@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Hisense Award “Shaharsoz 2022” танлови ғолиблари тақдирланди

 2022-11-16 18:00:32   |     Просмотров: 1780

16 ноябрь куни Тошкентда Hisense Award “Shaharsoz 2022” битирув малакавий ишлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу танлов “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги  “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси ҳамда Хитойнинг Hisense компанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.


Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларда инновацион тафаккурни шакллантириш, фан-техникага бўлган қизиқишини ва интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида турли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Мазкур йўналишга ҳисса қўшиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Улардан бири шаҳарсозлик бўйича архитектура ва муҳандислик факультетларида таълим олаётган талабалар учун Hisense Award “Shaharsoz 2022” битирув малакавий ишлар танловидир.


Танлов ташаббускори – 2021 йил “Юксалиш” УМҲ қошида ташкил этилган “Шаҳарсозлик тўлқини” ёш архитекторлар ва лойиҳаловчилар бирлашмаси. Танловнинг бош ҳомийси ва ҳамкор ташкилотчиси – Хитойнинг Hisense компанияси.
Мақсад — архитектура, муҳандислик-қурилиш факультетлари битирувчиларининг малакавий ишлари сифатини ошириш, соҳадаги энг яхши бўлажак мутахассисларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш.


Бугун танлов ғолиблари эълон қилинди. Улар:

  • •    Отабек Маҳмудов, “Келажакнинг вертикал шаҳри” лойиҳаси учун
  • •    Кумуш Мунавварова, “Max Penson Center” лойиҳаси учун
  • •    Ф. Олимжонова, О. Воҳидов, “Агро-логистика комплекси” лойиҳаси учун.

Бундан ташқари, танловнинг бир неча иштирокчилари рағбатлантирувчи совғаларга эга бўлди: 

  • •    Шаҳзод Раҳматов, “Community Arts Center” 
  • •    Исмоилжон Ғуломжонов, “Youth professional school”
  • •    Беҳзод Мадаминбеков, “Youth Center”
  • •    Зафаржон Раҳматов, “Community center”
  • •    Зулфия Рихсиева, “Ўқув-машғулот базаси”
  • •    Мардонбек Тўхтамуродов, “Кўп функцияли турар жой биноси”  
  • •    Тоҳир Расулов, “Заводнинг ишлаб чиқариш корпуси қурилиши” лойиҳалари учун.

Маълумот учун: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси маҳаллий архитекторлар ва лойиҳаловчиларни бирлаштириш, уларнинг архитектура-қурилиш соҳасидаги янгиликлари, илғор ғоялари ва лойиҳалари, якдил фикрларини тарғиб қилиш мақсадларига қаратилган. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати