@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмлари: илғор тажриба ва амалиёт

 2022-09-30 17:56:00   |     Просмотров: 2661

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоцияси билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида давра суҳбати ташкил этилди. Унда иштирокчилар давлат органларининг ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмларини кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, халқ билан мулоқот Президент Шавкат Мирзиёев лавозимга киришганидан бери илгари сурган асосий тамойиллардан биридир. Биринчи галда фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини назорат қилишга эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун янги институт ва механизмлар жорий этилмоқда. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш, мурожаат ва шикоятлар киритиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун платформалар яратиш шулар жумласидандир.

"Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтирди.

2018 йилда Ўзбекистонда янги институт – давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари тузилди. Давлат раҳбарининг 2018 йил 4 июлдаги қарорида доимий асосда фаолият юритувчи маърифий-маслаҳат органларини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Бугунги кунда 70 дан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолият юритмоқда.

Парламент, нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари ва улар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари вакиллари, экспертлар давлат органларининг ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ижтимоий шериклигини амалга ошириш, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш,  шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун ижроси масалаларини муҳокама қилди.

Иштирокчилар жамоатчилик кенгашларида иштирок этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, жумладан, самарали жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш бўйича хорижий ва миллий тажриба билан ўртоқлашди.

Давра суҳбатида Фарғона, Қашқадарё, Хоразм, Жиззах ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг иш тажрибаси ва амалиёти тақдимот қилинди, алоҳида ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқаролар ва жамоатчилик фаоллигини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Фуқаролик жамияти институтларининг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида иштирок этиш шакллари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати тизимини ривожлантириш фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ишонч даражасини, давлат бошқаруви сифати ва самарадорлигини оширади, коррупцияни камайтиради. Бу масалада нафақат давлат, балки фуқаролар, жамоат институтлари, уларнинг фаоллиги ва ташаббуси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан фуқаролик жамияти ривожланишининг муносиб даражасига эришиш, жамоатчилик назорати сифатини ошириш мумкин.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати