“Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда уч йилдан буён “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциясини ўтказиб келмоқда. Бу йилги акцияда ҳам республиканинг барча ҳудудлари қамраб олинди.
Акция мақсади — фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, халқ билан ўзаро алоқалар механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш.
Икки кун — 17 ва 18 март кунлари давомида республикамиз бўйича 53 та нотариус томонидан 970 дан зиёд фуқароларга ҳуқуқий масалаларда бепул маслаҳат ва тушунчалар берди. Навоий, Хоразм, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ташкил этилган акцияда фуқаролар фаол қатнашди.
Келиб тушган мурожаатлар таҳлили фуқароларни асосан, олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштириш (ер, уй-жой ва транспорт воситалари) – 245 киши, мерос – 150 киши, ишончнома бериш – 120 киши, шунингдек, миграция – 45 киши масалалари қизиқтириши маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу вақтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Ҳар икки ташкилот ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом этмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати