@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Инсон – жамият – давлат тамойили амалда

 2022-01-31 12:00:00   |     Просмотров: 1159

​​​Президентимиз раислигида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Халқимиз билан бамаслаҳат қабул қилинган ушбу ҳужжатда келгуси беш йилликда мамлакатимиз учун устувор вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақи йўлида амалга ошириладиган ислоҳотларни кенг кўламда давом эттириш, аниқ мақсадлар сари интилиш, катта-катта кўрсаткичларга, марраларга эришиш йўлидан боришимиз зарур.

Хабарингиз бор, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳалари 15 кун давомида бир қатор электрон платформалар орқали кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинди, юртдошларимиз томонидан турли таклифлар билдирилди.

Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг jamoatchilik.uz веб-­сайтига муҳокамага қўйилган даврдан то 15 январга қадар жами 1 минг 148 та таклиф келиб тушди. Бунда фуқаролар томонидан Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган чора-­тадбирлар ва илгари сурилган ташаббуслар қўллаб­-қувватланиб, ижобий фикр­-мулоҳазалар қолдирилди.

Хусусан, юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг иш ҳақларини ошириш ҳамда уларнинг малакасини баҳолаш бўйича адолатли ва шаффоф тизим жорий этиш, пенсияни тайинлашда базавий ҳисоблаш миқдорини ошириш, пенсия стажига қўшиладиган болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини 6 йилгача етказиш, ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни иш стажига қўшиш каби муҳим масалаларни қизғин қўллаб-­қувватлаб, юқори баҳолади.

Жойлардан келиб тушган таклиф ва изоҳларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар томонидан асосан, маҳаллаларда ижтимоий сиёсатни кучайтириш, таълим, бандлик, пенсия таъминоти, кўчмас мулк ва одил судлов каби масалалар бўйича таклифлар билдирилди.

Масалан, маҳаллаларда “Иш марказлари”ни ташкил этиб, ишсизлик муаммоси билан мунтазам ишлайдиган тизим яратилиши вақтни тежаш учун ҳар 15 кунда маҳаллада ҳокимлар, сектор раҳбарларининг онлайн қабулини ўтказиш, маҳалла раисининг йилига камида 4 маротаба фуқароларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот бериб бориши механизмини ишлаб чиқиш, нафақа пулига маҳалла тизимини аралаштирмасдан онлайн ёки ягона дарча орқали ҳужжатларни тақдим этишни йўлга қўйиш каби масалалар илгари сурилди.

Шунингдек, ҳар бир маҳаллада тил ўқитиш марказларини ташкил этиш, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқароларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш, “Энг фаол таклиф юборган маҳалла”, “Энг кўп таклиф билдирган фуқаро”, “Фаол фуқаро” каби танловларни ўтказиш таклиф этилди.

Ҳар бир маҳалланинг географик жойлашуви, иқтисодий ва ижтимоий ўсиш имкониятларидан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролари иштирокида уларнинг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, маҳаллаларда аҳолининг ҳар бир масала бўйича ижтимоий кайфиятини ўрганувчи социологик сўровнома ўтказиш амалиётини жорий қилиш масалаларини кўриб чиқиш мўлжалланган.

Муҳокамаларда фуқаролар таълим тизимига оид қатор ташаббуслар билан чиқди. Жумладан, мактабларда директор ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодлар ҳар уч йилда халқ депутатлари Кенгаши томонидан тавсия этилиши, халқ таълими тизимининг туман бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштирган ҳолда, босқичма-­босқич тугатиш ва тежалган маблағларни мактаб ўқитувчиларининг ойлигини оширишга қаратиш лозимлиги, барча мактабларни қуёш батареялари ёрдамида электрлаштириш орқали уларни узлуксиз электр билан таъминлаш, электрга кетадиган харажатларни бошқа йўналишларга сарфлашни йўлга қўйиш зарурлиги айтилди.

Тараққиёт стратегияси дастлаб лойиҳа сифатида эълон қилинганда 94 та мақсад кўзланган эди. Муҳокамалар натижасида ушбу мақсадлар сони 100 тага етди. Бу борада пенсия таъминоти, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб­-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, кино санъатини ривожлантириш, ёшларни қўллаб-­қувватлаш, экологияни асраш билан боғлиқ аниқ мақсадлар қўшилди.

Жамоатчилик фикри асосида яна кўплаб муҳим масалалар қўшимча равишда киритилди. Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг котибиятлари фаолиятини янада кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, чекка ҳудудларда мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаларига транспорт қатновини йўлга қўйиш, мактабларда директор ва унинг ўринбосарларини тайинлаш тизимини ўқитувчилар ва ота­-оналарнинг иштирокини назарда тутган ҳолда, янада такомиллаштириш, тажриба­-синов натижаларига кўра, бошланғич синф (1-­4­-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш, аҳолини тиббий суғурталаш тизимини босқичма-­босқич жорий қилиш, норматив­-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш каби масалалар аҳоли таклифлари асосида алоҳида акс эттирилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратига алоҳида урғу қаратилди. Бунда Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳининг ташкил этилиши муҳим жиҳат, дея айта оламан.

Шу билан бирга, айнан жойларда, маҳаллаларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-­қувватлаш жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва улар иштирокида тизимли равишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиб бориш белгиланган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ — ислоҳотлар ташаббускори бўлиши лозимлиги нуқтаи назаридан фуқаролар томонидан кўтарилаётган ташаббусларни умумлаштирган ҳолда, фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиб, жамоатчилик лойиҳаларини илгари суришдек муҳим вазифа олдимизда турибди. Демак, энди барча ҳаракатларимиз “инсон — жамият — давлат” деган янги тамойилга қаратилади.

Бобур БЕКМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати