“Юксалиш” ҳаракати раиси Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
1 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский билан учрашди. Мақсад – Ҳаракат фаолияти билан таништириш, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш.
Учрашувда меҳмонларга “Юксалиш” УМҲнинг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар тўғрисида ахборот берилди. Шунингдек, Ҳаракат томонидан қўшма лойиҳалар доирасида халқаро ҳамкорлик фаол ривожлантирилаётгани қайд этилди. Бунга мисол тариқасида журналист ва блогерлар учун Медиа мактаб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун “ННТлар мактаби”, инсон ҳуқуқлари, чекка қишлоқ ҳудудларида аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмаларни яхшилаш, ёшлар ва бошқа қўшма лойиҳалар айтиб ўтилди.
Константин Оболенский мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари соҳасида юз бераётган демократик ўзгаришлар, бу йўлда “Юксалиш” УМҲнинг катта ҳисса қўшаётгани эътирофга лойиқлигини таъкидлади. Келгусида Ўзбекистонда ННТларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада енгиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини молиялаштиришнинг шаффоф тизимини таъминлаш, нодавлат ташкилотлари дуч келаётган муаммоларга (шу жумладан, кадрлар салоҳияти, билим ва малака етишмаслиги) маҳаллий ҳокимликлар даражасида ечим топиш аҳамиятга эгалигини қайд этди.
Томонлар, шунингдек, ННТларни турли соҳаларга янада кенг жалб қилиш тенденцияларини ва имкониятларини муҳокама қилди. Жумладан, камбағалликни қисқартириш, экология, иқтисодий тараққиёт, сўз эркинлиги ва ҳакозо соҳаларда нодавлат ташкилотларининг ҳам фаол иштироки мақсадга мувофиқ. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида сув ресурслари, иқтисодий ривожланиш, ННТлар билан биргаликда стажировкалар, тренинглар ўтказиш, ҳукуматлараро эса транспарент бошқарув, инклюзив барқарор ривожланиш кабилар санаб ўтилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати