@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мамлакатни узоқ муддат бошқарган лидер-реформаторлар

 2022-08-10 17:30:08   |     Просмотров: 3536

 

Уларни айримлар ислоҳотчилар, иқтисодий мўжизалар меъморлари, баъзилар эса диктаторлар ва консерватив қарашлар тарафдорлари деб аташади. Лекин барчаси бир жиҳатда ҳамфикр — улар ҳокимият тепасига келишлари билан кенг кўламли ислоҳотлар юз берди, давлат ва жамиятни ўзгартириш учун имкониятлар яратди, мамлакати тарихида янги саҳифалар очди. 

Улар — ўз давлатининг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожига замин яратган ислоҳотлар ҳамда дастурлар ташаббускорлари бўлган ҳукумат раҳбарлари, президентлар, партия етакчиларидир. Улар юқори сиёсий аренада 11 йилдан 36 йилгача қолишган.

Франклин Рузвельт

Тўрт муддат президентликка сайланган АҚШнинг ягона президенти (1933—1945). У мамлакатни “Буюк депрессия” ва Иккинчи жаҳон уруши даврларида бошқарган. “Янги келишув” деб номланган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиққан. Ижтимоий суғурта дастури, депозитларни суғурталаш бўйича Федерал корпорация ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси ҳанузгача фаолият кўрсатмоқда.

Мустафо Камол Отатурк

1923 йилда Туркия Республикаси мустақилликка эришгач, биринчи президент этиб сайланди. Кейинчалик яна уч марта (1927, 1931, 1935 йилларда) ушбу лавозимга қайта сайланди. У замонавий дунёвий давлат яратди, бир қатор муваффақиятли ва кенг кўламли сиёсий, ижтимоий, маданий ислоҳотларни амалга оширди. 1934 йил 24 ноябрда Туркия парламенти унга “Отатурк” (“туркларнинг отаси” ёки “буюк турк”) фамилиясини берди.

Жавоҳарлал Неру

У 1947 йилда мустақил Ҳиндистон ташкил топганидан то 1964 йилда вафотига қадар узлуксиз бош вазир ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган. У Ҳиндистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий тамойилларини илгари сурган. Ҳиндистонни ривожлантиришнинг беш  йиллик режасини ишлаб чиқишда қатнашган. Унинг ташаббуси билан амалга оширилган иқтисодий ва ижтимоий-маданий ислоҳотлар ҳинд жамиятидаги мустамлака-феодал тузилмасини қайта қуришнинг бошланиши эди. Шу боис Неру тарихда “Янги Ҳиндистон бунёдкори” номи билан машҳур.

Индира Ганди

1966—1977 ва 1980—1984 йилларда Ҳиндистон Бош вазири бўлган. Ганди раҳбарлиги даврида Ҳиндистонда қашшоқлик чегарасида яшаётган аҳоли улуши эса 60 фоиздан 40 фоизга қисқарди. 

Маргарет Тэтчер

1979—1990 йилларда Буюк Британиянинг биринчи аёл Бош вазири бўлган. “Темир хоним”нинг раҳбарлиги даврида акцияларга эга бўлган Британия резидентлари сони 7 фоиздан 25 фоизгача кўпайди. Бир миллиондан ортиқ оила илгари муниципал кенгашларга тегишли бўлган уйларни сотиб олди, уй-жой мулкдорлари сони 55 фоиздан 67 фоизга ўсди. Умумий турмуш фаровонлиги 80 фоизга ошди. 

Ангела Меркел

“Дунёнинг биринчи хоними” — Германия Федерал канцлери (2005 йилдан 2021 йилгача). Меркел даврида Германия яна бир иқтисодий мўъжиза кўрсатди ва Европада ўта барқарор иқтисодий етакчига айланди. Меркел даврининг энг катта ютуғи — айниқса, аёллар учун юқори суръатларда иш ўринлари яратилгани бўлди.

Ли Куан Ю 
Сингапур давлат арбоби, мамлакатнинг биринчи Бош вазири (1959—1990), Сингапур “иқтисодий мўъжизаси”ни яратувчиларидан бири. Унинг раҳбарлигида “учинчи дунё”нинг қашшоқ, иқтисодий жиҳатдан қолоқ мамлакатидан бўлган Сингапур аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми бўйича дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айланди.

Пак Чон Хи
Уни Корея иқтисодий мўъжизасининг меъмори деб аташади. Жанубий Кореяни 18 йил мобайнида – 1961 йилдан 1979 йилгача бошқарган. Мамлакатнинг биринчи беш йиллик иқтисодий режасини (1962—1966 йиллар) ишлаб чиқди, бу билан иқтисодий ривожланиш дастурига асос солди. Корея иқтисодиёти жуда юқори суръатларда ўсди, тузилмаси кескин ўзгарди, асосан экспортга йўналтирилган саноатлаштиришга урғу берилди. 

Махатхир Муҳамад
24 йил давомида Малайзия ҳукуматига раҳбарлик қилган. Унинг даврида Малайзия аграр иқтисодиёти суст ривожланган давлатдан “Осиё йўлбарслари”дан бирига айланди. У “Шарққа қараш” сиёсатини илгари суриб, малайзияликларни Япониядан илғор саноат ва бошқа технологияларни ўрганишга ундаган. 1998 йилдаги молиявий инқирозни ўз саъй-ҳаракатлари ва давлат харажатларини кўпайтириш орқали тезда енгиб ўтолган.

Ражап Тоййип Эрдўғон
2003 йилдан 2014 йилгача Туркия ҳукуматини бошқарган, 2014 йилдан Туркия президентидир. 2002—2012 йиллар оралиғида мамлакат иқтисодиётига киритилган инвестициялар натижасида реал ЯИМ 64 фоизга, аҳоли жон бошига ЯИМ эса 43 фоизга ўсди. Туркиядаги университетлар сони қарийб икки бараварга ошди. 2017 йилда  конституциявий ислоҳотларни амалга оширди ва унинг президентлик ваколатлари кенгайтирилди.

Дэн Сяопин
Хитойнинг давлат, мудофаа ва партия раҳбари. У янгича тафаккурга асос солди, “Хитой хусусиятларига хос социализм” тамойилини ишлаб чиқди, иқтисодий ислоҳотларни бошлаб, мамлакатни жаҳон бозорининг бир қисмига айлантирди. Унинг Хитойда махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш ташаббуси натижасида мамлакатга хорижий компаниялар ва инвестициялар жалб қилинмоқда.

Антониу ди Салазар
36 йил давомида Португалия бош вазири (1932—1968), “Янги давлат”нинг бош меъмори, мафкурачиси ва раҳбари бўлган. Бошқарувининг дастлабки босқичида Португалиядаги иқтисодий инқирозни енгиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка эришди. Унинг сиёсати натижасида 1934 йилга келиб давлат ташқи қарзи деярли қолмади, олтин-валюта заҳиралари кескин ортди.