@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон: БМТнинг шартномавий органлари берган янги тавсияларни амалга ошириш бўйича экспертлар муҳокамаси

 2022-05-13 15:17:00   |     Просмотров: 2747

Жорий йилнинг 13 май куни Халқаро юристлар комиссияси (ХЮК), БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси (RОCА), "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази ҳамкорлигида БМТнинг шартномавий органлари берган янги тавсияларнинг Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. 

Муҳокамада иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар, шу жумладан БМТ шартномавий органлари аъзолари, фуқаролик жамияти вакиллари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва алоҳида мутахассислар асосий эътиборни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ушбу икки асосий шартномавий органи – Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитаси (CEDAW) ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси (CESCR) тақдим этган тавсияларнинг самарали бажарилишига қаратди, шунингдек, Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим чора-тадбирларни белгилаб олди.

—  Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш ва гендер тенглигини таъминлаш мақсадида бир қатор ҳуқуқий, институционал ва сиёсий қарорлар қабул қилинди. Мазкур ўзгаришларни Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлайди, шунингдек, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмиталарининг сўнгги хулосалари ва тавсияларини самарали амалга ошириш зарурлигини таъкидлайди. Умид қиламанки, бугунги муҳокама Ўзбекистондаги манфаатдор томонларнинг иккита қўмита тавсияларини инобатга олган ҳолда соҳада нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида хабардорлигини оширади, - дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси сиёсат, матбуот ва ахборот масалалари бўлими раҳбари жаноб Миндаугас Качераускис.

—  Халқаро юристлар комиссияси бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш орқали иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлаб келмоқда. CEDAW ва CESCR қўмиталарининг сўнгги якуний хулосалари Ўзбекистонга ўзининг халқаро мажбуриятларини бажариши учун иқтисодий-ижтимоий, аёллар ҳуқуқларига оид муҳим ва аниқ тавсиялар беради. Ушбу тавсияларни самарали амалга ошириш учун пухта режа ишлаб чиқиш жуда муҳимдир, - дейди Халқаро юристлар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Роушин Пиллей ҳоним.

—  Мамлакатимиз халқаро ҳужжатлар ижроси бўйича ҳисоботларни БМТнинг тегишли қўмиталарига белгиланган муддатларда тақдим этиб келади. Хусусан, бу йил Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг имзолаган дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғриси"даги Конвенцияси ижроси бўйича ҳисобот тақдим этилди. Ҳисоботларни ўрганиш натижасида БМТнинг тегишли қўмиталари томонидан Ўзбекистон учун тавсиялар ишлаб чиқилди ва кенг жамоатчиликка эълон қилинди. Тавсияларда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси алоҳида эътироф этилган. Бугунги халқаро жамоатчилик эшитувининг аҳамияти шундаки, унда халқаро ва миллий экспертлар, хусусан, БМТ ва Халқаро юристлар комиссиясининг мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ННТлар вакиллари иштирок этишмоқда. Ўйлайманки, бу соҳада халқаро тажрибани билиш, ўзаро тажриба алмашиш Ўзбекистонга берилган тавсияларнинг ижросида муҳим аҳамият касб этади”, - дейди "Юксалиш" умумиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.


Маълумот учун: Ушбу тадбир Европа Иттифоқи томонидан Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа инструменти (EIDHR) орқали молиялаштириладиган ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган "Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш" (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади – фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш. Бу – EQUAL лойиҳаси доирасида ташкил этилган учинчи экспертлар муҳокамаси бўлиб, унинг биринчиси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш, иккинчиси БМТ шартномавий органларига даврий ҳисоботларни ишлаб чиқиш ва тақдим қилишда фуқаролик жамиятининг ролига бағишланди. 
2017—2021 йилларда ХЮК томонидан Европа Иттифоқинг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида амалга оширилган ACCESS (Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ва стандартларни илгари суришда фуқаролик жамиятини ривожлантириш) лойиҳаси доирасида 6 та экспертлар муҳокамаси ўтказилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати