@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ватандошлар ҳаётидан”: Зафар Сайдалиев билан суҳбат

 2022-12-18 16:33:16   |     Просмотров: 2170

“Ватандошлар ҳаётидан” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Зафар Сайдалиев. Асли Тошкентда туғилиб ўсган ватандошимиз 2006 йилда пойтахтда институтни тамомлаб, ўқишини Германияда давом эттиради. Ўқиб, ишлаб, тажриба тўплагач, ўз келажагини айнан фуқаролик жамияти секторида, нодавлат ташкилотларда кўради. 2016 йилдан буён Россиянинг турли ҳудудларида урбанизация, шаҳарларни фаоллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда ҳам “ACTORS OF URBAN DIALOG” лойиҳасини бошлади. Шунингдек, у фаолият йўналиши ноодатий таълим ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш бўлган “CULTURE GOES EUROPE”, “SOCIAL IMPULSE HUB Erfurt” ННТларини бошқаради.

P/S: Зафар Сайдалиев билан 2021 йилнинг ёзида суҳбатлашган эдик, маълум сабабларга кўра интервьюни эълон қилиш ортга сурилди. Аммо унда айтилган фикрлар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

— Ассалому алайкум! Бизнинг “Ватандошлар ҳаётидан” лойиҳамизга хуш келибсиз! Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаб, хорижда иш фаолиятингизни бошлагансиз. Тилни ўрганишингиз кейинчалик Венадаги халқаро ташкилотда ишлашингизга, Германиядаги Эрфурд университетида ўқишингизга туртки бўлганми?

— Аввало, таклиф учун раҳмат! Ўзбекистонда инглиз тили ривожланиб бораётганини кузатиб бордим, чет элдаги олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятларини кўриб, тил ўрганиш ўзимга ҳам қизиқ бўлди. Германиядаги университетлар ҳам маълум бир соҳаларда таълим олишга таклиф қилади. Архитектура-қурилиш институтининг менежмент йўналишини тамомлаганимдан кейин Ўзбекистондаги ННТларда, халқаро ташкилотлардан (ОБСЕ) ишлаб кўрдим. Кейин Германияда давлат бошқаруви йўналишида конфликтология мутахассислиги бўйича ўқишга топширдим. Немис тилини ҳам ўргандим.

— Ўн йилдан зиёд вақтдан бери Германиядасиз. У ерга мослашиш, таълим олиш жараёни қандай кечди? Сизни ажаблантирган, ёққан жиҳатлари нималарда бўлди?

— Мослашиш жуда қийин бўлди. Икки йил 30 дан ортиқ давлатлардан келган талабалар билан бирга ўқидим. Чунки бошқа соҳа ва бошқа тил эди. Асосий куним кутубхонада ўтарди. Ўқишни битиргачгина Германияда ҳаёт қанақалигини кўришга имкон бўлди. Кўникиш, мослашиш, инсонлар билан мулоқотда бўлиш жараёнлари бироз қийин кечган. Вақт ўтган сари барибир кўникасиз.

— Германия жамияти бошқа мамлакатлардан хоҳ ўқиш, хоҳ ишлаш учун келганларга қандай муносабатда бўлади?

— Германияни имкониятлар мамлакати, деса бўлади. Бирор касб-ҳунарни эгаллаш учун таълим олмоқчи бўлсангиз, лойиҳаларни ривожлантирмоқчи бўлсангиз ҳам имкониятлар эшигини очиб беради. Жамияти бунга очиқ қарайди. Менинг ННТлардаги биринчи тажрибам бир лойиҳани ишлаб чиқиш бўлган. Икки ёш немис билан стол тенниси ўйнардик. Уларга лойиҳани таклиф қилганман. Кейин улар ташкилотга таклиф қилган. Шу тариқа Европа Иттифоқининг лойиҳалари асосида ишни бошлаганмиз. Шунда тушуниб етганманки, ёш немисларга, ким бўлишидан, ёши, миллатидан қатъи назар, бундай катта имкониятлар берилади, улар ўзлари ҳам изланишади, дунё тажрибасини ўрганишади.

— Иш топишда қийинчиликлар бўлганми?

— Ўзим истаган соҳада иш топиш қийин бўлган. Чунки ўзимни соҳам кам тармоқли ташкилотларда ишлашга мўлжалланган, ҳатто қайси соҳада ишимни давом эттиришга иккиланиб қолгандим. Тасодиф туфайли ННТ лойиҳасида ўзимни синаб кўриб, қизиқдим ва шу йўлда давом этдим. Ўқиш мобайнида “қайси соҳада ўзимни топсам, ривожлансам бўлади” деган фикрлар қийнарди.

— Германияда хориждан келганларга иш топиш масаласи, умуман тизим қанақа?

— Иш топиш, умуман олганда, қийин эмас. Асосий билимлар – компьютер, тилни билса, ҳар хил даражадаги хоҳлаган ишини топса бўлади. Хусусий секторда бўлиши мумкин, стартап бизнесини очиш мумкин. Бундай лойиҳалар қўллаб-қувватланади ҳам. Шахсан ўзимнинг лойиҳам ҳам стартап, тадбиркорликни ривожлантиришга оид эди. Европа Иттифоқининг дастури бўйича 6 та мамлакат билан бирга. Яъни чет элда яшаб, ишлаётган мигрантлар тажрибасини ошириб, ўз соҳасида стартап очишга қаратилганди. “Қандай ривожлантирса бўлади?” деган саволга изланиш олиб борганмиз. Шуни кузатдикки, имкониятлар кенг, асосийси компьютер, тилни билиш керак.

— Имтиёзлар борми?

— Имтиёзлар йўқ. Ҳамма қатори ишлаб, тажриба оширилади. Ўқиган касбида ўзини яхши кўрсатолмаса, ишини давом эттириши қийин.

— Ҳозирда асосий иш фаолиятингиз нимадан иборат? Турли лойиҳаларни амалга оширишингиздан, нодавлат ташкилотларни бошқаришингиздан хабаримиз бор. Шу ҳақда батафсилроқ сўзлаб берсангиз?

— 2016 йили бир немис ҳамкасбимиз билан бирга тренер сифатида ҳам фаолияти юритардик.  У бир куни бизда ННТ бор, жамоаси ҳозир бошқа соҳаларга ўтиб кетган, истасанг ўзингни шу ерда синаб кўр, бошқариб кўр деб таклиф берди. Қизиқдим, бундай имконият ҳар доим ҳам бўлмайди. Озроқ иккиланиш бўлди-ю, лекин, ишлаб кўрса бўлади дедим. Ташкилотни ташкилий жиҳатдан ривожлантириш, яъни лойиҳа ёзиш, фандрейзинг, волонтёрлик дастурлари, халқаро лойиҳаларни режалаштиришни бошладим. Беш йил мобайнида жамоа шаклланиб, ўсди, 12 киши ва 3 нафар халқаро волонтёримиз бор, улар Португалия, Россия, Ирландиядан. Жамао таркиби ҳам турли давлатлардан келган турли соҳа эгалари, Украина, Индонезиядан ҳам бор. Жамоада икки нафар немис бор, қолганлари бари бошқа мамлакатлардан.

— Асосий фаолият йўналишингиз нимадан иборат?

— Ноанъанавий таълим. Умуман, таълим соҳаси Германияда формал, яъни мактаб, университет тизими кучли ривожланган. Лекин инсонларда ноаъанавий таълимга ҳам эҳтиёж бор. Дастурларимизда қатнашган ёшлар айтишадики, маълум бир билим ва тажрибаларни инсонлар билан мулоқот орқали, бошқа усуллар орқали ҳам берса бўлади. Оромгоҳ шаклида ўқув дастурлари тузганмиз. Ёшлар орасида билим алмашинуви. Шундай лойиҳалардан биринчиси, Германия, Россия, Украина ёшларини бир жойга тўплаб, бир ҳафта давомида турли мавзуларда (миграция, таълим, лидерлик) ўйинлар орқали ўзаро билим ва тажриба алмашишларига имкон берганмиз. Асосий лойиҳаларимизни Европа Иттифоқи (Erasmus+), Германия фонди молиялаштиради.

— Фаолиятингиз йўналиши ноодатий таълим йўналишида лойиҳаларни амалга ошириш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган экан. Нима учун айнан фуқаролик жамияти секторини танлагансиз?

— Яхши савол бўлди. ННТ сифатида охирги беш йиллик тажриба шуни кўрсатдики, ноаънавий таълимга қизиққанлар билан ишласак, уларнинг дунёқарашини ўзгача, бошқача. Университетда маълум бир дастурлар олдиндан тузиб келинади, яъни қайси фан қайи усулда ўқитилиши, охирида диссертация ёқланиши аниқ тузилган шакл. Дунёқараш шаклланиши бир йўналишда олиб борилади. Бизнинг лойиҳаларимиз орқали эса ёшлар ўзгача, креатив фикрлаши мумкин. Методикани доим ўзгартириб борамиз. Янгиликлар киритилиб борилади. Ва бу бизга қизиқ. Яқинда икки йиллик Erasmus+ дастури лойиҳасида 5 мамлакат билан лойиҳани якунладик. Рақамли таълим орқали ёзги оромгоҳлар ташкил қилдик, онлайн дастурларни қўлладик. Европадаги мактаблар дастурларига методларимизни таклиф қилдик. Бу бир мисол. Бошқа соҳаларда ҳам шу каби лойиҳаларни ривожлантириб келяпмиз.

— Германияда жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фикри қанчалик аҳамиятга эга? ННТлар қаердан рўйхатдан ўтказилади, уларни ким молиялштириди? Улар ўз харажатлари ҳақида кимга ҳисобот беради?

— ННТлар Германия қонунчилиги асосида кичик жамият сифатида тузилади. Камида 7 кишидан иборат бўлиши керак. Нотариус орқали рўйхатдан ўтиб, ўзининг Низомини яратишади. Молиялаштириш манбалари турли хил. Кўпчилиги донейшн орқали, яъни одамларнинг ўз маблағлари. Ҳомийлар маблағлари билан молиялаштирилади. Биз шу соҳани ривожлантирмоқчимиз деб тарғибот ишларини юргизишади ва ўзлари пул тикишади. Қайсидир соҳалар давлатнинг асосий соҳаларига тўғри келса, давлат маблағ ажратадиган ҳолатлар ҳам бор. Бу асосан ижтимоий йўналишга тўғри келади. Биз халқаро донорлар билан ишлаймиз.

— Хорижий фуқароларни ННТ ташкил қилишга имконияти борми?

— Имконияти бор. Қонунчилик асосида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиши мумкин.

— ННТ томонидан ижтимоий ташаббуслар амалга оширилади. Бу ташаббуслар давлат томонидан қўллаб-қувватланадими?

— Хилма хил, дейиш мумкин, аниқ бир йўналиш йўқ. Германияниннг ўзида федерал ерлар 16 та. Улар аслида бир-биридан мустақил. Молиялаштириш приоритетлари фарқ қилади. ННТлар ҳар бир ҳудудда мақсадларини амалга ошириши мумкин. Шунга қараб молиялаштирилади. Мисол учун, аҳоли мигрантлардан иборат бўлган ҳудудларда мигрантларга мўлжалланган лойиҳа бўлади. Қайсидир ҳудудда таълим соҳасини ривожлантиришга талаб катта бўлса, таълимга оид лойиҳалар. Мен яшайдиган Эрдфурд шаҳрида асосан тадбиркорликка қизиқиш катта. Тюрингем федерал тузилмаси пойтахти. 2 млнга яқин аҳоли яшайди. Тошкентнинг ярми дегандек гап. Ўзига яраша муаммолари бор: аҳолининг кўчиши, урбанизация жуда юқори. Шу боис ёшларнинг кўчиши кузатиб борилади, қандай қилиб катта шаҳарларга (Берлин, Франкфурт)га кўчиш кўпайишининг олдини олиш мумкин каби масалаларда бош қотиришади. Федерал вазирликлар кўмаги билан ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, кўчиб кетган ёшларни жалб қилиш бўйича лойиҳамизни амалга оширяпмиз.

— Ижтимоий тармоқда ёзган экансиз: Шаҳар бу – бинолар, уйлар, кўчалардан иборат эмас, балки у одамлар ва атмосфера ҳамдир. Бу урбанизацияга оид лойиҳалардан келиб чиқиб айтилган фикрми? Шу маънода Ўзбекистондаги вазиятни баҳолаб кўрганмисиз? Шаҳарларимизда урбанизация жараёни қанақа? Хулосаларингиз борми?

— Албатта. Маҳаллий шароитларни яхшилаш лойиҳасини Ўзбекистонга олиб келишдан мақсад ҳам шу. Ўзим Тошкентда туғилиб катта бўлганман. 2011 йилгача яшаб, ишлаб, тажриба оширганганман. Ўшанда кузатиб борардим: шаҳар ривожланиши жуда ҳам тез. Бир йил келган одам айрим жойларни танимай қоляпти. Ўзгариб кетяпти. Бу табиий. Лекин шу шаҳарда яшаётган одамларга бу ўзгаришлар қанчалик қулай? Шаҳар инфратузилмаси одамлар учун қулайми? Яшаб турган жойига инсонларнинг қанчалик боғлиқлиги бор? Шу саволларни ўзимга кўп бераман. Чунки урбанизация, активизм одамларнинг яшаб турган жойига, шаҳрига бефарқлигини йўқотиш, уларга қандай боғлиқлигини пайдо қилишдир. “Ҳа бу шаҳар меники, мен ҳам шаҳримни ривожлантиришга, бирор жойи яхши томонга ўзгаришига ҳиссамни қўшишим керак” деган мақсадда бошланади. Лойиҳамизда Ўзбекистоннинг кичик шаҳарларини – Урганч, Фарғона, Чирчиқ танлаб олинди. Бу шаҳарларда ҳам фаол инсонлар кўп. Уларда ниманидир яхши томонга ўзгартириш фикри бўлади. Масалан, ҳар куни автобус бекатидан фойдаланадиган одамда “шуни бошқача қилса бўларди” деган фикр, албатта бўлади. Қурилиш ишлари шиддат билан кетаётган пайтда инсонлар фикрини инобатга олиш ҳар доим ҳам бўлмайди. Биз экспертлар билан ишлаганимизда, уларнинг тажрибасида одамлар билан бирга лойиҳалаштириш бор. Бамаслаҳат қурилса, болалар майдончасими, боғми, одамларнинг шу ерга боғлиқлиги бўлади, ғамхўрлиги ошади, беэътибор бўлмайди. “Бу жой маники, қурилишида ўзим қатнашганман” дейди. Лекин, тан олиш керак, шаҳарларда айниқса, беэътиборлик кўпроқ. Лойиҳалар орқали жалб қилиш самарали бўлади, деб ўйлаймиз. Кичик шаҳарларда ҳам одамлар алоқа қиладиган жойлар кам бўлади. Баъзиларида болалар оромгоҳлари бўлади, лекин уларда одамлар қанчалик тўпланиб суҳбатлашиб ўтиради? Ота-оналар болалари билан ўйнайдими? Бу ҳам муҳим. Урбанизация термини шаҳар ривожланишини англатади. Лойиҳамиз шаҳардаги фаоллар билан маҳаллий шароитларни ривожлантиришга қаратилган. Мақсад – қатнашчилар тажриба орттириб, яшовчилар билан, ҳокимлик, тадбиркорлар билан диалогга киришиш, мулоқот ўрнатиш қобилиятига эга бўлиши керак.

— Ҳозирда Ўзбекистонда “Маҳаллий шароитларни яхшилашда фаоллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга оширяпсиз. Лойиҳа қайси босқичда?

— Март ойида бошлаган бўлсак, дастлаб 15 та иштирокчини қабул қилдик. Россиялик, германиялик экспертлар билан биргаликда биринчи тренингларни ўтказдик. Қатнашчиларга ноаънавий тарзда маълум бир ҳудудни (Фарғона) кейс сифатида олиб, “шу ерда биринчи тўрт куни нима қилсак бўлади” деб, хориж тажрибасини ўртоқлашдик. Диалогни қандай қилиб яратиш бўйича ахборот бердик. Диалог орқали маҳаллада лойиҳалар қилиниб, унга одамларнинг ўзи ҳисса қўшиши керак. Мақсадимиз – натижага эришиш эмас, муҳими, лойиҳанинг жараёни, одамлар ўртасидаги ўзаро алоқа, бир-бири билан келишиб ишлаши. Улар орасида талаба, ўқитувчи, маҳалла раислари, волонётралар, умуман турли касб эгалари бор. Қанчалик тез мулоқотга киришилса, шунга қараб натижа бўлади.

— Бу лойиҳа бошқа давлатда ҳам амалга оширилганми?

— Илк лойиҳа Европа мамлакатларида, Франция, Данияда бошланган. 2016 йилда “Шаҳар мулоқотда” (“Город в диалоге”) лойиҳасини  Россияда амалга оширдик. Турли шаҳарлардан ёш, фаол урбанистларни тўпладик, Германия тажрибасини кўрсатдик. Улар тушуниб етишдики, ўзи яшаб турган ҳудудни ўзгартиришга имокниятлар бор, ҳатто тажрибалар ўтказишди. Масалан, Санкт-Петербургда ташландиқ жойларни кўзлаб, қандай қилиб одамларга фойдали масканга айлантириш мумкинлиги ҳақида ўйладик. Бу интервенция дейилади. Аввал одамларини чақирди, бир пиёла чой берди, мулоқот қилди, фикрини билди. Кейин шунга қараб лойиҳа қилди.

— Бирор натижага эришилдими?

— Асосий тажриба – улар бошқа шаҳарларда ҳозир йирик лойиҳалар билан ишлашади. Гуруҳда ҳамма ҳам буни қабул қилолмаслиги мумкин, кимдир менга ҳали эрта ёки бу йўналишда ишлашим қийин, дейиши мумкин. Лекин кўпчилиги бу соҳа менга қизиқ, ривожлана оламан, деб атрофига ёш жамоаларни тузиб, мисол учун, яшаб турган шаҳрида федерал тизимлар орқали қурилиш жамоасида ишлашади. Бунга “Проектная группа-8” жамоасини мисол қилиб айтишим мумкин. Россия бўйлаб ёш архитекторлар бизнинг лойиҳалар орқали ривожланиб, ҳамкорлик қилиб келишади, ҳатто уларни эксперт сифатида ҳам чақириб турамиз. Йирик лойиҳаларда бу тажриба жуда муҳим, чунки ўзи синаб кўрмаса, бошқа лойиҳаларга маслаҳат бериш қийин.

— Лойиҳа доирасида Фарғонада бўлдингиз. Ўша ерлик аҳоли билан кўришдингиз, гаплашдингиз. Улар ҳудудида ўзгаришлар, янгиликлар қилишга тайёрми?

— Ҳа, хоҳиши катта. Суҳбатлашиб билдимки, улар ўзи яшаб турган жойини, одамларини яхши кўришади. Уларда озгина ташаббус пайдо қилолсак, имкониятлари кенг. Фарғонада лойиҳага жалб қилинган одамларнинг ўзаро муносабатлари яхши эди, лойиҳаларни биргаликда тақдимот қилганда ҳам келишиб ишлашди. Эксперимент сифатида кўп қаватли уй ҳудудидаги бўш майдончани кичкина ҳашар қилиш билан тозалашни таклиф қилишди.

— Демак, яхши томонга ўзгаришни хоҳлашади...

— Албатта. Менимча, Ўзбекистон бўйича ҳар бир инсон: “мен яшаб турган жойимни яхшилайман” деб айтиши мумкин.

— Баъзан эътиборсизлик ҳам бор-да...

— Эътиборсизлик бу – кўпроқ ёмон шароитларни кўравергандан бўлади, бунда одам пассивлашиб боради. Атрофида дам олиш учун жой бўлмаса, доим салбий фикрларда бўлаверса, “бу ерда яшаш қийин, қўшнилар билан гаплашиб бўлмайди, хеч ким атрофини тозаламайди”, деювчи инсонлар ҳам кўп. Бу табиий ҳол, менимча. Лекин ижобий нуқтаи назардан қараса, уларга озгина туртки берилса, одамлар фикрини тез ўзгартиради. Ўша ҳашар қилишганда ҳовлида яшовчилар, ёши катта аёллар ҳам чиқиб, супуришга тушди. “Қўяверинг” десак ҳам, йўқ, мен шу жойда яшайман,  тозалашим керак, дейишди. Афсуски, мулоқотни яратиш осон эмас, дейлик ҳокимият келиб “бу ерда бошқа лойиҳа қилинади” деса, одамлар тушкунлиика тушади. Шунда “яна нима қилсак бўлади”, деб ўзаро маслаҳатлашиш керак. Ҳаммани қарашлари, мақсадлари хар хил. Битта фикрга келиш қийин. Биз майдончага ўриндиқлар ўрнатиб кетгандик. Эртасига иккитасини олиб ташлашибди. Сабабини сўрасак, қарияларга болалар шовқини халақит қилибди. Ваҳоланки, ўша жойда болаларга бу ўриндиқлар керак эди, улар бошқа маҳаллага бориб ўйнашаркан. Иссиқ кунларда мошиналар билан болалар соя жойни талашишади. Мошина эгаси ҳам мошинасини сояга қўйгиси, болалар сояда ўйнагиси келади. Мана шунақа кичкина факторлар мулоқот яратишга асос бўлади. Айрим ёш оилаларни ҳашарга қўшилишга чақирсак, “йўқ биз бу ерда 2-3 ой вақтинчалик яшаймиз, кетамиз” дейишди. Вақтинчалик яшаса ҳам шу жойни ободлигига ҳисса қўшса нима бўлади? Агар буни таҳлил қилсак, ўша вақтинча яшаган жойида ҳам нимадир қилган одам бошқа доимий яшайдиган жойида ҳам қилади. Янада яхшилаши мумкин. Ҳаммасига ижобий ёндашув керак.

— Лойиҳангизни амалга ошириш учун нега айнан Ўзбекистонни танладингиз? Жамоангиз бунга қанчалик хайрихоҳ?

— Яхши савол бўлди. Аслида Ўзбекистонга бир неча йилдан бери бирор нима қилишга ҳаракат қилардик. Биринчидан, шу ерда катта бўлганман, бу ердаги ННТлар билан алоқаларимиз бор эди, имкониятларини билардик, биргаликда лойиҳа қилишни ўйлаб келардик. Иккинчидан, экспертларимиз учун ҳам Ўзбекистон қулай бўлди. Мулоқот тили, шаҳар тузилмаси, планлаштирилиши ўхшаш.

— Халқаро ташкилотларда карьера қилмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардиз? Улар нималарни билиши керак?

— Халқаро ташкилотларда ҳамма ишлагиси келади. Бу нуфуз, дунё тажрибасини ўрганиш имконияти. Худди шу саволни германиялик профессорга берганимда: “Ишлашинг мумкин, лекин ҳаётинг зерикарли ўтади, ҳозир ёшликда куч-қувват борида шундай лойиҳалар қилгинки, бир умр эслаб юргин” деб маслаҳат берганди. Бошида ҳайрон бўлганман, лекин университетдан кейин ННТларда ишлаб кўриб тушундим. Тўғри, ҳозир ёшликда фаол, шижоат билан лойиҳалар қилиш, дунё кезиш, бошқа ташкилотлар билан фикр алмашиниш имконияти катта экан. Ёшларга маслаҳатим – карьерани бошлашда ННТларда кичик лойиҳаларни амалга ошириб кўринг, янги йўналишларни очинг, ҳар соҳада ўзининг янгиликлари бўлади, синаб кўриш мумкин. Катта ташкилотларида бундай имконият, ишлаш учун эркинлик кўп эмас. Катта-катта форумлар қилардик, галстукларда борардик, қоғозда чиройли гаплар ёзардик, лекин катта ўзгаришлар қилолмайсиз. У сизга боғлиқ бўлмайди-да. ННТлар эса очиқ горизонт.

— Ўзбекистонда қанча вақт бўлмадингиз ва қандай ўзгаришларни кўрдингиз?

— Йилда бир марта келиб туришга ҳаракат қиламан. Бу ерда дўстларим, танишларим бор. Янгиликлар орқали ўзгаришларни кузатиб бораман. Ўзгаришлар катта ва тез. Ҳар йили келганимда манзилда адашаман. Имкониятларни ҳис қиламан. Яна нима иш қилсак бўлади, дейман. Бу жиҳатдан жуда хурсандман.

— Яқин йилларда қайси соҳада ўзгаришлар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Таълим. Барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан таълим жуда муҳим. Кимдир қўшилар, кимдир қўшилмас. Германия тажрибасида кўраман, мактаб ўқитувчиларини жуда қадрлашади. Солиштирсам, бизда иш ҳажми, юкламалари кўп. Асосий вазифаси таълим беришдан кўра ортиқча вазифалари кўп. Мамлакатни кейинги 20-30 йиллик ривожланишини белгилаб берувчи соҳа бу – таълим. Ноодатий таълимни ҳам ривожлантириш керак. Мактабда, университетда болалардан форма эмас, билим талаб қилиш муҳимроқ...

Блиц саволлар:

— Бахт сиз учун нима?

— Тинчлик. Тотувлик.

— Камчилигингиз?

— Кўп иккиланаман. Битта мавзу атрофида кўп ўйланаман, бир қарорга келишим қийин.

— Қандай қобилиятга эга бўлишни истардингиз?

— Бир ҳамкасбимни кузатаман. Инсонлар билан мулоқотга енгил киришади. Мандам шу қобилиятни ривожлантира олсам эди, дейман.

— Германия бўлмаганда қайси мамлакатни танлардингиз?

— Аслида ўқишга ҳужжат топширганимда аввал Янги Зеландияга, кейин Германияга топширгандим. Қизиқишим катта эди. Лекин Германиядаги университет жавоб хатини эртароқ юборган. Янги Зеландия узоқ, дунёнинг бошқа чеккаси. У ерга кетганимда, балки юртимга кам келардим. Германия бўлганига ҳам хурсандман, йўллар анча қисқа.

— Севимли таом?

— Палов.

— Ўзингиз таом тайёрлайсизми?

— Ош тайёрлайман.

— Вақт ажратиб, келганингиз учун раҳмат!

— Соғ бўлинглар!