Жамоатчилик эшитуви: Давлат дастурининг 4 та банди ижроси юзасидан ҳисоботлар тингланди
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви жорий йилнинг 10 декабрь куни ўтказилди. Жамоатчилик эшитуви “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг масъул раҳбарлари Давлат дастурининг тегишли бандларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этди.
Жумладан, Дастурнинг 81-бандига мувофиқ, ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш;
87-бандга кўра, махсус иқтисодий зоналари иштирокчиси мақомини олиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш мақсадида соҳага ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенг жорий этиш;
103-бандга кўра, туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформа яратиш;
156-бандга кўра, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни ташкил этиш ва бошқа шу каби вазифаларнинг ижро ҳолати юзасидан масъулларнинг ҳисоботи тингланди.
Жамоатчилик эшитуви давомида ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар неча маротаба маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги, махсус иқтисодий зоналарининг иштирокчиси мақомини олишда электрон танлов ўтказиш тартиби қай даражада шаффоф тарзда йўлга қўйилганлиги, бўш иш ўринлари ярмаркаларида туризм фирма ва компанияларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича бажарилган ишлар, қайси ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилганлиги ва уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш ишларининг ҳолати қандай эканлиги каби саволларга жавоб олинди.
Тадбирда ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш суст даражада эканлиги, ёшлар саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлашда камчиликлар мавжудлиги каби муаммолар танқид қилинди. Жумладан, ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларга маълумот киритиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Аммо бу борада самарали жамоатчилик назорати тизими жорий қилинмаган, ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолати бўйича, жумладан, қайси маблағ ҳисобига қайси объект қурилаётганлиги, давлат ёки хусусий шерикнинг инвестиция мажбуриятларини бажараётганлиги бўйича жамоатчиликка маълумотлар тақдим этилмаяпти. Тақдим этилаётган маълумотлар ҳам умумий характерда.
Дастурда давлат хусусий шериклигига таклиф этилаётган барча объектлар бўйича маълумотларни Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш белгиланган бўлса-да, мазкур маълумотлар ўз вақтида жойлаштирилмаяпти, агентликнинг расмий сайти ишламаяпти. Айтиш мумкинки, бу борада белгиланган вазифалар бажарилмасдан қолмоқда.
Шунингдек, эркин иқтисодий зоналарининг ягона порталида ижарага бериладиган ер участкалари, бинолар, иншоотлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш кўзда тутилган бўлса-да, мазкур маълумотлар жойлаштирилмаган, ушбу порталдаги маълумотларнинг аксарияти эски маълумотлар эканлигини кузатиш мумкин. Республика бўйлаб "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари" ташкил этилган бўлса-да, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш ишлари якунига етказилмаган, бу эса жойларда янги иш ўринларини яратиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслигини англатади.
Эшитувда шу каби масалалар доимий равишда жамоатчилик назоратида бўлиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган. Платформада Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати