@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

"Юксалиш" ҳаракати ҳузуридаги Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан муқобил ҳисоботни эълон қилди

 2022-10-31 21:13:47   |     Просмотров: 1545

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида ташкил этилган Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи жорий йилнинг 31 октябрь куни навбатдаги жамоатчилик муҳокамасини ўтказди. Фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ушбу жамоатчилик гуруҳи 2022 йилги Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси бўйича муқобил ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот вазирлик ва идоралар тақдим этган маълумотлар, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига берган ҳисоботи, шунингдек, очиқ манбалар ва расмий эълон қилинган маълумотлар асосида таҳлил ўтказилиб, тайёрланди.

Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Шундан, 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига Давлат дастурининг 210 та банди бўйича 342 та вазифалар  амалга оширилиши кўзда тутилган. Белгиланган 258 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, шундан 27 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган. Амалга оширилган ишлар орқали кўплаб соҳаларда ижобий силжишларга эришилган. Бу даврда Ўзбекистон Республикасининг 7 та Қонуни, Олий Мажлис палаталарининг 4 та қарори, 64 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ҳукуматнинг 40 та қарорлари, 12 та идоравий норматив-ҳуқуқий ва 92 та бошқа тусдаги ҳужжатлар қабул қилинди.

Экология қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул бўлган вазифалар бажарилмаган

Ижобий ўзгаришлар билан биргаликда, Давлат дастурининг ижроси ўз вақтида таъминланмаган бандлари ҳам мавжуд. Жумладан, Давлат дастурида 2 та банд бўйича вазифалар бажарилмаган:

  • 286-бандга мувофиқ, тажриба тариқасида “Янги Ангрен ИЭС” АЖнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатилмаган (муддат 2022 йил сентябрь, масъул Давлат экология қўмитаси);
  • 320-банд бўйича коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни клиник олди синовларидан ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган (муддат 2022 йил март, масъул Инновацион ривожланиш вазирлиги). Мазкур банд бўйича Ҳукумат ҳисоботида Президент Қарори билан Илғор технологиялар марказининг асосий вазифалари қаторига, шу жумладан, биотехнологик йўл билан коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва клиник олди синовларини ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш белгиланганлиги ва шу асосда вазифа ижроси таъминланганлиги қайд этилган. Бироқ мазкур қарорда Коронавирус (COVID-19) инфекциясига қарши рекомбинант вакцина ишлаб чиқариш муддати 2024 йилга белгиланган. 

Тўлиқ бажарилмаган вазифалар

Давлат дастури ижроси бўйича бир қатор вазифалар юзасидан кўзда тутилган қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлсада, бугунги кунда кўриб чиқиш жараёнида бўлганлиги боис, мазкур вазифалар ҳам тўлиқ бажарилмаган.

Жумладан, ижро муддати келган (ўтган) 58 та банд бўйича 91 та вазифа юзасидан норматив ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган  ва  кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, қабул қилинмасдан турибди (ижрога қаратилмаган).

Мазкур норматив ҳужжатлар билан жамият ҳаётига дахлдор долзарб ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган. Масалан, қуйидаги лойиҳалар уч ойдан ортиқ муддат давомида кўриб чиқилмоқда:

  • 7-банднинг 1-кичик банди. Фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тартибини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг “Маҳалла тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 2022 йил 19 июлда киритилган (муддат 2022 йил 1 июль, масъул Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги);
  • 10-банд (1-2-3-кичик бандлари). Маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2022 йил 13 майда киритилган (муддат 2022 йил март, масъул Адлия вазирлиги);
  • 45-банд. Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган “Оммавий ахборот воситалари таҳририяти ходими ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоя қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 29 апрелда киритилган (муддат 2022 йил апрель, масъул Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги).

36 та вазифа ижроси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган муддатлардан кечикиб, кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун Президент Администрациясига киритилган.

Давлат дастурида белгиланган 17 та вазифалар бўйича белгиланган вазифалар муддати узайтирилган.

Хоразм ва Қорақалпоғистонда мониторинг натижалари

Ўтказилаётган доимий таҳллиллар билан бирга Давлат дастурининг айрим бандларининг ижроси бевосита жойларга чиққан ҳолда жамоатчилик мониторинги доирасида ўрганилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Ҳаракат томонидан Давлат дастурининг 211-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ўрганишлар давомида 1 октябрь ҳолатига жорий ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94% мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда ҳали тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали бошланмаганлиги маълум бўлди.

Мониторинг давомида мазкур амалиётни йўлга қўйишда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Бепул овқат билан таъминлашнинг ўз вақтида ташкил этилмаганлигининг асосий сабаблари сифатида Ҳукумат қарорининг кеч қабул қилинганлиги ва тасдиқланган таомномага мувофиқ ҳар бир ўқувчига ажратилган маблағ миқдори тадбиркорларда кам қизиқиш уйғотганлигини келтириш мумкин.

Шунингдек, маҳсулотлар сифати, уларни сақлаш ва санитария талабларига риоя этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, ўтган ўқув йили давомида муддати ўтган маҳсулотлар тарқатилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги ва бу ота-оналарнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлганлиги ҳам билдирилди.

Яна бир муҳим жиҳат бу мактабларда бу борада зарур инфратузилманинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқдир. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тасарруфида жами 1 275 та умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 856 тасида ошхоналар, шундан 472 та ошхона ва 384 та буфет мавжуд. Мавжуд ошхоналарнинг 289 таси таъмирталаб ҳолатда бўлса, 419 та мактабда ошхона ёки буфет мавжуд эмас.

Самарқанд вилоятида мониторинг натижалари

17-18 октябрь кунлари Тараққиёт стратегиясининг 60 ва 64-мақсадларига мувофиқ, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни “бир қадам” тамойили асосида ташкил этиш доирасида белгиланган вазифаларнинг Самарқанд вилоятидаги ижроси ўрганилди. Бу борада ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан:

- Самарқанд тумани Мотрид маҳалласида оилавий шифокорлик пунктини ташкил этиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ўз вақтида ажратилмаганлиги

- Пайариқ тумани Репродуктив саломатлик марказида қурилиш таъмирлаш ишлари тендер танлови ўтказилмасдан туман ҳокимлигининг кафолат хати асосида амалга оширилаётганлиги

- Каттақўрғон тумани Андоқ маҳалласида ташкил этилган оилавий шифокорлик пункти июнь ойида таъмирдан чиқарилган бўлсада, ҳозирга қадар тегишли жиҳозлар ва тиббий анжомлар билан таъминланмаганлиги

- Самарқанд шаҳри Қорасув массивида янги қурилаётган олилавий поликлиникага олиб борувчи йўлларни қуриш масаласи ҳал этилмаганлиги

- Каттақўрғон ва Пайариқ туманларининг энг чекка ҳудудларида шифокорларни рағбатлантириш чоралари тадбиқ этилмаганлиги

- Репродуктив саломатлик марказларида қардиомониторлар ва ИВЛ аппаратлари етишмаётганлиги ва бошқа муаммолар кўзга ташланди.

Ўтказилган мониторинг жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига киритилди.

Ҳудудий дастурлар ижроси. Учта вилоятда сусткашликка йўл қўйилган

Давлат дастурининг 150-бандига мувофиқ, Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар Вазирлар Маҳғкамаси томонидан тасдиқланган бўлиб, уларнинг ижроси бўйича ҳам мониторинг олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудий дастурлар ижроси бўйича қатор бажарилмаган вазифалар мавжуд.

Жумладан, Жиззах вилоятида 20 та, Навоийда 13 та, Қашқадарёда 13 та, Наманганда 12 та, Бухорода      11 та, Қорақалпоғистонда 8 та, Сирдарёда 8 та, Тошкент вилоятида 8 та, Андижонда 7 та, Сурхондарёда 7 та, Хоразмда 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Фарғонада 4, Самарқандда 2 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

Юқоридагилардан кўриш мумкинки, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё  вилоятларида ҳудудий дастурлар ижроси сусткашлик билан олиб борилмоқда.

Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳудудий дастурлар ижроси нисбатан яхши таъминланмоқда.    

Амалга оширилган таҳлиллар ва мониторинг натижалар юзасидан ахборотлар ҳар ой якуни бўйича Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига киритиб борилмоқда.

Айтиш керакки, Президентимиз томонидан эълон қилинган ислоҳотларни ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлашда давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоатчиликнинг ислоҳотларга бўлган эътиборини жалб қилиш, муқобил фикрлар ва қарашларни шакллантириш энг асосийси вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Тадбир сўнггида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Давлат дастури ижроси доимий мониторинг қилиб борилиши ва ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши қайд этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати