@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик самарадорлигини қандай ошириш мумкин?

 2022-05-30 16:44:42   |     Просмотров: 1847

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига мувофиқ, 2022—2023 йилларда болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини 90 фоизга, 2025 йил охиригача эса 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун мактабгача таълим тизимига хусусий сектор жалб этилмоқда, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирлар ва саъй-ҳаракатларга қарамай, республиканинг 50 га яқин туманида ҳали ҳам болалар боғчалари етишмайди...

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга жамоатчиликни жалб қилиш ваколатидан фойдаланиб, Словениянинг “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг иқтисодий ва институционал самарадорлигини ўрганиш бўйича тадқиқот олиб бормоқда.

Ўрганиш натижалари Мактабгача таълим вазирлигига, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига давлат-хусусий шериклик негизида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолини мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини оширишда кўмак бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, тадқиқот методикаси тегишли ташкилотларга давлат-хусусий шериклик соҳасида ўз ресурсларидан самарали фойдаланишга ва бутун республикада ушбу соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур масалалар 30 май куни Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбати мобайнида муҳокама қилинди. Давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этган тадбирда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ва фаолият юритиш масалаларига, эришилган натижалар ва мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди, ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Президентнинг 2021 йил 10 июндаги қарорига мувофиқ, қамров даражаси паст бўлган туманларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш натижалари тақдимот қилинди.

Қайд этилганидек, республикамизда мактабгача таълим ташкилотлари сони 2017 йилда 5 211 тадан 2021 йилда 27 609 тагача (2020 йилда – 18 254 та), яъни беш баробарга ошган. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 250 тадан 21 230 тага кўпайган. Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосидаги оилавий мактабгача таълим ташкилотлари сони 19 330 тага етган.

Соҳани янада ривожлантириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб хусусий мактабгача таълим ташкилотларига бир қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, оилавий боғчаларга 50 нафаргача болани тарбиялаш, тарбияланувчилар орасидан тўрт нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилди, тарбиячи ва ёрдамчилар давлат бюджети ҳисобидан иш ҳақи олиши мумкин бўлди. Уларга бепул ўқув материаллари, 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Чекка ҳудудларда янги хусусий боғчалар ташкил этиш учун 2 йил муддатга 5 фоиз ставкада имтиёзли кредит, болаларни тарбиялаш харажатлари учун субсидиялар олиш имконияти яратилди. Шунингдек, улар ҳар ойда электр энергияси ва газ учун 50 фоизлик компенсация олишлари мумкин.

Умуман, 2022/2023 ўқув йили якунига қадар мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш ҳисобига 1,3 мингдан ортиқ янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш режалаштирилган.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тендер савдоларини ўтказиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, маблағларнинг мақсадли сарфланиши, шу жумладан ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш орқали мониторингини олиб бориш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Ҳудудлардаги болалар боғчалари мисолида субсидия ва компенсациялар мавжудлиги, бу борада тадбиркорлар ва давлат бюджети учун хавф-хатарлар, қонунчиликдаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бунга фуқаролик жамияти институтларини янада кенгроқ жалб этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати