@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Меҳр улаш” акциясига “Юксалиш” ҳаракати жамоаси ҳам қўшилди

 2021-09-23 13:41:01   |     Просмотров: 1928

Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Меҳр улаш” хайрия қон топшириш акциясига старт берилган эди. Ушбу акция бўйича эстафетани “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамоаси ҳам қабул қилиб олди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига қон топширишлар сони 30 та ва ундан ортиқ бўлиши, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 та ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши лозим.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича,  юртимизда ҳам аҳолини беғараз донорликка жалб этиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йилда 178 минг 206 нафар донор қон топширган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йил 201 минг 606 нафар, ўтган 2020 йилда эса 199 минг 375 нафарни ташкил этди.  Шунингдек, ўтган йилда юртимизда 95560,52 литр соф қон тайёрланган бўлса, бу рақам 2019 йилда 96550,17 литр, 2018 йилда эса 85201,03 литрни ташкил этди.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳар қандай соғлом инсон донор бўла олади. Донорлар қон топширгач, унинг иммун тизими мустаҳкамланади, қон босими меъёрлашади.

Аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини оммалаштириш мақсадида турли лойиҳа ва акциялар ўтказилмоқда. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Меҳр улаш” хайрия акциясини қўллаб-қувватлайди ва бундай акциялар республикамизда донорлик ҳаракатини ривожлантиришга ҳамда беморлар, қонга муҳтож инсонларнинг соғайишига ҳисса қўшаётганидан мамнунлигини билдиради.  

“Меҳр улаш” акцияси давом этади. Унга сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг, зеро, акция шиорида айтилганидек, “Қон топширинг – меҳр айланади!”