@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқанд вилоятида жамоатчилик мониторинги ўтказилди

 2022-10-18 15:17:10   |     Просмотров: 1839

Жорий йилнинг 17—18 октябрь кунлари Самарқанд вилоятида 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси бўйича жамоатчилик мониторинги амалга оширилди.

Тадбирлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Мониторинг давомида Давлат дастури ижроси юзасидан репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар, жумладан туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш, ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни “бир қадам” тамойили асосида жорий этиш, жумладан оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларини ташкил этиш бўйича шу кунга қадар бажарилган ишлар билан танишилди. 

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Андоқ” оилавий поликлиникаси, Каттақўрғон шаҳри ҳамда Пайариқ туманида ташкил қилинган туманлараро перинатал марказлари, Пайариқ туманидаги “Туркистон” оилавий шифокорлик пунктлари кўздан кечирилди.


Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда жамоатчилик назорати механизмларининг мавжудлиги, дастур ва “йўл харита”лари ижроси бўйича ҳам кучли жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши муҳим аҳамиятга эга.


Тақдим этилган маълумотларга кўра, Каттақўрғон шаҳридаги туғруқ комплекси 2022 йил сентябрь ойидан перинатал марказ сифатида қайта ташкил этилган, Каттақўрғон шаҳри, Иштихон, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари аҳолиси учун хизмат кўрсатиши назарда тутилган. Қайта ташкил этилгунга қадар тиббиёт муассасасида 60 та койка хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда койкалар сони 90 тагача оширилган. Шундан, янги туғилган чақалоқлар учун 6 та алоҳида реанимация койкаси ажратилган. Ушбу реанимация койкалари учун марказлашган тартибда (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан) 4 та кардиомониторлар етказиб берилган бўлиб, яна иккита шу каби жиҳозга эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, реанимация хоналарида чақалоқлар учун 2 та инкубатор борлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга, иккита операция хонаси ва битта интенсив хоналари мавжуд. Перинатал марказда оналар туғилган чақалоқлар билан бир хона жойлаштирилган, битта хонада 3 ва 4 тадан койка мавжуд. Марказда терапевт, эндокринолог, УЗИ мутахассис ва офтальмолог (улар учун алоҳида хона ажратилмаган) каби мутахассислар борлиги маълум бўлди.

Пайариқ туманида туманлараро перинатал марказни ташкил этилиши бўйича қурилиш ишлари давом этаётганлиги маълум қилинди. Мониторинг тадбири давомида мазкур объектда “Янги реннесанс” МЧЖ томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганлиги билдирилди. Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу объектда жами 1,2 млрд сўмлик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Бироқ, ўрганишлар давомида тендер танловлари “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, ўтказилмаганлиги аниқланди.

Мониторинг тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли ташкилот ва мутасаддиларга таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

Жамоатчилик назорати ислоҳотларнинг амалга оширилиши, эришилган ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятга етказиш ҳамда кузатилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган. Шунингдек, мониторинг натижалари бўйича таҳлилий ахборот Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати