Тошкент, Қарши ва Бухорода ишлаб чиқаришда энергиядан самарали фойдаланиш ва ресурсларни тежаш бўйича тренинглар
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ACTED билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида (13 сентябрь), Қарши шаҳрида (15 сентябрь) ва Бухоро шаҳрида (16 сентябрь) “Ишлаб чиқаришда энергиядан самарали фойдаланиш ва ресурсларни тежаш” мавзусида тренинглар ташкил қилди.
Ушбу ташаббус фуқаролик жамиятининг ишлаб чиқаришда экологик нормаларга амал қилинишини мониторинг қилишда қўллаб-қувватлашга, умуман энергиядан самарали фойдаланиладиган ишлаб чиқариш ҳамда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Тренинглар нафақат нодавлат нотижорат ташкилотлари, экологик ассоциациялар норасмий уюшмалар ва гуруҳлар вакилларини, балки давлат органлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар, бизнес мутахассисларини ҳам бир майдонга жамлади. Ўз навбатида, бундай мулоқот майдони барча манфаатдор томонларнинг экологик ва энергия ресурслар танқислиги муаммоларини ечишга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштирди.
Тренингдан асосий мақсад — ННТлар ва фаол фуқароларнинг энергия самарадорлигини мониторинг қилиш ва рағбатлантириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, тежамкор ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва бизнес вакиллари ўртасида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш бўйича ваколатларини ошириш.
Тренинг доирасида иштирокчилар энергия, муқобил манбалар ва энергиядан самарали фойдаланиш ҳақида базавий ахборотга эга бўлишди, 3R чиқиндилар билан ишлаш концепцияси (“Камайтир, такрор фойдалан, қайта ишла”), ишлаб чиқаришдаги муаммоларга инновацион ечимларни кўриб чиқишди, иқтисодий қулай техник ечимларни ишлаб чиқишди. Экспертлар ресурсларни тежашга оид усулларни қўллашда имкониятлар ва тўсиқларни таҳлил қилиш тартибларини тушунтириб беришди.
“Яшил ривожланиш” ташаббуси доирасида давлат органлари ва жамоатчилик, жумладан, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида “яшил ривожланиш” масалалари бўйича мулоқот майдонини яратишга қаратилган турли тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Маълумот учун, тренинг Буюк Британия ҳукумати молиялаштираётган “Иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув” (EGED) дастурининг иккинчи компоненти бўлмиш “Фуқаролик жамияти ҳисобдорлик учун” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Дастур 2020—2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, у ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича иқтисодий сиёсатнинг шаффофлиги, ҳисобдорлиги, самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда амалга оширилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати