@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2022 йилги Давлат дастурининг 1 сентябрь ҳолатига бажарилиши бўйича маълумотнома

 2022-09-27 18:32:54   |     Просмотров: 2475

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси юзасидан 2022 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 208 та банд бўйича 339 та вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, масъул вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган, очиқ манбалар орқали эълон қилинган ахборот ҳамда маълумотлар таҳлил қилинди.

Давлат дастурида белгиланган 186 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, шундан 15 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган. Жумладан, биринчи йўналишда 11 та, иккинчи йўналишда 5 та, учинчи йўналишда 105 та, тўртинчи йўналишда 30 та, бешинчи йўналишда 2 та, олтинчи йўналишда 16 та ва еттинчи йўналишда 17 та вазифалар бўйича назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда чора тадбирлар режа ва дастурлари тасдиқланиб, амалий ишлар бажарилган.

3 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 42 та Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари (фармон, қарор ва фармойишлар), 3 та Олий Мажлис палаталари қарори, 16 та Ҳукумат қарор ва баёнлари, 120 та чора-тадбирлар режа ва дастурлари, йўл хариталари ва бошқа идоравий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий чора-тадбирлар амалга оширилган.

Давлат дастурида белгиланган 7 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, биринчи йўналишда 2 та, учинчи йўналишда 4 та ва бешинчи йўналишда 1 та вазифалар ижроси масъул идора ва вазирликлар томонидан бажарилмаган, яъни Давлат дастурида ишлаб чиқилиши кўзда тутилган қонун ва қонуности норматив ҳужжатлар лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмаган, амалий чоралар белгиланган муддатларда бажарилмаган.

2-банднинг 4-кичик банди. 2022 йил июн ойига қадар Маҳалла орқали расмийлаштириладиган ва олинадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамни тайинлаш бўйича ҳужжатларни онлайн (электрон) тарзда тақдим этиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, амалда Молия вазирлиги томонидан Техник топшириқ ишлаб чиқилиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда Автоматлаштирилган мулоқот тизими жорий қилиш бўйича ишлар якунланмаган (масъул Молия вазирлиги).

37-банд. 2022 йил июль ойига қадар Давлат органларида иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти стандартлари асосида такомиллаштириш бўйича Норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, амалда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматида меҳнат меъёрларини ҳуқуқий тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 15 август куни тақдим этилган ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича хулосада қарор лойиҳасини тақдим этилган таҳрирда қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилганлиги муносабати билан қабул қилинмаган (масъул Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги).

Изоҳ: 2022 йил 8 августда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган, шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизматида иш вақтини тартибга солишнинг замонавий стандартларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси 
Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги ҳужжатлар билан ҳуқуқий коллизияга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган. Шу сабабли, 37-банд бўйича лойиҳанинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган.

102-банднинг 2-кичик банди. 2022 йил сентябрь ойига қадар Бухоро вилояти Қоракўл туманида рақамли технологияларга ихтисослаштирилган алоҳида замонавий талабларга жавоб берадиган ахборот технологиялари соҳасида таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратишни кўзда тутувчи IT-Кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, амалда Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари томонидан қарор лойиҳаси ҳозирга қадар вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилмаган (масъул Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари).

111-банд. 2022 йилнинг иккинчи чорагида Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида "Инновация ва технология марказлари" фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, амалда “Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида “Инновация ва технология марказлари” фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2022 йил 4 июлда Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юборилган (масъул Тошкент шаҳар ҳокимлиги).

146-банд. 2022 йил апрель ойига қадар инвестиция лойиҳалари доирасида 27 та насос станциясини модернизация, 263 км канал ва 787 та гидротехник иншоотларини реконструкция қилиш, хизмат муддатини ўтаб бўлган 181 та насос ва 354 та электро двигателни алмаштириш белгиланган бўлиб, амалда январь-июнь ойларида 204,0 км узунликдаги каналлар ва улардаги 447 та гидротехник иншоот реконструкция қилинган, 35 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланган, 4 000 га суғориш майдонлари лазер ёрдамида текисланган ва юмшатилган. Шунингдек, 130 та насос ва 234 та электродвигателлар қурилмалари ҳарид қилиниши ва ўрнатилиши таъминланган (масъул Сув хўжалиги вазирлиги).

194-банднинг 2-кичик банди. 2022 йил июль ойига қадар тирбандлик юқори бўлган кўчаларда Йўл ўтказгичлар қуриш Концепциясини Вазирлар Маҳкамаси қарори орқали тасдиқлаш белгиланган бўлиб, амалда қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2022 йил 25 август куни Адлия вазирлигига киритилган (масъул Тошкент шаҳар ҳокимлиги).

272-банд. 2022 йил август ойига қадар "O’zbekiston", "Звезда Востока" ва "Амударё" журналлари, "Еркин Қарақалпақстан", "Нурлы жол", "Овози тожик", "Мекан" ва "Достук" газеталарининг моддий-техник базасини яхшилашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, амалда Вазирлар Маҳкамасининг “Қардош тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасини изчил ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватдаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси 2022 йил 19 августда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилган (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги).

Давлат дастурининг 150-бандида белгиланган вазифалар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан 14 та ҳудуд кесимида беш йиллик ҳудудий дастурлар тасдиқланган. Мазкур ҳудудий дастурлар таҳлил қилинганда бир қатор вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмагани аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 3 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Мисол учун, ҳудудий дастурнинг 27.3-бандида 2022 йил июнь ойига қадар 1240 та эҳтиёжманд оилаларга кўп қаватли уйлардан ажратиш ҳамда уларга ипотека кредити бўйича субсидия бериш белгиланган бўлиб, амалда эҳтиёжманд аҳолидан келиб тушган 1935 та аризалардан 1277 таси рад этилган ва 539 та аризаларга ижобий жавоб қайтарилган. Белгиланган муддатларда эҳтиёжманд фуқаролар имтиёзли уй-жойлар билан таъминланмаган.

Андижон вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 5 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, 45-бандда (бажариш муддати 2022 йил август) Андижон вилоятида экологик талабларга жавоб бермайдиган маиший чиқинди полигонларининг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш белгиланган бўлиб, мавжуд маиший чиқинди полигонлари сонини оптималлаштириш орқали халқаро талаблар асосида санитария ва экологик меъёрларига жавоб бермайдиган 7 та маиший чиқинди полигони фаолиятини тугатиш чораларини кўриш бўйича амалий чора-тадбирларни жорий йилнинг август ойига қадар амалга ошириш белгиланган.

Бироқ ижро муддати аниқ белгиланганлигигига қарамасдан Андижон вилоятида экологик талабларга жавоб бермайдиган маиший чиқинди полигонларининг, жумладан Андижон туманидаги 1 та, Булоқбоши туманидаги 1 та чиқиндиларни кўмиш полигони фаолияти тўхтатилмаган. Олинган маълумотда хозирги кунда Бўстон туманида саралаш ускунасини ўрнатиш учун қурилиш ишлари олиб борилмоқдалиги кўрсатилган, лекин ўрганиш натижасида туман ҳокимлиги томонидан ажиратилган ер майдонида қурилиш ишлари бошланмаган.

Бухоро вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 10 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Мисол учун, ҳудудий дастурнинг 3-бандида 2022 йил август ойига қадар 38,7 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни аукционга чиқариш ҳамда 116,2 гектар балл бонитети паст бўлган қишлоқ хўжалиги ерларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш мақсадида ҳукумат қарорини чиқариш, мазкур ер майдонларида 250 та хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш эвазига 2,5 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш белгиланган бўлиб, амалда чора-тадбирлар дастури тасиқланмаган ва белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмаган.

Шу билан бирга, Ҳудудий дастурнининг 43-бандида 2022 йил сентябрь ойига қадар вилоят туманларида мева-сабзавот кластерларини кўпайтириш ва фаолиятини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, амалий чора-тадбирлар ўз муддатида якунига етказилмаган.

Жиззах вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 17 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, 13-банднинг 2-кичик бандида Шароф Рашидов туманида собиқ "Осиё бозори" ўрнида йирик улгуржи савдо маркази ташкил этиш белгиланган бўлиб, амалда савдо маркази ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмаган.

Шу билан бирга, 38-бандга асосан 29 та умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича тўлиқ ишлар амалга оширилмаган ва 12 мактабларда реконструкция, мукаммал таъмирлаш ва янгидан қуриш ишлари белгиланган муддатда охирига етказилмаганлиги сабабали объектлар фойдаланишга топширилмаган.

Қашқадарё вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 8 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, йўл харитасининг 34-бандида 2022 йил август ойига қадар вилоятда сифатли жамоат транспорти хизматини йўлга қуйиш мақсадида янги 74 та автобус ва 46 та микроавтобус сотиб олиш ҳамда ранспорт етиб бормаган олис ҳудудларда янги 10 та автобус йўналишларини ташкил этиш вазифалари белгиланган бўлиб, амалда фақатгина 10 та микроавтобус олиб келинган.

Бундан ташқари, йўл харитасининг 38-бандида вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 16,4 млн туп дарахт ва бута кўчатларин экиш, туман(шаҳар)лар худудида 15 та “Яшил майдон”лар ташкил этиш, 13 та туманда “Жамоат парк”лари ташкил этиш белгиланган бўлиб, амалда жорий йилнинг баҳор ойларида вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 10 миллионга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилди. Аммо ушбу кўчатларни парвариш қилиш ва суғориш тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги туфайли ёз ойларида 1,5 млндан ортиқ кўчатлар қуриб кетган.

Навоий вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 4 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, йўл харитасининг 63-бандида 2022 йил сентябрь ойига қадар Экологик талабларга жавоб бермайдиган  4 та маиший чиқинди полигонларининг фаолиятини тугатиш белгиланган бўлиб, ҳозиргача бу ишлар тўлиқ амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, йўл харитасининг 73-бандида 2022 йил сентябрь ойига қадар Инвестиция дастурига асосан жами 15 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини олиб бориш белгиланган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 12 та мактаб (Хатирчи туманидаги 64,71,52, Нурота туманидаги 6, Қизилтепа туманидаги 13,39,12, Навбаҳор туманидаги 3, Конимех туманидаги 39,17,37, Зарафшон шаҳридаги 5-мактаб) фойдаланишга топширилган. Қолган 3 та мактаб (Навбаҳор туманидаги “Баркамол авлод” мактаби, Хатирчи туманидаги 22-мактаб, Конимех туманидаги 21-мактаб)да қурилиш ишлари давом этмоқда. Лекин топширилган 12 мактабдан 9 таси (Хатирчи туманидаги 64,71-мактаблар Қизилтепа туманидаги 12,13,39-мактаблар, Конимех туманидаги 17,37,39-мактаблар,Зарафшон шаҳридаги 5-мактаб) мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмаган.

Наманган вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 6 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл харитасининг 35-бандида белгиланган вазифалрга асосан ижтимоий оғир 29 та маҳаллаларнинг ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 18 та сув олиш иншоотларидан 13 таси реконструкция қилиш ва 5 таси янгидан қуриш, 256 км тармоқ тортиш ишлари якунланмаган.

Самарқанд вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 2 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл харитасининг 39-бандида экологик талабларга жавоб бермайдиган маиший чиқинди полигонларнинг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида жорий йил сентябр ойига қадар халқаро талаблар асосида санитария ва экологик меъёрларга жавоб бермайдиган 8 та маиший чиқинди полигони фаолиятини тугатиш белгиланган бўлиб, мазкур масалада амалий ишлар амалга оширилмаган.

Сирдарё вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 6 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл харитасининг 4-бандида Мирзаобод туманида А-373 халқаро магистрал йўли бўйидаги 14 километр узунликдаги ҳудудда Оҳангарон туманининг тажриба концепцияси асосида комплекс хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш белгиланган бўлиб, амалда Мирзаобод туманида А-373 халқаро магистрал йўли бўйидаги 14 километр узунликдаги ҳудудда Оҳангарон туманининг тажриба концепцияси асосида комплекс хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш мақсадида ер майдонлари онлайн аукцион савдоларига чиқарилмаган.

Шунингдек, 29-бандда халқаро талаблар асосида санитария ва экологик меъёрларга жавоб бермайдиган 4 та маиший чиқинди полигони фаолиятини тугатиш ишлари амалга оширилмаган.

Сурхондарё вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 5 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл хартиасининг 47-бандида 2022 йил июль ойига қадар Олтинсой туманидаги "Чилмуроб" каналини реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, мазкур вазифа юзасидан Олтинсой туманидаги “Чулмуроб” каналини реконструкция қилиш ва Бандихон тумани марказидан ўтувчи “Р-1-1” каналини таьмирлаш ишлари бошланмаган.

Тошкент вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 5 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл харитасининг 19-бандининг 3-кичик бандига асосан жорий йил сентябрь ойига қадар Бекобод ва Оққўрғон туманларини 2022-2024 йилларда ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, мазкур лойиҳа ҳозиргача тасдиқловчи органга киритилмаган ва белгиланган тартибда вазирлик, идоралар билан келишилмоқда.

Бундан ташқари, Бўка тумани аҳолисини турмуш даражасини яхшилаш, экологик муҳитни барқарорлаштириш мақсадида тумандаги эски пахта тозалаш заводини туманнинг бошқа  ҳудудига кўчириш ва ушбу ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмаган.

Шу билан бирга, 10 ва 56-бандларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан масъул ижрочилдар томонидан маълумотлар тақдим этилмаган ва маълумотларни очиқ манбалар орқали олиш имконияти мавжуд эмас.

Фарғона вилояти Ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 4 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, йўл харитасининг 38-банди 2-кичик бандида белгиланган Ёзёвон ва Бағдод туманларида ҳосилдорликни ошириш ҳисобига 3000 гектар паст рентабелли пахта ва ғалла майдонларини чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ажратиш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиққа киритиш белгиланган бўлишига қарамай фақат хисоб китоб ишлари амалга оширилиб қарор лойиҳаси тайёрланмаган.

Шунингдек, йўл харитасининг 38-банди 2-вазифасида муддати келган бўлишига қарамай якунига етказилмаган.

Хоразм вилояти ҳудудий дастури билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган 5 та вазифа бўйича ишлар ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, йўл хаританинг 36-бандида 2022 йил апрель – август ойларида 60 гектар замонавий иссиқхоналарни қуриш вазифаси белгиланган бўлиб амалда бугунги кунга қадар 29,5 гектар майдонларда 10 та иссиқхоналар тўлиқ ишга туширилиб, қолган майдонларда қурилиш ишлари якунланмаган.

Шу билан бирга, йўл харитасининг 67-бандида 2022 йил август ойига қадар Хива шаҳри, Ҳазорасп, Гурлан, Қўшкўпир, Хонқа туманлари тиббиёт бирлашмалари лапароскопик ускуналар билан таъминлаб, каминвазив операциялар ўтказишни йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, тақдим этилган маълумотларда Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 5 октябрдаги “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорига кўра, 2022 йилнинг август ойида фақатгина Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмасини лапароскопик ускуналари билан таъминлаш режалаштирилганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, муддати келган 64 та банд бўйича 98 та вазифа бўйича ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва норматив ҳужжатлар кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, кўриб чиқиш жараёнида.

Жумладан, биринчи йўналишда 12 та, иккинчи йўналишда 7 та, учинчи йўналишда 54 та, тўртинчи йўналишда 2 та, бешинчи йўналишда 11 та, олтинчи йўналишда 5 та ва еттинчи йўналишда 7 та вазифа ижроси бўйича норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳалари қабул қилиш ёки кўриб чиқиш учун Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Ушбу ҳужжатлар лойиҳалари билан jamoatchilik.uz платформасида танишиш мумкин.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати