@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Учрашувлар, келишувлар, тақдимотлар — АҚШга ўқув сафари якунлари

 2022-04-28 16:52:00   |     Просмотров: 2347

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбарияти коррупциянинг олдини олиш соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш, ушбу йўналишдаги тегишли идора ва ташкилотлар, етакчи таҳлил марказлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида 20-27 апрель кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Америка Қўшма Штатларида ўқув сафарида бўлгани ҳақида аввал хабар қилинганди.

Маълумот  учун: ўқув сафари “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) томонидан АҚШ давлат дапартаменти билан қўшма дастур доирасида ташкил этилди. Делегация таркибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура академияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари бор.

Сафар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилотлари, таҳлил марказлари ва ОАВ вакиллари билан қатор учрашувлар ҳамда тадбирлар ўтказилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи "Pioneer Institute” ақл маркази, истиқболда муҳим аҳамиятга эга, иқтисодий, сиёсий ўзгаришларни илгари сурувчи "Atlantic Council” (Атлантика кенгаши) таҳлил маркази раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувларда томонлар очиқлик ва шаффофлик борасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, фуқаролик жамияти институтлари, таҳлил марказлари томонидан коррупцияга қарши тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон ННТларининг салоҳиятини оширишга келишиб олди. Хусусан,  Pioneer Institute вакиллари Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумида иштирок этишга ва “Юксалиш” УМҲ билан тегишли ҳамкорлик меморандумини имзолашга таклиф этилди.

Учрашувлар давомида делегация Атлантика кенгаши фаолияти, Кенгашнинг АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг коррупцияга қарши кураш идоралари билан ўзаро ҳамкорлик тизими билан танишди. Натижада коррупциянинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга таъсирини таҳлил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, ахборот ва таҳлилий материаллар алмашиниш бўйича қўшма эксперт-таҳлил гуруҳини ташкил этишга келишиб олинди.

Делегация, шунингдек, АҚШ Давлат Департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича Бюроси, “The Boston Globe” таҳририяти раҳбарлари, судьялар, конгрессменлар, соҳа экспертлари билан мулоқот ўтказди.

Сафар доирасида “Минтақавий мулоқот” ХНТ (Словения), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Юксалиш” УМҲ ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳасининг биринчи босқич натижалари тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, АҚШ давлат депортаменти вакили Рик Стодард билан мулоқот қилинди. У “Юксалиш” УМҲнинг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш масалаларида фуқаролик жамияти фаоллигини юқори баҳолади. Р. Стодард Марказий Осиё мустақил экспертлар альянсини яратиш учун “Антикоррупция лабораториялари” ва унинг фаолиятига урғу берган ҳолда қўшимча молиявий ҳамда маълумотларда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати