомида Агентликнинг масъул раҳбарлари оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамиятининг институтлари вакилларига бажарилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Юқоридаги масалалар доимий равишда жамоатчилик эътиборида бўлиши ва мунтазам равишда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиши алоҳида қайд этилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати