@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш керак... “Юксалиш” ҳаракати турли объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди

 2022-12-03 15:29:52   |     Просмотров: 3771

3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни

Биз кўчага чиқар эканмиз, йўл четидаги катта-кичик тўсиқлардан осонликча сакраб ўтамиз, биноларга киришда зинапоялардан осонликча чиқиб-тушиб кетаверамиз. Лекин кимдирлар учун бу — муаммо. Улар   мустақил ҳолда юқорига кўтарила олмаслиги, йўлидаги тўсиқлар олдида қийин вазиятга тушиб қолишлари мумкин.

Эътибор берганмисиз, атрофимизда, кўча-кўйда ногиронлиги бўлган одамлар кўп эмас, ҳар куни дуч келмайсиз уларга. Бу уларнинг сони кам бўлганидан эмас, шунчаки улар кўчага чиқишлари учун қулайликлар етарли эмаслигида. Ҳамма биноларга киришда пандуслар борми ва тўғри қурилганми? Овозли светофорлар кўпми? Пиёдалар йўлаклари кенгми? Ер ости йўлаклари-чи? Брайл алифбосидаги маълумотлар, сурдотаржималар, аудио китоблар етарлими? Ҳа, биз ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор қаратамиз, совға-саломлар берамиз. Лекин бу билан улар жамиятга тўлақонли аралашиб кетишолмаса, ўзини эркин тута олмаса, имкониятлар тенг бўлмаса, “менга раҳми келяпти” деб тортинса, совғалардан нима наф?

3 декабрь — Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни арафасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлат бошқарув органлари, ижтимоий инфратузилма объектларига киришда, жамоат транспортидан фойдаланишда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Жумладан:

Наманган вилоятида темир йўл вокзали, халқаро аэропорти, “Марказий банк” ва барча тижорат банкларда имконияти чекланган шахсларга шарт-шароитлар мавжуд. Пандуслар стандарт талабларига жавоб беради. Пайпаслаб ҳаракатланадиган, кўриш қобилияти заиф кишилар учун тутқичли ҳаракатланиш йўлакчалари  ҳам бор. Бироқ кўп тармоқли тиббиёт марказининг маъмуриятига кириш биноси, Физиотерапия бўлими биноси ва Неврология, гемодиализ бўлими биноси, Наманган давлат университетининг 8-сонли педагогика факультети, ректорат биноси, 11-сонли ижтимоий-иқтисодий факультети бинолари, Наманган мухандислик технология институтининг фаоллар залига кириш йўли, автобекатлар ўрганилганда ногиронлиги бўлган шахсларнинг аравачада харакатланиш учун пандуслар мавжуд эмаслиги аниқланди. Бозорлар, савдо мажмуалари ҳудудларидаги автотураргоҳларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойлари ташкил этилиши белгиланган бўлса-да, алоҳида жойлар ажаратилмаган. Шунингдек, ўрганилган ижтимоий соҳа объектларига қатновчи барча жамоат транспортларида пандус, алоҳида жой, бекатларни овоз ёрдамида эълон қилиш ускунаси йўқ. А.Навоий номли мусиқа ва драма театри, Наманган шаҳар Нодирабегим номли ахборот-кутубхона маркази, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Наманган вилоят бошқармаси, Наманган мухандислик-қурилиш институти, Наманган мухандислик-технология институтларидаги ҳожатхоналар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган. Вилоятда барча ОТМларнинг талабалар турар жойларида пайпаслаб ҳаракатланадиган, кўриш қобилияти заиф кишилар учун тутқичли ҳаракатланиш йўлаги қилинмаган.

Сирдарё вилоятида ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ташкиллаштирилган. Ўрганиш жараёнида айрим ижтимоий объектларда маълум даражада камчиликлар борлиги аниқ бўлди. Масалан, Гулистон давлат университетига кириш учун бинонинг орқа томонидаги кириш эшигидан фойдаланилади, аммо у ерда пандус йўқ, ногиронлар кириш йўлакчаси бор асосий эшик доим қулф туради. 5 қаватли бинода лифт ишлатилмайди.     Кўпчилик давлат ташкилотлари биноларида ногиронлиги бўлган шахслар учун пандусларнинг паст текистлиги, баландлиги, бурилиш йўлакчалари белгиланган кўрсатма асосида қилинмаган. Тикка ёки жуда қисқа ва баланд, ушлаб чиқиш учун суянғич йўқ. Аравачада эркин чиқолмайдиган холатда. Автобусларга чиқиш учун ҳам пандуслар қилинмаган ёки автобусларда бундан умуман фойдаланилмайди. Кўзи ожизларга ижтимоий объектлар ва жамоат транспортларида алоҳида жой ва бекатларда овоз ёрдамида эълон қилиш ускуналари ўрнатилмаган. Ўрганилган ижтимоий объектларда бинонинг ички ва ташқи ҳудудидаги мавжуд ҳожатхоналар ногиронлиги бўлган фуқаролар учун мослаштирилмаган. Қурилаётган янги кўп қаватли уйларнинг ҳаммасида ҳам пандуслар ўрнатилмаган. Ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатидан сўнг қилиб берилмоқда.

Навоий вилоятида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида ўрганишлар ўтказилди. Масалан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг  талабалар турар жойидаги пандусларда тутқич  йўқ, кириш остоналари мавжуд. Пандусда ҳаракатланиш ўта ноқулай. Университетда жами 27 нафар ногиронлиги бўлган шахслар таълим олади. Навоий шаҳри “Меъморлар” кўчасидаги  автомабилларга газ  қўйиш шахобчасининг ҳожатхонасидаги пандус ногиронлиги бўлган шахслар учун қурилган бўлса-да, талаб даражасида эмас. Шаҳардаги “Нуршод-Навоий” МЧЖ, “Зарафшон кидс” МТТ, “Навоийшаҳарсозлик” лойиҳалаш институти  биноларидаги пандус нотўғри жойлаштирилган, ўта тик ҳолатда.

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар давлат хизматлари маркази, Миллий банк вилоят бошқармаси, Маданият маркази, вилоят ҳокимлиги, “ННТ ва дўстлик уйи” биноларида ногиронлиги бўлган шахслар учун пандус стандарт талаблари (эни 900-1000 мм ва қиялик даражаси 10%) асосида қурилган. Лекин мижозлар банк ходимлари билан тик оёқда туриб мулоқот қилади,  ногиронлар учун махсус жиҳозлар жойлаштирилган, махсус санузеллар ҳам мавжуд эмас. Вилоят Адлия бошқармасида ногиронлар билан қулай мулоқот қилиш майдонлари яратилган, бироқ бино киришдаги пандус талабга жавоб бермайди. Айтиш керакки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш борасида ишлар асосан пандуслар ўрнатиш ва барпо этишга қаратилган бўлиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг санузеллардан фойдаланиш имкониятлари эътибордан четда қолдирилган.

Қашқадарё вилоятида Қарши халқаро аэропорти ўрганилганда, аэропорт кириш қисмида пандуслар шаҳарсозлик қоида ва нормативларига кўра қурилгани аниқланди. Аэропортда ногиронлик аравачалари мавжуд. Шунингдек, ногиронлар учун махсус кассалар ташкил этилган, ҳожатхонаси тўлиқ мослаштирилган. Аэропорт ҳудудида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи автобус салони ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўриндиқлар, огоҳлантириш товушлари ва пандуслар билан жиҳозланган. Кўзи ожизлар учун махсус йўлаклар ташкил этилган, бироқ электрон ахборот эшитиш мосламалари ўрнатилмаган, сурдо таржимон хизмати йўлга қўйилмаган. Автотураргоҳда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида ҳудудлар ташкил этилмаган. Қарши шаҳар давлат хизматлари марказига кириш қисмидаги пандуслар белгиланган стандартлар асосида ташкил этилган бўлиб, марказда ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатувчи алоҳида ходим бириктирилган ва сурдо таржимон фаолияти йўлга қўйилган. Марказда ногиронлик аравачалари мавжуд. Шунингдек, кўзи ожизлар учун навбатсиз хизмат кўрсатиш таъминланган. Бироқ электрон ахборот эшитиш мосламалари ўрнатилмаган. Қарши темир йўл вокзали кириш қисмида ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган пандуслар белгиланган стандартлар асосида қурилган ва алоҳида кириш йўлаклари ташкил этилган. Кўзи ожизларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун махсус белгилари мавжуд йўлаклар ташкил этилган. Бироқ вокзал ҳудудида электрон ахборот эшитиш мосламалари ўрнатилмаган. Вокзал ҳожатхонасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қонун-ҳужжатларида назарда тутилган қулайликлар яратилмаганлиги сабабли уларда ҳожатхона хизматидан фойдаланиш имконияти чекланган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кассалар ташкил этилмаган. Вокзал йўловчилари учун хизмат кўрсатувчи автотураргоҳда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган махсус ҳудудлар ташкил этилмаган. Гапириш ва эшитиш имконияти чекланган шахслар билан мулоқотни амалга ошириш учун сурдо таржимон хизмати йўлга қўйилмаган.

Жиззах вилоятида давлат ташкилотлари, яъни Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси, Марказий банк, Алоқабанк, Жиззах политехника институтининг асосий кириш қисми, янги ўқув биноси ҳамда мажлислар зали, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, яъни Жиззах шаҳар прокуратураси,  Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратурасининг маъмурий биноси кириш йўлакларида пандуслар мавжуд эмас. Ҳудуддаги мавжуд автобекатларнинг барчасида пандуслар қилинмаган, автомобиль учун алоҳида жойлар ажаратилмаган. Шунингдек, кўзи ожиз фуқароларнинг ҳаракатланишлари учун ижтимоий объектлари ва барча қатновчи жамоат транспортларида алоҳида жой ва бекатларда овоз ёрдамида эълон қилиш ускуналари ўрнатилмаган (Кўзи ожизлар мактаби олдида пиёдалар ўтиш жойида ўрнатилган холос). Ҳозирда қурилаётган янги 7, 9 ва 16 қаватли уйларнинг кириш қисмида хам пандусларни ўрнатиш ишлари олиб борилмаган.

Хоразм вилоятида ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ташкиллаштирилган. 2022 йил 1 октябрь холатига вилоят ногиронлар жамияти томонидан 7 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 та умумтаълим мактаби, 8 та шифохона ва оилавий поликлиника, 1 та Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Урганч санаторияси биноси, 1 та вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази биноси, 1 та мажбурий ижро биноси, 1та ИИБ ЙХХББ биноси, 1 та маданият саройи, 1 та Урганч халқаро аэропорти расмий делегатлар терминал биноси, 1 та Маъмун академияси биноси мукаммал таъмирлашда ногиронлиги бўлган шахсларга тўсқинликсиз харакатланиши учун махсус йўлак пандуслар стандарт талабларга мос эканлиги аниқланди. Гурлан тумани тиббиёт бирлашмаси, Хазорасп тумани тиббиёт бирлашмаси, Хазорасп туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби, Хазорасп туманидаги 25-сонли ИДУМ, Урганч шаҳрида жойлашган вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази, Хоразм вилоят кўзи ожизлар жамияти кутубхонаси, Урганч давлат университетида ногиронлик аравачасида бинога кириш учун пандуслар мавжуд ва белгиланган талабларга жавоб беради, эшиклар остида тўсиқлар йўқ. Ижтимоий бинода жойлашган ҳожатхоналардан фойдаланиши учун шароитлар яратилган, махсус тутқичлар ўрнатилган. Лекин Хазорасп туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида пандус талаб даражасида эмас, нормативга жавоб бермайди. Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасида лифт бор, аммо бугунги кунда таъмирга муҳтож.

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мониторинг давомида Нукус темир йўл вокзали, Нукус халқаро аэропорти, театр бошқа идора-ташкилотларга ногиронлиги бор бўлган шахсларнинг кириб чиқиши учун пандусларнинг мавжудлиги аниқланди. Нукус шаҳрида 2 та чорраҳада кўзи ожизлар электрон ахборот эшитиш мосламалари ўрнатилган. Аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар ва қулоғи оғирларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортининг мослашмаганлиги муаммо бўлмоқда.

Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзалда ҳолат қандай? Ҳолат “Sharoit plyus” ногиронлар жамоат бирлашмаси (ННТ) билан биргаликда жойига бориб, ўрганилди.

София Акромова, “Sharoit plyus” ННТ ходими:

— Жанубий вокзалда ногиронлиги бўлган шахсларга қанчалик шарт-шароитлар борлигини ўргандик. Бу ерда ташқаридан ичкарига киришда қулайликлар, пандуслар бор. Улар тўғри қўйилган. Ичкарига киришда, касса ёнида ҳам вокзал ходимлари ёрдамга келишди. Лекин шунақа вазиятлар бўладики, баъзан ходимлар бошқа иш билан банд бўлишлари мумкин, шундай пайтда ногиронлар кассага ўзлари бориб мурожаат қилиши учун кассани озгина пастроқ қилиш керак. Ҳожатхоналар ҳам аравада кириш учун қулай, озгина тор жойи бор экан, бу ҳақда вокзал раҳбариятига етказдик. Яна бир қулайлиги — вокзалда меҳмонхона, кутубхона ҳам бор экан. Уларга кириб-чиқишда ҳам қийналмадик. Ногиронлиги бор шахсларга фақат жисмоний эмас, балки эшитиш, кўришда ҳам қулайлик бўлиши керак. Ҳамма ташкилот сурдотаржимонларни ишга олишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин ҳар жойга электрон таблолар қўйилса, яхши бўларди. Баъзи гапиролмайдиган, эшитолмайдиганлар ўз фикрини тўлиқ тушунтириб беролмаслиги мумкин, шунда уларга нима демоқчи эканини ёзиб бериш имконияти яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

         Мониторингдан сўнг қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

  • Давлат ташкилотлари биноларида, автобус бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар (паст текистлиги, баландлиги, бурилиш йўлакчалари) белгиланган кўрсатма асосида қайта кўриб чиқилиши керак;
  • Шаҳарлардаги чорраҳаларга кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламалари ўрнатилиши зарур;
  • Автобусларда овозли хабарлар берилиб борилишини таъминлаш лозим;
  • Кўп қаватли уйлар 3 қаватдан юқори бўлса, лифт қўйилиши шарт этиб белгиланиши керак;
  • Давлат бошқарув органларидаги биноларда ҳожатхоналар ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитга эга бўлишини таъминлаш керак;
  • Ҳар бир биноннинг кириш подъездлари 1-қаватида, албатта ногиронлар кириш йўлакчасини қуришни сметага киритиш шарт.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ортиқча юк сифатида эмас, балки жамият ва давлат ривожига ҳисса қўшадиган ресурс сифатида қараш муҳимдир. Мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш керак. Бу тўсиқлар нафақат бинолардан, транспортдан фойдаланишда, ахборот олишда, балки жамиятдаги стереотиплар, нотўғри қарашларда ҳам бор. Барча учун қулай ва тенг муҳит ривожланишнинг ажралмас қисмидир.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати