@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Намангандаги Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи 20 га яқин мониторинг тадбирларини ўтказди

 2022-09-21 16:38:00   |     Просмотров: 1004

Жорий йилнинг 20 cентябрь куни Наманган шаҳрида 2022 йилги Давлат дастури ва Ҳудудий дастурларнинг 1 сентябрь ҳолатига Хоразм вилоятидаги ижроси юзасидан Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари ва жамоат ташкилотлари иштирокида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Юксалиш” умуммиллий харакати раиси Б.М.Бекмуродов,Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмаси раҳбари Н.Мухамадиева, жамоат фаоллари, ОАВ вакиллари  иштирок этди. 

Жорий йилнинг 10 март куни Наманган вилоятида фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фаоллардан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи тузилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган ушбу жамоат гуруҳининг асосий вазифаси 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадлари ва уни 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг ҳудудларда бажарилишини тизимли мониторинг қилиш, натижаларини жамоатчилик эшитувлари орқали муҳокама қилиб бориш, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда муқобил баҳолаб боришдан  иборат. 

Шу кунга қадар вилоят жамоатчилик гуруҳи томонидан 20 га яқин мониторинг ишлари амалга оширилди. Хусусан, Давлат дастурининг қуйидаги бандлари алоҳида ўрганилди ҳамда таклиф ва тавсиялар мутасадди ташкилотларга тақдим этилди:

  • 26-банд “Балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш”
  • 68-банд “Ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш”
  • 59-банд  “Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг умумий сонини ошириш”
  • 60-банд “Наманган ёшлари ўртасида миллий спорт турларини оммалаштириш”
  • 52-банд “Умумтаълим мактаблари касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш”
  • 53-банд “Наманган вилоятида Ибрат ижод мактаби негизида Чет тиллари институтини ташкил этиш”
  • 42-банд “Туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш”
  • 72-банд “Вилоятда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириш”
  • 74 банд “Аёлларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш”
  • 68-банд “Ҳудудларда мактаблар ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш”.

Шунингдек, Давлат дастурининг 28-банди “Наманган шаҳрини истиқболда “миллионлик шаҳар”ни шакллантириш бўйича чоралар кўриш” бўйича фуқаролар ўртасида анкета-сўровлари ташкил этилди. Сўровлар таҳлили натижалари бўйича жамоатчилик гуруҳи томонидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Вазирлар Маҳкамаси қарорининг “Йўл харитаси”да белгиланган  89 та банддан 1 сентябрь ҳолатига муддати етган 38 та бандида 55 та вазифа белгиланган. Шундан 35 та банд ижроси таъминланган,  3 та банднинг ижроси таъминланмаган.  

Жумладан “Ҳудуднинг логистика ва транзит салоҳиятини ошириш, юк ташиш хизматлари бозорини кенгайтириш” бўйича “Евро 5” русумидаги 40 та юк автомобилларини сотиб олиш ва янгидан 80 га яқин янги иш ўринларини ташкил этиш вазифаси киритилган. Ҳозирда ушбу юк автомобилларини сотиб олиш истагини билдирган тадбиркорлар аниқланмоқда ва уларнинг рўйхатини шакиллантириш ишлари олиб борилмоқда.

Чуст туманида “Ҳунармандчилик маркази”ни ташкил этиш бўйича ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳунармандчилик марказини ташкил этиш  истагида бўлган тадбиркорлик субъекти аниқланмаган ҳамда марказ учун ер майдони хам ажратилмаганлиги сабабли ушбу банд бажарилмасдан қолган.

Вилоятда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириш ижроси таъминланмаган.  430 минг нафар болалар ва ҳомиладор аёлларни витаминлар билан бепул таъминлаш белгиланган бўлса-да,  вилоятдаги 28 510 нафар ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 230 минг нафар 3–15 ёшдаги болаларни йод препаратига ҳамда 200 минг нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препаратларига бўлган эҳтиёжи шакллантирилган ва соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилган. Ушбу аҳоли қатламини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказлаш ҳолда витаминлар билан бепул таъминлаш кўзда тутилган, лекин етказилмаган.

Жамоатчилик муҳокамасида иштирокчилар ҳар бир йўналишда вазифаларнинг бажарилиши ҳолати бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, фаолиятини янада жонлантириш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси