@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Халқаро медиа-холл Ўзбекистонда президентлик сайловларини ёритиш учун очиқ нодавлат майдонга айланди

 2021-11-01 09:27:50   |     Просмотров: 2950

“Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” дастури доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида жорий йилнинг 14 октябридан 26 октябрига қадар мақсадида Халқаро медиа-холл ташкил этилди.

Мақсад – Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган натижаларни ҳар томонлама ёритиш ҳамда Президент сайловини холис ва ҳаққоний ёритишни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш.

Медиа-холл давомида пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида сиёсий партиялар, Марказий сайлов комиссияси, давлат идоралари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида турли брифинглар, матбуот-анжуманлари, давра суҳбатлари, мулоқот ва мунозаралар ташкил этилди. Шунингдек, ёш журналистлар учун маҳорат дарслари ва танловлар ҳам ўтказилди. Маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистондаги вазирликлар вакилларидан, экспертлардан, халқаро кузатувчилардан интервью олиш имкониятига эга бўлишди.

Маҳаллий ва хорижий журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаолларининг фикрича, мазкур янги медиа платформаси сайловолди ташвиқотининг якуний босқичидаги жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, сиёсий партиялар, вакиллар учун тенг шароит ва имкониятлар яратишга хизмат қилди. Улар нафақат сайлов жараёнлари ҳақида, балки Ўзбекистонда сўнгги беш йилда юз берган ижобий ўзгаришлар ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлишди. Бундай платформа мамлакатимиздаги очиқлик, ошкоралик ва адолатлиликни таъминлаш, сайловолди ташвиқотини принципиал жиҳатдан янги сиёсий муҳитда ўтказиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг ёрқин далили ва натижаси бўлгани таъкидланди.

Умуман айтганда, Медиа-холл Ўзбекистонда ўтказилаётган сайлов кампаниясининг бориши ва натижалари тўғрисида аҳоли ва жаҳон ҳамжамиятини холисона хабардор қилиш, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва экспертлар ҳамжамияти даражасида муҳокама ва мунозаралар ўтказиш, сайлов жараёнини ёритишда иштирок этаётган оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар яратиш учун қулай нодавлат очиқ майдонга айланди.

Унда 40 дан ортиқ турли форматдаги тадбирлар, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган мулоқот, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокамаси, ёшлар сиёсатига бағишланган давра суҳбати, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки  муҳокамаси, reforms.uz сайти тақдимоти бўлиб ўтди. Айниқса, “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуидаги, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларига бағишланган очиқ мулоқотлар оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Экспертлар платформаси доирасида фан, таълим, маданият, туризм ва спорт соҳалари мутахассислари иштирокида мунозаралар, “Ўзбекистон – маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси: тарих ва замонавийлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар раҳбарияти, Бизнес-омбудсман ҳамда тадбиркорлар иштирокида қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва Ўзбекистонни молиявий оқимларнинг минтақавий маркази сифатида шакллантириш жиҳатлари муҳокама қилинди. Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириш, сайловларнинг очиқлиги, демократик тамойилларга мослигини масалалари эътибордан четда қолмади.

Халқаро медиа-холл дастуридан маданий тадбирлар ҳам жой олди. Жумладан, янги фильмлар, китоблар тақдимоти, концертлар, тақдирлаш маросимлари ўтказилди.

“Юксалиш” УМҲ томонидан иккита танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди. Бири – пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар танлови, иккинчиси – Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган #MenUchunQadrli флешмоб танловидир.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Ўз келажагимни ўзим белгилайман” ва “Сайлов-2021: келажак халқ танловига боғлиқ” мавзуларида иншолар танлови, шунингдек, “Ёш сайловчи”, “Янги Ўзбекистон сайловлари ёшлар нигоҳида” мавзуларида вебинарлар ва интеллектуал ўйинлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан “Бир кунлик тўй”, “Тутқунлик” (“Меҳр” операциясига бағишланган) каби бадиий фильмлар тақдимоти, Тошкент кинофестивали якунлари бўлиб ўтди.

10 кун мобайнида Медиа-холлга 10 мингдан зиёд киши ташриф буюрди. Ўтказилган тадбирлар бўйича 5 мингдан ортиқ материаллар тайёрланди ҳамда маҳаллий давлат ва хусусий телерадиоканаллар, интернет ва босма нашрлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар, саҳифалар орқали тарқатилди. Алоҳида тадбирлар ижтимоий тармоқларда онлайн трансляция қилинди. Жами 15 млнга яқин томошабинни қамраб олди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати