@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бишкек шаҳрида “Фуқаролик жамияти — тараққиётнинг янги йўллари” мавзусида минтақавий анжуман бўлиб ўтмоқда

 2019-05-18 16:20:27   |     Просмотров: 4241

Фуқаролик жамиятининг ривожланиш истиқболлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган минтақавий анжуманнинг асосий мавзуси бўлиб турибди. Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Тадбир Арманистон, Бразилия, Белгия, Россия, АҚШ, Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган 150дан ортиқ экспертлар, академик доиралар, давлат ва хусусий сектор вакиллари учун фуқаролик жамиятининг долзарб масалалари бўйича билим, тажриба ва илғор методлар билан алмашиш учун ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидланганидек, фуқаролик жамияти институтлари давлат органларига янги ғояларни таклиф қилиш орқали улар билан ҳамкорликда  ижтимоий аҳамият молик муаммоларни бартараф этишда ҳамкорлик қиладилар. Улар бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, маданий ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш юзасидан турли ташаббусларни таклиф қилиш, гендер тенглиги ва табиатдан фойдаланиш масъулиятини илгари суриш билан маҳаллий ҳамжамиятлар ва умуман жамият ҳаётида муҳим рол ўйнайди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Бобур Бекмуродов тадбирда нутқ сўзлаб, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзгаришлар даврида халқ билан мулоқот, аҳоли фаоллигини ошириш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш мақсадида давлат органлари фаолиятини қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистонда ушбу йўналишда қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар, “Давлат органлари ҳузурида жамоат кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди. Давлат раҳбарининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятидаги қатор чекловлар бекор қилинди, давлат ва ННТларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида замонавий ва шаффоф майдон – Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Маслаҳат кенгаши билан ҳамкорликда ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида 2019 йилнинг сўнггига қадар қабул қилиниши кўзда тутилган Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқмоқда. Ишчи гуруҳ таркибидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари, депутатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари жой олган. Концепцияда давлат бошқаруви ҳамда ННТларнинг давлат томонидан молиялаштирилишида фуқароларнинг иштирок этиш механизмлари, давлат хизматлари сифатини баҳолаш ва мониторинг қилишда фуқароларнинг иштироки ва назоратининг муҳим жиҳатлари, ННТлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чоралари, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш масалалари, ижтимоий шериклик институтини мустаҳкамлаш ва бошқаларни ўз ичига олади.

Тадбир дваомида кенг кўламли ислоҳотлар даврида илғор хорижий тажриба ва энг яхши амалиётларни ўрганиш муҳим аҳамиятга касб этади. Шу муносабат билан, ҳамкорликда мунозара майдонлари, шу жумладан тезкор ва самарали тажриба алмашиш учун электрон майдонлар, амалга оширилаётган ташаббусларнинг экспертизаси, ақл марказлари учрашувлари, етакчи амалиётлар тақдимотларини ўтказиш орқали энг аввало ҳудудда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим рол ўйнаши қайд этилди.

Сессиялар давомида Барқарор тараққиёт мақсадларига асосланган инклюзив ўсиш, тенг ривожланиш учун очиқ жамият, ижтимоий бизнес, фуқаролик жамияти ташкилотларини ички манбалар орқали молиялаштириш учун янги ҳуқуқий механизмларни яратиш каби долзарб масалалар юзасидан муҳокама бўлиб ўтди. Иштирокчилар шунингдек, қонунчилик базасини такомиллаштириш, маҳаллий, миллий ва минтақавий даражада яқин ҳамкорликни ўрнатиш усуллари ва ёндашувларини кўриб чиққан ҳолда ўз тавсияларини ишлаб чиқдилар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати